Линклар

Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари “Ўш қирғинини ўзбеклар бошлаган эмас, бу фожеанинг ҳақиқий айбдорлари аниқланиши шарт”, деб баёнот бергани учун Ўш қирғинини ўрганган миллий комиссия раис ўринбосари Бахтиёр Фаттоҳовни жавобгарликка тортишни талаб қилишмоқда.

19 январ куни қирғиз парламентида Ўш қирғинини ўрганган миллий мустақил комиссия раис ўринбосари Бахтиёр Фаттоҳов комиссиянинг депутатларга берган маълумотларига тўла қўшила олмаслигини билдирди.

Бахтиёр Фаттоҳов комиссия раиси Абдуғани Эркабоевнинг “Ўш қирғини ўзбек ёшлари томонидан бошланган”, деган баёнотига қарши эканини айтди. Фаттоҳовга кўра, Ўш қирғинини ўзбеклар зиммасига юклаш билан фожеанинг ҳақиқий ташкилотчилари аниқланмасдан ва жавобгарликка тортилмасдан қолаётир.

Бундан аввалроқ Бахтиёр Фаттоҳов бу борада Озодлик радиосига берган суҳбатида ҳам айтиб ўтган эди.

- Бахтга қарши, маҳаллий ҳокимият тузилмалари криминал гуруҳлар билан бирлашиб кетган ва миллий муаммолардан мана шу криминал гуруҳлар манфаати учун фойдаланилди. Ўш фожеаси аслида қора жип машиналарида келган номаълум одамлар томонидан ўзбек ёшлари ўлдирилиши билан бошланди. Миллий сиёсатнинг давлат миқёсида яхши олиб борилмагани ва ҳуқуқ-тартибот ҳамда ҳукумат тузилмаларида ўзбеклар вакилларининг озайиб кетгани ҳам фожеа сабабларидан бири бўлган, - деган эди Бахтиёр Фаттоҳов.

19 январ куни парламентда қилган чиқишида ҳам Бахтиёр Фаттоҳов мана шу фикрни такрорлади. Айрим депутатлар бу фикрни “Ўш қирғинининг ҳақиқий айбдорларини ҳимоя қилиш” сифатида баҳоладилар.

Масалан, депутат Қамчибек Ташиев Бахтиёр Фаттоҳовни “Ўш қирғини кунлари шаҳар комендантининг ўринбосари сифатида йиғилишларда қатнашгани ва бу йиғилиш натижаларини қирғинни бошлаган ўзбекларга етказиб турганлик”да, айни пайтда ҳам “террорчи, айирмачи, қотил бўлган ўзбекларни ҳимоя қилаётганлик”да айблади.

Депутат Галина Скрипкина эса Ўш қирғинини ўрганган мустақил миллий комиссия хулосасига қўшилмаслигини ва бу ҳисобот бир томонлама эканини айтиб ўтди.

Айни пайтда миллий комиссия раиси Абдуғани Эркабоев Ўш қирғинида қирғиз ҳукуматининг ҳам айби бор эканини таъкидлади.

- Ҳукумат лавозимига келдингми, ўша ондан бошлаб жавобгарлик, масъулият ҳақида ўйланиш лозим. Ўшда бўлиб ўтган воқеада, албатта, қирғиз ҳукуматининг ҳам айби бор. Ҳукумат лавозимларидаги бир қатор шахслар сиёсий жавобгарликка тортилиши керак ва бу ҳақда биз президентга ҳам махсус таклиф киритганмиз, - деди Абдуғани Эркабоев.

Миллий комиссия ҳисоботи муҳокамасига Қирғизистон Бош прокурори Қубатбек Байболов ҳам таклиф қилинган эди. Қизиғи шундаки, Бош прокурор миллий комиссия хулосасига қисман зид келувчи баёнот берди.

Байболовнинг айтишича, Ўш ва Жалолобод қирғини ҳокимият учун курашнинг асосий пишанги бўлган.

Бош прокурор Ўш қирғини учинчи кучлар ва ҳокимият талашаётган шахслар томонидан уюштирилганини алоҳида таъкидлади.

Қубатбек Байболов фикрича, агар Қирғизистонда ҳокимият барча сиёсий кучлар ва элита ўртасида пропорционал тарзда тақсимланмас экан, Ўш қирғинининг такрорланиш хавфи сақланиб қолаверади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG