Линклар

Удмуртия депутатлари Собир Раҳимов ҳайкалини тикламоқчи


Удмуртиялик либерал-демократлар Собир Раҳимов ҳайкалини Ўзбекистондан келтириш ҳаражатлари учун пул тўплаётганини айтмоқда.

Удмуртиялик либерал-демократлар Собир Раҳимов ҳайкалини Ўзбекистондан келтириш ҳаражатлари учун пул тўплаётганини айтмоқда.

Удмуртия Республикаси Либерал-демократик партияси раҳбарияти Ўзбекистонда демонтаж қилинган биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳайкалини ўзларида ўрнатиш таклифи билан партия етакчиси Владимир Жириновскийга мурожаат қилди. Жириновскийга йўлланган мурожаатномага Удмуртия парламентининг кўплаб депутатлари ва партия намояндалари имзо чекди.

“Бу билан биз собиқ Совет республикаларида немис-фашист босқинчиларига қарши курашган ва жонини фидо қилган буюк шахслар тарихи одамлар хотирасидан ўчирилишига қарши эканимизни билдирмоқчимиз”, дейди Озодликка ЛДПРнинг Удмуртиядаги раҳбарларидан бири, Ижевск шаҳар Думаси депутати Сергей Бродовский.

- Биз бу ҳақдаги маълумотни сайтдан олдик ва ўзаро келишиб, бундай инсонларни эсдан чиқариб бўлмайди, деган хулосага келдик. Шундай ташаббус билан марказимизга мурожаат қилдик. Собир Раҳимов ҳайкалини ўзимизда қайта тиклаш ташаббуси ЛДПР партиясига тегишли. Охирги пайтларда Совет даврида қурилган тарихий обидаларни бузиб ташлаш айрим республикаларда “мода”га кирди,- дейди Сергей Бродовский.



Унинг айтишича, бундай қахрамонларнинг тарихи ва хотираси сиёсий ғоялардан мутлақо айро бўлилиши ва ёшларга ўрнак вазифасини бажариши керак.

ЛДПР вакили Сергей Бродовский ўз етакчилари Владимир Жириновскийга юборган таклифлари унинг томонидан қўллаб қувватланишига шубҳа қилмаслигини ҳам қўшимча қилди.


- Менимча, ҳа. Чунки Владимир Вольфович бу масалага айнан биздек муносабатда эканини биламиз. Унга мурожаат қилганимизнинг сабаби, бу масалани унинг миқёсида ҳал этиш анча осонроқ бўлади. Қолаверса, унинг қаерда ўрнатилишини ҳам марказий аппаратимиз ҳал этади. Лекин биз Собир Раҳимов ҳайкали ўзимизда, Ижевскда, ёки жуда бўлмаганда Москва каби марказий шаҳарларидан бирида ўрнатилишини хоҳлар эдик. Бунинг учун бутун Россия бўйлаб пул йиғиш акциясини уюштиришни режалаштирдик,- дейди ўзбек генералининг ҳайкалини Россияда ўрнатишга уринаётган ЛДПР аъзоси Сергей Бродовский.

Ўзбекистон расмийлари демонтаж қилинган Собир Раҳимов ҳайкалини Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Ғофур Ғулом паркига кўчиришга қарор қилгани айтилди. Депутат Бордовский бундан бехабар эканини таъкидлади ва “Улар бундай монументларни шунчаки четроқ, кўзга кўринмайдиганроқ жойларга суриб ташламоқда”, дея эътироз билдирди.

Совет Иттифоқи Қаҳрамони генерал-майор Собир Раҳимов хотирасига 1981 йилда ўрнатилган ҳайкалнинг олиб ташланиши Россия жамоатчилигининг эътиборини ўзига тортди. Бу ҳодиса ҳақида мамлакатнинг деярли барча йирик матбуот ва Интернет нашрларида хабар қилинди.

Тошкентдаги Собир Раҳимов ҳайкали олинишига ўз норозилигини билдирган яна бир ташкилот - “Наши” Ёшлар демократик антифашист ҳаракатидир. Жорий йилнинг 14 январ куни "Наши" ёшлар ҳаракати Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида норозилик уюштирди.

Айнан шу ҳаракат роппа-роса бир йил олдин Тошкентдаги Совет аскари ҳайкалининг олиб ташланишига қарши Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказган эди.

Норозилик пикети ташкилотчиларидан бири, “Наши” ҳаракатининг Федерал коммисари Мария Кислицина Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон раҳбариятининг Совет даври обидаларига қарши олиб бораётган курашига бундай муносабат билдирди.


- Бу ҳаракатларнинг асосий моҳияти – Иккинчи Жаҳон урушидаги қаҳрамонликларни Ўзбекистонда яшаётган одамлар хотирасидан ўчириш. Лекин бизга шу ерда меҳнат қилаётган оддий ўзбеклар жавоб берди. Улар ҳайкалнинг кўчирилишига мутлақо қарши эканликларини гапирди. Биз ҳозирда бу воқеага ҳақида бир нечта филм яратдик. Бунинг учун фаолларимиздан бири махсус Тошкентга бориб келди. Бу ва урушда иштирок этган ветеранлар ҳақидаги бошқа филмларимизни биз ўзбек, грузин ва прибалтика мамлакатлари тилига таржима қилмоқдамиз. Тарихий хотирамиз ўчирилишига қарши курашимиз эса давом этади,- деди “Наши” ҳаракатининг Федерал коммисари Мария Кислицина.

2007 йилнинг апрел ойида Эстония пойтахти Таллинндаги Бронза солдат - Халоскор-жангчи ҳайкалининг олиниши мамлакатда оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарган эди. Натижада, Бронза солдат монументи Таллинн ҳарбий қабристонидан жой олди.

2009 йилнинг 19 декабрида Грузиянинг Кутаиси шаҳрида 1981 йилда тикланган “Жанговар Шуҳрат Мемориали” вайрон қилинди. Бунга жавобан Россия Бош вазири Владимир Путин ташаббуси билан 2010 йилнинг декабрида Москванинг Поклонная хотира майдонида Кутаисида портлатилган тарихий обиданинг айни нусхаси қад кўтарди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG