Линклар

logo-print

Ўзбекистон Ҳарбий суди мамлакат армиясида 40 йил хизмат қилган, 2003 йилда истеъфога чиққач, Россиянинг Свердловск вилоятига кўчиб кетиб, Россия фуқаролигини олган 63 яшар собиқ полковник фуқароси Юрий Корепановни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди.


Бир нечта хабар агентликлари тарқатган хабарга кўра, собиқ полковник Корепанов устидан ҳукм 2011 йилнинг 11 январ куни чиқарилган.
Собиқ полковник чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик ва ватанга хоинлик қилишда айбдор деб топилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Ҳарбий суди мутасаддиси Озодликнинг Россия фуқароси Корепановнинг тақдирига оид саволларини жавобсиз қолдирди.

Маълум бўлишича, Корепановни 2010 йилнинг 30 октябр куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари поезддан тушириб қолганлар ва шундан бери уни МХХ тергов ҳибсхонасида сақлаб келганлар.

Хабар агентликларининг собиқ полковник қариндошларига таяниб хабар қилишича, Юрий Корепанов Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида узоқ муддат ишлаган, истеъфога кетишидан аввал эса у Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги институтида ҳарбий кафедрани бошқарган.

Истеъфога чиққач, 2003 йилда Корепанов Россиянинг Свердловск вилоятига кўчиб кетиб, фуқаролигини ўзгартирган ва Россия паспортини олган. Бу ерда у “Водоканал”да назорат хизмати бошлиғи бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон расмийларидан бирор маълумот олишнинг иложи бўлмагани боис Корепановнинг қайси ҳаракатлари ватанга хоинлик қилиш деб таснифланаётгани номаълум.

Ўзбекистонда фуқароликдан воз кечиш тартибининг ўзига яраша мураккабликлари бор ва бу анча вақт талаб қиладиган жараён. Корепановнинг қариндошларига кўра, у ана шу тартибга риоя қилмагани учун жавобгарликка тортилган.

Лекин Ўзбекистон жиноят кодексида фуқаролигидан тегишли тарзда воз кечмаслик ҳақидаги моддани топа олмадик. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонуннинг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмайди.

Лекин, Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар Ўзбекистон паспортини топширмасдан бошқа фуқароликни олишни ватан хоинлиги деб таснифлаш куракда турмайдиган гап деди.

Хўш, 63 яшар Ўзбекистон армиясининг собиқ полковниги, ҳарбий хизматининг асосий қисми собиқ Совет даврига тўғри келган Корепанов Ўзбекистон зарарига жосуслик қилдими бўлмаса? У потенциал жосус бўлиши мумкинми?

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр, Россия махсус хизматлари Ўзбекистон армияси сирларини билмоқчи бўлса, уларда кекса полковникни ишга солишдан самаралироқ усуллари ва ишончлироқ манбалари жуда кўп дейди. Бундан ташқари, дейди таҳлилчи, Корепанов Ўзбекистон давлат сирларини билган ва миллий хавфсизликка путур етказиши эҳтимоллари бўлган тақдирда ҳам, у белгиланган тартибга кўра, 2003 йилда Ўзбекистондан чиқарилмаслиги лозим эди.

- Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатларида мантиқ топиш ҳар доим ҳам қийин бўлган. Чунки бу мамлакат ҳукмдори Ислом Каримов, маълум маънода, таъқиб васвасасига тушиб қолгани ҳаммага маълум. У ҳамма жойда фитна ва душманларни қидиришга уринади, чегараларни миналайди. Шунинг учун бу полковникнинг қамалишини мантиқан тушунтириш жуда қийин. У нима билан шуғулланганини билмайман, балки кимдир унинг устидан чақимчилик қилгандир, буниси мен учун қоронғу. Лекин Ўзбекистон ҳарбий судининг ҳукми мантиққа тўғри келмаслигидан ҳайрон қолиш керак эмас. Чунки Ўзбекистонда кўп нарсани мантиқ билан англаб бўлмайди,- дейди москвалик ҳарйбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.

Маълум бўлишича, Юрий Корепановнинг Тошкентда ўғли ва бошқа қариндошлари қолган. Уларни кўргани келган 63 ёшли собиқ полковник ўтган йилнинг 30 октябр куни Свердловскка қайтаётган пайтда, тунги соат учларда ўзбек-қозоқ чегарасида форма кийган икки киши келиб, ҳеч қандай тушунтиришсиз уни ҳибсга олган.

Корепановнинг Тошкентдаги қариндошлари бир неча кунлик уринишдан кейин полковник МХХ тергов ҳибсхонасида эканини аниқлашган.

Корепановнинг қариндошлари бу борада Екатеринбург Ташқи ишлар вазирлиги ва Омбудсманига мурожаат қилганлар, Россия Президенти Дмитрий Медведев, Бош вазир Владимир Путин ва бошқа расмийларга хат йўллаганлар.

Фарғона.ру агентлигига кўра, Россия Давлат Думаси депутати “Справедливая Россия” партияси вакили Александр Бурков Корепановнинг қамалиши юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаатнома йўллаш ташаббуси билан чиққан.
XS
SM
MD
LG