Линклар

"Нексия" ва "Матиз"лар нега сотувга чиқмай қолди?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Нексия ва Матиз машиналари МДҲ мамлакатларида бемалол сотилмоқда, лекин ўзбекистонликлар учун "фонд йўқ."

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Нексия ва Матиз машиналари МДҲ мамлакатларида бемалол сотилмоқда, лекин ўзбекистонликлар учун "фонд йўқ."

GM-Ўзбекистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган “Нексия” ва “Матиз” русумли автомобиллар тўрт ойдан буён автомобил дўконларида сотувда йўқ. Ўзбекистонликлар ўзларида ишлаб чиқарилган автомобилларни валютага ҳам, миллий сўмга ҳам сотиб олиш имконияти йўқлигидан шикоят қилмоқдалар.


Ўзбекистондаги автомобил дўконларида “Нексия” ва “Матиз” русумли автомобилларнинг сотилмай қўйилгани ҳақида Озодликка самарқандлик тингловчи Сафарали хабар қилган эди:

- Мана биласиз, Ўзбекистонда 1996 йилдан бери автомобил ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон жаҳонда автомобил ишлаб чиқарадиган 28-давлат бўлди. Ҳозир октябр, ноябр, декабр, январ ойларидан бери машина сотмаяпти ҳам, автомашинага пул ҳам олмаяпти, бирорта автотеххизматда машина йўқ.

Эпика, Каптива, Ласетти валютага бор, лекин Матиз дейсизми, Нексия дейсизми на сўмга, на валютага бир дона ҳам сотувда йўқ. Республика бўйича йўқ. Андижонда ишлаб чиқараяпти. Хоҳланг Қорақалпоғистондан сўранг, хоҳланг Сурхондарë, хоҳланг Самарқанд, хоҳланг Бухоро, хоҳланг Тошкентдаги автомобил ишлаб чиқарадиганларнинг 10та дилерлари борку, сўраб кўринг, бирортасида ҳам "Нексия" ва "Матиз" йўқ,- дейди самарқандлик Сафарали.

Суҳбатдош бу муаммо билан “Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик ширкати ва GM-Ўзбекистон қўшма корхонасига такрор-такрор мурожаат қилганини ҳам айтади:

- Тўрт ойдан бери мурожаат қилаяпман. Бизга у ëқдан фонд бермаяпти, дейди. GM, Ўзавтотсаноат, Саноат вазирлигига ҳам бир неча марта телефон қилаяпман. Ҳали бизда фонд йўқ, дейди. Вазирликка фондни ким беради? Вазирликнинг ўзи “Бизда фонд йўқ. Шунинг учун биз бера олмаяпмиз, сота олмаяпмиз” дейди. Улар саноат вазирлиги бўлса, автомобил ишлаб чиқарсаю, ўзларига ўзлари фонд берадими?

Мана Москвага боринг. Хоҳлаганча турибди. Мана Киевга боринг турибди. Чет элда ўзларида ишлаб чиқарилган машиналар бемалол сотиляпти, ўзининг валютасида. Бизда эса 4 ойдан бери ўзимизнинг сўмда ҳам, валютада ҳам йўқ,- дейди Сафарали.

Озодлик суҳбатда бўлган Ўзбекистондаги автомобил сотиш дўконлари хизматчилари ҳам 3-4 ойдан буён айнан “Нексия” ва “Матиз” русумли автомобиллар сотувда йўқлигини тасдиқлади.

“Тошкент” очиқ акциядорлик жамиятига қарашли автодўкон хизматчисига кўра, бу турдаги автомобилларни сотувга чиқарилмай қўйилганига анча бўлган:

- Бизда ўтган йилнинг охирларидан бошлаб "Нексия" ва "Матиз"лар сотилмаяпти. Фонд йўқ дейишяпти,- дейди автодўкон хизматчиси.

“Асака-автосавдо” очиқ ҳиссадорлик жамияти мулозимига кўра, “Нексия” ва “Матиз” автомашиналари март ойида сотувга чиқиши мумкин:

Озодлик: Битта нарсани сўрамоқчи эдим. Сотувда Нексия, Матизлар борми?

- Йўқ ҳозир ака. Йўқ, улардан, йўқ ҳозир.

Озодлик: Нимага?

- Чунки уларга ҳозир фонд оз берилганда. Завод ишчиларни январ, феврал ойининг фондидан тўлатиб қўйган. Чиқса, шуларга беришимиз керак.

Озодлик: Йўқ бўлганига уч-тўрт ой бўлди дейишаяпти.

- Ҳа.

Озодлик: Қачон эркин сотувга чиқади?

- Худо хоҳласа, март ойидан хабар олиб кўрасизда ака,- дейди “Асака-автосавдо” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг исмини ошкор этмаган мулозими.

GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси навбатчи операторининг Озодликка айтишича, “Нексия” ва “Матиз” автомашиналарининг сотувда йўқлигига иккита сабаб бор. Биринчиси, ички бозор учун ажратилган фонд сотиб бўлингани ва иккинчи сабаб:

- Ҳозир завод профилактикада. 20 январдан кейин ишга тушади. Ўшанда январ охири, феврал бошида фонд ажратилади.

Озодлик: Ҳозир пул топшириб қўйиб, кейин олса бўладими?

- Ҳозир пул топширишга рухсат берилмаган. Чунки автосалонлар бир ойда қанча машина сотиши мумкинлигини билмайди. Шунинг учун ҳам пул қабул қила олмайди,- дейди GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси навбатчи оператори.

Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган автомобиллар ўзбекистонликларнинг ўзига етмай турган бир пайтда, GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси хорижга экспортни ошиғи билан уддаламоқда.

Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқарувчилари Россия бозорида ўтган йили сотув кўлами бўйича ўнинчи ўринни эгаллади. Россияда энг кўп сотилган автомобиллар орасида “Нексия” саккизинчи ўринда турибди. REGNUM ахборот агентлиги хабарига кўра, ўтган йилда яқин 44 мингта “Нексия” сотилди ва бу 2009 йилга нисбатан 56 фоизга кўп.

Бироқ, Россияда сотилаётган «Нексия»лар Ўзбекистоннинг ички бозорида сотилаётган шу русумдаги автомобиллардан анча арзон эканлиги айтилади.
GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси 2010 йилда ички бозорда 143 мингта турли русумдаги автомобиллар сотган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG