Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги турк бизнеси яна босимда қолди


Тошкент Халқаро мактаби таъсисчилари молиячиси саналмиш Фатҳуллоҳ Гуленнинг дунë бўйлаб¸ хусусан АҚШ да кўплаб лицей ва мактаблари фаолият юрғизмоқда.

Тошкент Халқаро мактаби таъсисчилари молиячиси саналмиш Фатҳуллоҳ Гуленнинг дунë бўйлаб¸ хусусан АҚШ да кўплаб лицей ва мактаблари фаолият юрғизмоқда.

19 январ куни Туркиянинг Силм маориф корпорацияси Ўзбекистонда қолган сўнгги бизнесини ташлаб чиқишга мажбур бўлганини эълон қилди.

Корпорация¸ Тошкент ҳукуматининг муттасил босимига ортиқ дош бера олмай¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб келган Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактаби фаолиятини тўхтатгани ҳақида баëнот тарқатди.

Тошкентнинг Усмон Носир кўчасида жойлашган Улуғбек мактаби 1995 йилда очилган ва мактабга эгалик ҳаққинининг 60 фоизи Туркияга қарашли Силм корпорацияси¸ қолган 40 фоизи эса¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли эди.

Фатҳуллоҳ Гуланнинг Ўзбекистондаги сўнгги истеҳкоми

90-йилларда Туркия ҳукуматининг туркий тилли мамлакатлар бўйича давлат вазири сифатида Силм корпорациясининг мустақил Ўзбекистонда фаолият бошлаганини бевосита кузатган Аҳад Андижон¸ бу ҳамкорликнинг қандай бошланганини яхши билади.

- Бунинг ҳақиқий номи ЎзСилм дегани. Ўзбекистон Силм маъносига келадиган шаклда чиқарилган ширкатнинг оти шу. Фатхуллоҳ хўжа гуруҳининг, тўғрироғи Гулан гуруҳининг Ўрта Осиë жумҳуриятлари учун ясаган алоҳида ширкатларидан бири эди бу. Кавказ ўлкаларида ва Татаристонда - Россия федерацияси учун ҳам алоҳида ширкатлар ясалган. Бу ширкатлар мактаб очиб фаолият кўрсатадиган шаклда ясалган. ЎзСилм деган ширкат 1992 йилда ташкил этилган. Бу уюшманинг Ўзбекистондаги номи ЎзСилм маорифи уюшмаси эди¸ адашмасам. Бу ширкат 1992 йилдан бошлаб 1999 йилгача, яъни Тошкентда бомба портлашлари бўлгунгача 17та лицей очган. “Ўзбек-турк Анадўлу лицейи” деган 17та лицей очган ва бир университет мақомида бизнес мактаб очган¸ дейди Туркия собиқ давлат вазири Аҳад Андижон.

Тошкент билан дастлабки муаммолари 90-йиллар охиридан бошланиб¸ Ўзбекистондаги барча лицейларини ëпишга мажбур бўлган ЎзСилм¸ афтидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан шерикликка тузилгани учун бўлса керак¸ Улуғбек номли халқаро мактабини 2011 йил январига қадар омон сақлашга муваффақ бўлди. Бир йиллик ўқиш ҳақи камида 7000 АҚШ доллари атрофида бўлган инглиз тилидаги бу халқаро мактабда¸ асосан Ташқи ишлар вазирлиги амалдорлари¸ қолаверса Тошкентдаги йирик тадбиркорларнинг 200 дан ошиқ боласи ўқиб келган.

Гулан маорифчилари Ўзбекистондан қочди

11 январда Янги йил таътилидан сўнг мактабга қайтган ўқувчилар¸ айниқса юқори синф ўқувчилари ўзларига сабоқ берадиган ўқитувчи деярли қолмаганига гувоқ бўлишди¸ дейди ушбу мактабнинг исми айтилишини истамаган ўқувчиси Озодлик билан суҳбатда.

- Короче¸ мактабимиз ëпилаяпти. 7 дан бошлаб 12 синфгача бўлганларга дарс берадиган ўқитувчи йўқ. Ҳамма турк ўқитувчилари кетиб қолган. Улар Янги йилдан олдин¸ ҳеч кимга ҳеч нарса демай¸ каникулга кетдик деб кетиб¸ қайтиб келишмади. Ўқитувчиларимизнинг кўпчилиги турклар эди. Нимагалиги ҳақида бизга биров тайинли бир гап айтмаяпти. Турк ўқитувчиларга ойлик берилмаганмишмией¸ дейди Улуғбек мактабининг юқори синф ўқувчиларидан бири.

Тошкент халқаро мактаби Тошкент сиëсатини фош этади...

Мактаб ўқувчиларининг хабари йўқ сабаблар ҳақида 19 январ куни Тошкент халқаро мактаби бошқарувчилари – Силм корпорацияси расмий баëнот чиқарди ва Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабининг яқинларгача фаол интернет сайтида бугун фақат ана шу баëнотнигина топиш мумкин.

“Хавфсизлигимизга таҳдид боис биз ўз маориф хизматларимиз тўхтатилганини эълон қиламиз”¸ деб номланади бу баëнот.

Унда келтирилган биринчи сабабга кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати валюта конвертациясига ўрнатган чеклов боис¸ 1995 йилдан бери халқаро мактабнинг ўзбек сўмидаги маблағларини АҚШ долларига алмаштириши муаммо бўлиб келган. Мактабнинг ўз хорижий ўқитувчилари маоши ва фаолиятини давом эттириш учун лозим бўлган сўнгги доллар алмашинуви эса¸ айтилишича 2009 йилнинг март ойида бўлган ва шундан бери мактаб ўқитувчиларига ойлик беролмай жиддий молиявий бўҳрон домига ботгандан ботиб борган.

Турк корпорацияси номидан ëзилган баëнотда келтирилган иккинчи сабабга кўра¸ Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари террорчилик ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида хориж сармоядорларига зўравонлик қилишни кучайтирган. “Бир қатор хориж ширкатлари ходимлари ўз идораларида тақиқланган адабиëтларни сақлаганликда айбланди¸ бу адабиëтлар эса¸ айнан текширувчиларнинг ўзлари томонидан ташлаб қўйилмоқда. Корпорациямиз ўз тизимларининг ҳам бундай босимдан озод қола олмаслигини англаганидан¸ хизматларимиз ва ходимларимиз хавфсизлигидан жиддий хавотирга тушди"¸ дейилади баëнотда жумладан.

Кейинги сабабларга кўра¸ мактаб учун хориждан келтирилаëтган ўқув материалларини Ўзбекистонга олиб киришдаги маъмурий тўсиқлар ниҳоятда кучайиб кетган; хориж ўқитувчилари учун виза олиш¸ уларнинг Ўзбекистонда яшаши учун тегишли рўйхатдан ўтиш янада қийинлашган; ЎзСилм корпорацияси ўтган йиллар давомида Тошкентдаги айрим Тил марказлари бошига тушган қора кунлар ўз бошига тушиши таҳдидининг реаллигини англаган ва бундай вазиятда¸ Тошкент халқаро мактаби фаолиятини тўхтатишдан ўзга чораси қолмаганини эътироф этишга мажбур қолган.

Мактабни қутқариш уринишлари тўхтамаган

Янги йил таътилидан сўнг мактабга борган Тошкентдаги бойларнинг болалари¸ асосий ўқитувчилар таркиби йўқлигига қарамай¸ ҳозирча мактабга қулф солинмаганини айтадилар.

- Ҳозир мактабга бориб-келиб юрибмиз. Олдинлари 7-8 соатдан дарс бўлган бўлса¸ ҳозир уч соатча бўлаяпти¸ уям асосан инглиз тили. Британиялик¸ америкалик ўқитувчилар қолган.

Мактабнинг олдинги директори турк эди¸ мистер Алетдин деган. У ғойиб бўлгандан кейин¸ ҳозир британиялик мистер Дейвис мактабни сақлаб қолишга уринаяпти. Ота-оналар мажлиси ўтказди ярим соатча¸ ўқишни давом эттириш¸ янги ўқитувчилар олиб келишга ваъда берди¸ лекин ўзи ҳам эртага нима бўлишини аниқ билмаслигини тан олди¸ дейди Тошкент халқаро мкатабининг юқори синф ўқувчиси.

Улуғбек номидаги Тошкент халқаро мактабининг Ўзбекистон расмий идоралари қарори билан ëпилмагани¸ фақат мактаб фаолиятининг 60 фоизи учун маъсул турк корпорациясининг Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетгани инобатга олинса¸ гуланчилар асос солган мактабнинг Тошкент учун мақбул бошқа қўлларга ўтишини тахмин қилиш мумкин.

Турк бизнеси Ўзбекистонда исталмаган меҳмонга айланиб бормоқда

1999 йилда Ўзбекистондаги турк лицейларининг барчаси ëпиб битирилгач¸ турк ширкатлари ва Тошкент ҳукумати ўртасида муроса даври бошланди. 2000 йилларда турк ширкатлари Тошкент марказида қаторма-қатор ҳашаматли меҳмонхоналарни барпо этишди¸ асосан бадавлат мижозларга мўлжалланган супермаркет ва дўконларнинг кўпини қўлга киритишди.

Аммо 2009 йилнинг илк ойларидан Ўзбекистон ҳукуматининг аксил-Туркия кайфияти қайта юзага чиқди ва турк лицейида ўқиган талабалар¸ турк тили марказлари экстремистик ғояларни тарғиб қилганликда айбланиб қамалди¸ ëпилди ва жавобгарликка тортилди. 2010 йил охирида эса¸ Mir Star супермаркетлари турли молиявий айбловлар билан ëпилди. Силм корпорацияси баëнотида номи айтилмаган воқеалар айнан шулардир.

“Ҳар бир янчар ўз жойини билсин!”

Турк корпорацияси қанотидаги Тошкент халқаро мактабининг ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақидаги янгиликка муносабат билдирган uzmetronom.com интернет газетаси туркларга очиқ ишорат билан¸ шундай сарлавҳа танлади.

Ўзбекистон махсус хизматларидан сиздирилган ахборот устига қурилганини тахмин қилиш қийин бўлмаган бу мақолани турк ширкатларига берилган огоҳлантирув¸ ҳатто очиқ таҳдид дейиш мумкин.

Унда ëзилишича¸ Ўзбекистондаги турк ширкатлари мамлакатга тақиқланган диний ва сиëсий адабиëтлар¸ хусусан ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг видеомурожаати ëзилган дисклар¸ Эрк газетасининг Туркияда босилган нусхаларини олиб кириш билан шуғулланган. Айни пайтда¸ туркларга¸ хусусан Силм корпорациясига ўзбек ëшлари онгини ëт мафкура билан тўлдирмоқда¸ уларни Туркияга олиб чиқиб¸ жанггари исломдан сабоқ бермоқда. Буларнинг бари¸ мақолада таъкидланишича¸ бир мақсадда¸ Марказий Осиë ҳудудларида Усмонли турк империяси нусхасини барпо этиш ниятида қилинмоқда.

"Абсурд комик даражага етди..."

Туркия ҳукуматининг туркий тилли мамлакатлар бўйича собиқ давлат вазири Аҳад Андижон¸ бундай айбловни кулмасдан эшита олмади.

- Бу гапда ҳеч қандай жон йўқ. Бу гап тўғри заминга ўтирмайди. Нега десангиз, Усмонли империясини янгидан тиклаш дегани бу хаëлий бир нима. Бу тўғрида Туркияда ҳеч бир сиëсатчи, ҳеч бир давлат идорачиси бунинг қилиб бўлинадиган нарса эканига ишонмайди. Ишонган одамга ҳам жинни деб қаралади. “Бундай-ундай қиладию Туркия бунинг учун бу мактабларни бекитиш керак” шаклидаги бир иддао ëлғиз бу масалага бир баҳона топишдан илгари кетмайди¸ дейди собиқ вазир¸ Туркиянинг Марказий Осиë давлатлари билан муносабатлари тарихи бўйича китоблар муаллифи Озодлик билан суҳбатда.

Айни шундай¸ мақоладаги турк ширкатлари¸ хусусан Тошкент халқаро мактаби таъсисчиси Силм корпорацияси мухолифат етакчиси Муҳамамд Солиҳ дискларини Ўзбекистонга олиб келиш билан шуғулланди¸ деган айбловини ҳам Муҳаммад Солиҳ “комик” дея баҳолайди.

- Миллий хавфсизлик хизматининг бу иддаоси комик бир нарса, кулгили нарса. Ҳозирги технология замонида СДни Туркияда тайëрлаб олиб боришдай ахмоқона иш бўлиши мумкин эмас. СДнинг биттаси Ўзбекистонга кирса, уни бутун халқ томоша қилиши мумкин. Бундан ташқари www.turkiston.tv сайтида мен ҳақдаги филм узоқ вақт турди ва у ердан истаган одам кўчириб олиб кўпайтириб тарқатиши мумкин бўлган нарсалар. Шундай бўлди ҳам. Узметроном “30-40 минг тарқатилди” деб ваҳима қилиб гапираяпти. Аслида ундан 10 марта, 100 марта ҳам кўп тарқатилган бўлиши мумкин. Бу СДда менинг ҳеч қанақа мурожаатим йўқ. Бу СД ҳужжатли филм. “Қуролсиз кишининг озодлиги” деган филм қилган дўстлар. Ўша филм ҳақида гап кетаяпти аслида. Буни айтишдан ҳам қўрқишади улар¸ дейди Муҳаммад Солиҳ ва у ҳам Аҳад Андижон каби¸ бу гапларнинг бари сабаб эмас¸ баҳона деган фикрни айтади.

Гап унда эмас¸ буғдойда….

Ўзбекистон ҳукумати турк ширкатларини ҳайдаш¸ қўрқитиш орқали ўзининг Туркиядан нақадар қўрқишини кўрсатмоқда¸ дер экан бу иккала суҳбатдош¸ бу қўрқувнинг асл негизи бир заминдан сув ичадиган икки сабабини келтирадилар.

- Бир мамлакатни автократик диктаторча идора қилаëтган бўлсангиз, ташқи душманлар яратиш мажбуриятидасиз. Ташқи душманлар яратасизки, ичкаридаги халқни “Қаранглар ташқарида шундай бир проблема бор. Бундай турмасак, шундай қарамасак, буларни бизни йўқ қилади, емиради, ундай қилади, бундай қилади” деб халқни ниманинг тагида тутади. Бутун дунëдаги темир панжа иқтидорларининг нимаси шу. Эски советлар бирлиги ҳам шундай эмасмиди? Ҳозир Қозоғистонда, Қирғизистонда, Озарбайжон давлатларида бир нарса бўлмаяпти. У ернинг халқи ҳеч бир шаклда Туркиядан ўз идорасига қарши шаклда таъсир топмаяптида, ўзбек нимаси таъсир топадими? Бунинг мантиғи борми? дейди Аҳад Андижон.

- Каримов Туркиянинг демократиясидан қўрқади. Бу ерга ўзбеклар келиб бир ойдан кўпроқ визалар бўлса, бир йиллик истиқомат изнлар чиқса, бу ерда ишлаб, бу ерда пул топиб, Москвадагидай урилиб, қирилиб, ҳақоратланмай оиласини боқиш учун имкон жуда катта бу ерда.

Агар ўзбек ëшлари бу ерга оқим қиладиган бўлса, улар бир-икки йилда кўрган нарсасини ватанида ҳам истай бошлайди,. “Бу ердаги ҳуррият, озодлик, фароғат нега бизда йўқ?” деган фикр кела бошлайди ва бу нарса у ердаги ижтимоий вазиятни ўз таъсирига олади деб қўрқади ва тўғри қўрқади. Чунки Туркия бутунлай бошқа бир дунë. Ëшлар келиб бу ердаги неъматларни ўзининг ватанида кўришни истайди¸ дейди ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG