Линклар

АҚШ Президенти Барак Обама ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао ўртасидаги юзма-юз музокара чоғида асосий масала савдо алоқалари ва инсон ҳуқуқлари масаласи бўлди.


Барак Обама Ху Цзинтаонинг АҚШга тўрт кунлик давлат ташрифи бошланиши биланоқ Хитойдаги инсон ҳуқуқлари масаласини кўтарди.

- Тарих жамиятлар қанчалар уйғун бўлса, шунчалар муваффақиятли бўлишини, дунёда барча мамлакатлар ва халқларнинг ҳуқуқ-мажбуриятлари, жумладан, ҳар бир шахснинг умумжаҳон ҳуқуқлари қанчалар ҳимояланса, дунё шунчалар адолатли бўлишини кўрсатди,- деди Барак Обама.

Бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Хитой раҳбари сўнгги икки йил ичида АҚШ президенти билан бўлган саккизта учрашувнинг ҳаммасида Обама инсон ҳуқуқлари масаласини кўтарганини айтди.

Ху Цзинтао ўз мамлакати инсон ҳуқуқларини яхшилаш соҳасида муваффақиятга эришганини, аммо бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар талайгина эканини таъкидлади.

АҚШ раҳбари дунёдаги энг йирик иқтисодиётга эга бўлган АҚШ ва Хитой ўзаро ишонч ва муштарак манфаатлар асосида иш юритса, ҳар икки давлат янада гуллаб-яшнашини қайд этди.

- Баъзилар Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик фойдали эканига шубҳа билдираётган бир пайтда ушбу ташриф оддий ҳақиқатни намойиш қилиш учун яхши имкониятдир. Давлатларимиз бир-биримизнинг муваффақиятимиздан манфаатдордир. Агар биз бирга ишласак, ўзаро боғлиқ дунёда, глобал иқтисодиётда, мамлакатлар, жумладан, мамлакатларимиз равнақи ошади ва янада хавфсизроқ бўлади,- дея баёнот берди АҚШ раҳбари.

Келаси йил истеъфога чиқиши кутилаётган Ху Цзинтао АҚШга ўзининг охирги сафари чоғида “ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтириш”ни мақсад қилган.

- Бизнинг ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурматга асосланган бўлиши керак. Биз кун сайин ўзгариб бораётган ва ранг-баранг дунёда яшаяпмиз. Хитой ва Қўшма Штатлар бир-бирининг ривожланиш йўлини ва туб манфаатларини ҳурмат қилиши керак. Биз ўзаро тушунишни мулоқот орқали чуқурлаштиришимиз, мулоқот орқали ўзаро ишончни оширишимиз ҳамда алмашинув орқали умумий манфаатни кенгайтиришимиз лозим,- деди Ху Цзинтао.

19 январ куни АҚШ ва Хитой раҳбари ҳамда икки давлатнинг етакчи тадбиркорлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Вашингтон ва Пекин ўртасидаги келишмовчиликларга сабаб бўлиб келаётган Хитой ҳукуматининг импорт чекловлари, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаётгани, шунингдек, Хитой миллий валютаси юаннинг курси масаласи муҳокама мавзуи бўлди.

Йиғилишда икки давлат раҳбарлари “ажойиб мулоқот” бўлиб ўтганини айтдилар. Айни пайтда Оқ Уй расмийлари Хитой АҚШ экспортга 45 миллиард долларлик ҳисса қўшишини, жумладан, Боинг ширкатидан 19 миллиард долларга 200 та йўловчи самолётлар сотиб олишга рози бўлганини эълон қилди. Барак Обамага кўра, бу келишув АҚШда 235 мингта янги иш ўрнини яратади.

Икки давлат раҳбарлари Хитойнинг миллий валютаси юаннинг курси бўйича муроса қилиш йўлларини излашга келишиб олдилар.

АҚШ расмийлари Хитойни мамлакат экспортини қўллаб-қувватлаш учун юаннинг курсини сунъий равишда паст даражада сақлаб келаётганликда айблаган.

Қўшма матбуот анжуманида Барак Обама Ху Цзинтао билан Хитойнинг бозор иқтисодиётига ўтиш йўлида эришган муваффақиятлар ҳам муҳокама қилинганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG