Линклар

logo-print

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 24 январ куни Брюсселга ташрифи арафасида қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозога мактуб йўллади.

Мактубда ташкилот Ўзбекистон-ЕИ алоқалари Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига боғлиқ экани тўғрисида Каримовга аниқ ва равшан билдириш кераклиги Баррозодан илтимос қилган.

"Биз Сиздан Каримовни қамоққа ташланган барча ҳамкасбларимиз қўйиб юборилишига чақиришни сўраймиз. Шунингдек, биз Сизни мустақил журналистлар расмийлар томонидан қўрқитилиши тўхтатилишига, мустақил интернет сайтларига қўйилган тўсиқлар олиб ташланишига ҳамда хорижий ахборот воситалари мамлакатда қайта фаолият бошлашига рухсат берилиши учун Каримовни рағбатлантиришга чақирамиз. БМТ шартномалари ва ЕХҲТ ташкилоти декларацияларини имзолаган Ўзбекистон ҳукумати журналистлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва таҳқирланишдан қўрқмасдан фаолият юритишлари ҳуқуқини ҳурмат қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бу масалалар юзасидан Каримовга босим ўтказиш орқали Сиз Ўзбекистонда матбуот эркинлигини ҳимоя қилишда Европа Иттифоқи собитқадам эканини аниқ намойиш қилган бўласиз”, дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа комиссияси раҳбарига йўллаган мактубида.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга сафари олдидан Европа Комиссияси президенти Баррозо турли ташкилотлардан пайдар-пай мактублар олаётгани ҳақида Озодлик тўхтовсиз хабар бериб турибди.

Жумладан, икки кун муқаддам ўзбек мухолифати намоёндалари ва ҳуқуқ фаолларининг бу борада ЕИ расмийларига мурожаати мазмуни билан таништиргандик.

19 январ куни эса Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Хосе Мануэл Баррозога йўллаган мактубида президент Каримов билан учрашув пайтида Европа Иттифоқи номидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятни яхшилаш борасида конкрет ҳаракатлар қилишни талаб қилиши лозимлиги қайд қилинган эди.

"Президент Каримов мамлакатдаги барча виждон тутқунлари ва ҳуқуқ фаолларини қамоқдан озод қилиш, мамлакатда ноҳукумат ташкилотларининг эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилмаслик, БМТ махсус маърузачилари билан ҳамкорлик қилиш, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, болалар меҳнатига қарши конвенцияни амалда қўллашга киришиш, мамлакатдаги сайлов жараёнларини ҳалқаро стандартларга мослаши зарур"лиги айтилганди Ҳюман Райтс Уотчнинг Баррозо номига йўлланган мактубида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG