Линклар

Тожик мударриси террорчи тайёрлашга уринганликда айбланмоқда

  • Гулнора Равшан

Мулло Сайриддин ўтган йил кузидан буён нотинч бўлиб турган Рашт водийсидан экани айтилади.

Мулло Сайриддин ўтган йил кузидан буён нотинч бўлиб турган Рашт водийсидан экани айтилади.

Раштда тожикистонлик ёш болаларни экстремизм ва террорчиликка тарғиб қилиш билан шуғуллангани айтилаётган Сайриддин Азизов ҳибсга олинди. Бу борада 19 январ куни Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров маълум қилди.

Мулло Сайриддин лақаби билан тожик жамиятида танилган Сайриддин Азизов, маълумотларга кўра, 15 январ куни Рашт водийсида ўтказилган махсус амалиёт чоғида қўлга олинган.

- У шанба куни қўлга олинганди, - дея жавобни қисқа қилар экан Тожикистон ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров Сайриддин Азизов устидан тергов давом этаётгани сабабли бу борада тафсилотларни очиқлашдан тийилишини билдирди.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Сайриддин Азизовни Рашт водийсида аксарияти ёш болалардан иборат гуруҳга диний экстримизм ва терроризмдан сабоқ бераётганликда айблаётган эди.

Тожикистон давлат телевидениеси ҳам Рашт водийсида ўтган йил кузида бошланган махсус амалиётлар чоғида Сайриддин Азизовга тегишли ёпиқ мактаб ҳақида бир-икки марта махсус дастур ҳам намойиш қилган эди.

Давлат телевидениеси маълумотларига кўра, Сайриддин Азизов гўё республиканинг турли ҳудудларидан тўпланган ёш болаларни ҳукуматга қарши террорчи сифатида тайёрлашга уринган.

Эндиликда иқтидордаги ҳукумат Сайриддин Азизовни Миллий хавфсизлик қўмитасидан қочган маҳбуслар ва хорижлик жанггариларга ўз уйидан бошпана берганликда ҳам айбламоқда.

Рашт водийсидаги Порғов туманида яшаган Сайриддин Азизов қишлоқдошларининг айтишича, Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғида (1992 ва 1997-йиллар, - таҳр.) у бу водийда мустақил қўмондон бўлган. яъни ҳукумат кучларига ҳам, мухолифатга ҳам бўйсунмаган, фақат ўз ҳудудини ташқи кучлар ҳужумидан ҳимоялаган.

Ундан кейинги йиллар эса у болаларга диний таълим бериш билан шуғулланган.

- Сайриддин миллий ярашув ҳақида битим имзоланганидан сўнг оддий одамлар қатори кундалик турмуш билан банд бўлиб юрган эди. Унинг яқинда ҳукумат кучлари томонидан ҳибсга олинганини биз ҳам одамлар оғзидан эшитдик, - дейди Азизовнинг дўстларидан бири, раштлик Олим Одилов.

Аснода Тожикистон ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров 2010 йил давомида республика ҳудудида фаолияти таъқиқланмиш турли гуруҳларнинг 120 дан ортиқ аъзоси қўлга олинганини маълум қилди.

- Вазирлигимиз вакиллари Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари билан ўтказган қўшма амалиётлар натижасида республика ҳудудида ўтган йили Ўзбекистон исломий ҳаракати, Ал-Қоида ва бошқа шунга ўхшаш фаолияти таъқиқланган бир неча экстремистик ташкилотнинг 120 дан ортиқ аъзоси қўлга олинди. Улар асосан Исфара, Истаравшан туман фуқаролари ва қисман Душанбе шаҳри, Ҳисор, Ваҳдат ҳамда Рўдакий туманлари фуқароларидир. Қўлга олинганлар орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор, - дея билдирди Тожикистон Ички ишлар вазири Қаҳҳоров.

Вазир жаноблари қўлга олинганлар устидан тергов ишларини Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари олиб бораётгани ва бу борада тўла тафсилотлар берилмаслигини таъкидлади.

Айни пайтда, тожик расмийси Қаҳорровнинг билдиришича, Рашт водийсида мулла Абдулло ва унинг қолган жанггариларини қўлга олиш амалиёти давом этмоқда.

Қаҳҳоровдаги маълумотларга кўра, ўтган йили Рашт водийсида бошланган амалиётлар натижасида тахминан 38 нафар жанггари қўлга олинган. Улардан фақат бир нафари Россия фуқароси экан. Яна ўнлаб жанггари йўқ қилинган ва юздан ортиқ киши эса Рашт воқеаларига гувоҳ сифатида тергов қилиниб, тилхат асосида қўйиб юборилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Раштда мулла Абдулло ва ўтган ҳафтада ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилган Али Бедакий гуруҳи билан жангларда тахминан ўн нафар милиция ходими қурбон бўлган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси эса ҳозирча кўрилган талафот борасида маълумотлар тарқатишдан тийилмоқда.

Норасмий маълумотларда эса Рашт амалиётларида Тожикистон ҳукумат кучлари катта талафот кўрган айтилади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, мазкур амалиётлар чоғида ҳукумат кучларининг тахминан юзга яқин аскари ҳалок бўлган ва ўнлаб нафари эса тан жароҳати олган.
XS
SM
MD
LG