Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:16

Каримовнинг Брюсселга ташрифи олдидан ўзбек муҳожирларига босим ўтказилмоқда


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи юзасидан норозилик билдираётган ўзбекистонлик муҳожирларга ватанларида қолган қариндошлари орқали босим ўтказилмоқда.

Бу ҳақда Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

- Каримов ташрифи билан боғлиқ пикет ва ҳар хил петицияларни режалаган эдик. Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар озод этилиши талаби билан шундай петиция ҳозирлаганмиз. Лекин кеча беш нафар муҳожир петицияга имзо қўя олмаслигини айтиб қолишди. Улар махсус хизматлар тарафидан Ўзбекистондаги қариндошлари орқали босим ўтказилаётгани айтишди. Кимнингдир Ўзбекистондаги яқинлари уйига қандайдир одамлар келиб Швециядаги қариндошинг жим ўтирсин, деб қўрқитишган. Бошқасини Ўзбекистонда ўқиётган ўғлини ўқишдан ҳайдаймиз деб пўпса қилишган,- дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 24 январ куни Брюсселга ташриф буюриши ва Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо билан учрашишини ЕИ расмийлари душанба куни тасдиқлашди.

Аслида бу ташриф ҳақида жамоатчилик ЕИ расмийлари бу ҳақда расман билдиришидан олдинроқ ички каналлар орқали хабар топган эди.

"Ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг кучли танқидлари ортидан Еврокомиссия матбуот хизмати Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи режаланганини тасдиқлашди", деб билдирди Франциядаги ташкилот.

Президент Ислом Каримовнинг Брюсселга ушбу ташрифи унинг 2005 йилги Андижон ҳодисаларидан кейинги биринчи ташрифи бўлади.

Андижонда юзлаб тинч намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистон расмийларига виза чекловлари ва қурол эмбаргоси жорий этган ва бу санкциялар 2009 йилда бекор қилинган эди.
XS
SM
MD
LG