Линклар

logo-print
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 24 январ куни Брюсселга ташрифи арафасида Европа Комиссияси Президенти Жозе Мануэл Баррозо номига халқаро ташкилотлардан мактублар ёғилмоқда.

Халқаро Амнистия ташкилоти раҳбари Николас Бегер жаноб Баррозога йўллаган очиқ мактубида Каримов билан бўлажак музокараларда 2005 йилги Андижон қатлиоми юзасидан халқаро тергов ўтказиш масаласини кўндаланг қўйишни сўраган.

Бегер ўз мактубида Андижон мавзусини ёпилган мавзу деб ҳисобламаслигини таъкидлаган.

Ню Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам Еврокомиссия раҳбарига мактуб йўллаб, ундан Ўзбекистон-ЕИ алоқалари Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига боғлиқ экани тўғрисида Каримовга аниқ ва равшан билдиришини сўраган.

Аввалроқ Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳам Жозе Мануэл Баррозога юборган очиқ мактубида президент Каримов билан учрашув пайтида Европа Иттифоқи номидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятни яхшилаш борасида конкрет ҳаракатлар қилишни талаб қилиши лозимлиги қайд қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 24 январ куни Брюсселга боради, Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо билан учрашади, Белгия қироллиги ва НАТО қароргоҳида ҳам бўлади.

Президент Ислом Каримовнинг Брюсселга ушбу ташрифи унинг 2005 йилги Андижон ҳодисаларидан кейинги биринчи ташрифи бўлади.

Андижонда юзлаб тинч намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистон расмийларига виза чекловлари ва қурол эмбаргоси жорий этган ва бу санкциялар 2009 йилда бекор қилинган эди.
XS
SM
MD
LG