Линклар

logo-print

Пул жўнатишда ўзбекистонликлар биринчи


Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бир неча йилдан бери пул жўнатмалари бўйича "биринчилик"ни ушлаб келади.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бир неча йилдан бери пул жўнатмалари бўйича "биринчилик"ни ушлаб келади.

2010 йилнинг дастлабки уч чораги давомида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан пул ўтказмалари бўйича биринчи ўринни эгаллади. Ўзини Ольга, деб таништирган Россия Марказий банки матбуот ходимига кўра, ўтган 2010 йил давомида Ўзбекистонга пул ўтказмалари сезиларди даражада ошган.

- Маълумотлар Россия Марказий банки томонидан 2011 йил 17 январида тақдим этилган. Ўзбекистонга 2010 йилнинг биринчи уч чораги давомида 1 миллиард 343 миллион АҚШ доллари жўнатилган. Ўзбекистонга пул жўнатмалари ўтган йил давомида мунтазам ошиб боргани кузатилди, деди Россия марказий банки ходимаси.

Банк тарқатган расмий маълумотномага кўра, пул жўнатишда иккинчи ўринда украиналиклар: улар ўтган йилнинг дастлабки 9 ойи давомида Украинага жами 952 миллион доллар жўнатган.

Пул жўнатишда “фахрли учинчи” ўринни тожикистонлик меҳнат муҳожирлари эгаллаб келмоқда. 2010 йилнинг биринчи уч чораги давомида улар ўз уйларига 751 миллион АҚШ доллари юборгани хабар қилинди.

2008 йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қарийб 5 миллиард АҚШ доллари жўнатган эди. Ўша йилнинг охирида бошланган жаҳон иқтисодий бўҳрони Россияда мардикорлик қилаётган ўзбекистонликлар тушумига жиддий таъсир қилган бўлса керак: 2009 йилда Ўзбекистон фуқаролари Россидан 3 миллиард 274 миллион доллар жўнатган.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари, айрим муаммоларни ҳисобга олмаганда, бугун жаҳон молиявий бўҳронининг мардикорлар турмуши учун оқибатлари бироз чекинаётганини айтишмоқда.

Биринчи суҳбатдошимиз Акмалжон Москва вилоятидаги қурилишлардан бирида ишлайди. Сўнгги йилларда иш берувчилар томонидан иш ҳақи берилмаслиги ҳолатлари кўпайганини ҳисобга олмасак, вазият бирмунча яхшиланди, дейди у.


- Илгари ойига 40 минг жўнатар эдик. Йилига 15 минг доллар уйга борар эди. Энди ойликлар 4-5 баробар камайиб кетди. Бир жойда 100 мингимиз қолган, яна бир жойда бригадамизнинг 800 минги қолиб кетди... 2 йил ўшанда бекор ишладик-да. 2010 йилнинг иккинчи ярмидан сал ўсиш бор, июл-август ойларидан жонланиш бор. Мана шу августнинг бу ёғига 5 ойда 120 минг жўнатдим. Ўртача 22-24 минг рубл ойига жўнатяпман уйга.


Озодлик: 2008 йилга нисбатан камроқ, демак?


- Ҳа, 3 баробар кам! Биз бир йилнинг 1 ойини уйда ўтказамиз, 8-9 ой ишлаймиз, апрелдан ноябргача-да. Мана энди январ ойидан Россияда ҳамма нарса музлади. Булар ҳозир ҳам запойда-ку. Ҳали Новий год, ҳали Рождество, ҳали Старий новий год, Крешчение – ҳали ҳам байрамдамиз-ку... Қачон байрам тугаса, запойдан чиқса, бизга иш бўладида.


Озодлик: Акмал ака,сизнингча ойликларнинг ўсаётгани нима билан боғлиқ?

- Кризисдан чиқди мамлакат, Худо ҳохласа. Қурилишлар ривожланиб қолди... Олдин ҳамма қурилиш Батуринага қараган бўлса, ҳозир юзта бўлак бўлди, конкуренция бўляпти-да,- дея ўз фикрини билдирди қурувчи Акмалжон ака.

Кейинги суҳбатдошимиз, тошкентлик Гавҳар опа 7 йилдан буён бозорда пойафзал сотади. У бозорда ишлаётганларнинг даромадларида вазият яхши ёки ёмон томонга ўзгаргани сезилмаётганини айтади.

- Биласизми, мен бир йилда 5-6 минг доллардан ортиқ олиб кетмаганман уйга ҳеч қачон. 4-5 минг ҳам ишлаганман... Биринчи йил умуман 1 минг 200 доллар ярим йилда ишлаб кетганман.

Озодлик: Сизнингча, ҳозир ошяптими ойликлар ёки камайяптими?

- Ошятгани йўқ. Барибир пулим олдин қанча бўлса, ҳозир ҳам шунчалигича қоляпти пулим,- дейди Гавҳар опа.

Лекин айрим меҳнат муҳожирларининг фикрларига кўра, вазият янада таранглашиб, мураккаблашиб бормоқда. Санкт Петербургда ишлаётган Дилшодбек гапиради.

- Мен Худо хоҳласа 4-5 йилдан бери Россиядаман. Ака бу Россияни ҳолатини қанақа шароитда эканини ўзим ҳам тушунмаяпман. Олдин 3-4 ой ишлардим – конкретний пул олардим. Ҳозир 2 ой ишлайманки, пул нималигини билмайман. Тўғри гап! Олдин ака мен стройкада ишлардим-да... Стройкада яхши тушарди, ҳаммаси зўр эди. Ризқимиз борича ердик-да, ака, шукур қилардик. 2010 йилнинг ноябридан вазият ёмонлаша бошлади. Шу пайтдан бери пул кўрганим йўқ. Шу пайтдан бери уйга пул жўнатганим йўқ, жон ака.

Озодлик: Ундан олдин-чи?

- 800-900 доллар ойига жўнатардим, емоқ-ичмоқ, квартирамдан ташқари. Илгари 8 минг доллардан ошиқ ҳам топса бўларди йилига.

Озодлик: Ҳозир нима иш қиляпсиз?


- Ҳозир ака календар тарқатяпман. Заводга келдим, у ерда пул ололмадим. Энди емоқ ичмоққа керак-ку, тўғрими... Топганим шундан ошмаяпти, ака.
Энди, Худо хоҳласа, қайтишга ҳаракат қиламиз ўзимизнинг юртга, Ўзбекистонга. Ўзбекистондақа жой йўқ экан, очиқ гап. Бировнинг юртида бунақа “шоҳ” бўлиб юргандан кўра, ўз юртингда қаттиқ нон еб юрганинг яхши,- дейди Дилшодбек.

Россия оммавий ахборот воситаларида чоп этилаëтган маълумотга кўра, бугунги кунда Россияда 12 миллиондан 20 миллионгача меҳнат муҳожири бор ва уларнинг аксариятини Марказий Осиëдан келганлар ташкил қилади.

Пул жўнатмалари миқдори бўйича кейинги ўринларни Молдова (527 млн. долл.), Қирғизистон (384 млн. долл.), Арманистон(264 млн. долл.), Озарбайжон(264 млн. долл.), Беларус(115 млн. долл.), Қозоғистон(60 млн. долл.) ва Туркманистон (8 млн. долл.) эгаллади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG