Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:09

Гуантанамо тутқунлари яна ҳарбий трибуналда суд қилинади


АҚШ ҳарбий трибунали Барак Обама президентликка сайланганидан бери биринчи марта Гуантанамодаги тутқунларни суд қилишни бошлайди. The New York Times газетасига кўра¸ АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтснинг Гуантанамода қолган маҳбуслар устидан янги суд жараëнлари бошлашга қўйилган тақиқни олиб ташлаши кутилмоқда.


Пентагон раҳбари Гуантанамо тутқунларининг ҳарбий трибуналда суд қилиниши устидан қўйилган тақиқни бекор қилиши билан¸ келаси ҳафтадан бу жараëннинг қайта бошланиши кутилмоқда.

Террорчилик билан боғлиқ жиноятларда гумон қилиниб¸ йиллардан бери Гуантанамо ҳарбий базасида сақлаб келинаëтган тутқунларни АҚШ ҳарбий трибуналига тортишни тақиқлаш Барак Обама президент сифатида қўл қўйган илк буйруқлардан бири эди.

Президентликка сайлангунича Обама Гуантанамодаги тутқунларни АҚШ фуқаролик маҳкамаларида суд қилиш ва ҳуқуқий мақоми баҳсталаб бўлган бу базани бутунлай ëпиш ҳақида ваъда берган эди.

2009 йил январида президент сифатида иш бошлаган биринчи кунидаëқ Обама иккала ваъдасини оқловчи ҳужжатларга қўл қўйди.

Аммо ўтган йил декабр ойида Конгресс Гуантанамода қолган тутқунларни Иллинойс штатидаги қамоқхонага кўчириш учун ҳарбий жамғармадан пул ажратишни тақиқлади ва шу билан Оқ уй маъмуриятининг Гуантанамода қолган тутқунларни АҚШ ҳудудидаги ноҳарбий қамоқхоналарга кўчириш режасини пучга чиқарди.

The New York Times газетасининг Обама маъмуриятидаги номи келтирилмаган манбага таяниб билдиришича¸ келаси ҳафталар ичи Гуантанамодаги 30 дан ошиқ тутқунга нисбатан қўйилаëтган расмий айблов эълон қилинади.

Айтилишича¸ қораловчилар расмий айблов эълон қиладиган Гуантанамо тутқунларидан бири асли саудийлик Абдулраҳим ал Ноширий бўлади. Ноширий 2000 йилда АҚШ нинг Ямандаги ҳарбий кемасига қарши амалга оширилган бомба ҳужуми ташкилотчиларидан бири сифатида ҳибсда сақланмоқда. Мазкур ҳужум оқибатида 17 денгизчи нобуд бўлган эди.

Террорчиликда айбланаëтган Ноширий иши¸ унинг Гуантанамо тутқунларига нисбатан президент Буш рухсат берган сув воситасидаги қийноқлар қўлланилган маҳбуслардан бири экани туфайли ҳам жамоатчилик эътиборига тушмоқда.

Ноширий¸ Гуантанамога қадар АҚШ Марказий разведка бошқармасига қарашли махфий қамоқхоналардан бирида сақланган ва ҳозирга келиб ëпилган бундай махфий қамоқхоналарни текшириб чиққан Полша мутахассислари¸ унга “жабрдийда мақоми”ни берган эди.

The New York Times газетасига кўра¸ келаси ҳафта АҚШ ҳарбий тирбуналида судга тортилишга номзодлардан яна бири Ҳормуз бўғозидан ўтувчи нефт танкерларига қарши ҳужум режасини тузганликда айбланаëтган яна бир саудийлик Аҳмед ал-Дарбийдир. Бу ҳужум амалга ошмай туриб фош этилган¸ аммо унинг ташкилотчилари дея гумон қилинганлар қўлга олиниб¸ Гуантанамога ташланган эди.

Кубага қарашли ҳудудда жойлашган АҚШнинг Гуантанамо ҳарбий базасида ҳозирда 170 га яқин тутқун қолмоқда¸ улар орасида 2001 йилнинг 11 сенябр куни Ню Йорк ва Вашингтонда уюштирилган террор ҳужумларига алоқадорликда айбланаëтган беш тутқун ҳам бор.

Халқаро майдонда кескин эътирозларга сабаб бўлиб келаëтган Гуантанамо ҳарбий базасида террорчиликда гумонланган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди. Аммо Обаманинг бу базани ëпиш учун ëрдам сўраб Европадаги иттифоқчиларига қилган мурожаати ортидан бу тўртовлон ҳам террор билан боғлиқ айбловлардан тозаланди ва Европадан бошпана топди.

Ойбек Жабборов, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидуллаев ва Шоҳрух Ҳамидовлардан дастлабки иккитасига Ирландия¸ учинчисига Швейцария, тўртинчисига эса Латвия ҳукумати бошпана берди.
XS
SM
MD
LG