Линклар

Ўзбек-қирғиз чегараси фақат хорижликларга очиқ

  • Барно Анвар

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини бир томонлама равишда ўзбеклар ёпиб қўйгани айтилмоқда.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини бир томонлама равишда ўзбеклар ёпиб қўйгани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан қуруқликдаги чегара пунктлари икки давлат фуқаролари учун ёпиқлигича қолмоқда. Ҳозир икки давлат фуқаролари борди-келди қилиши учун фақат ҳаво йўлларидан фойдаланиши мумкин, унда ҳам узрли сабаблари бўлса.

Чегараолди ҳудудида яшовчи аҳоли вакиллари ва Қирғизистон давлат чегара хизмати ходимлари Озодликка берган маълумотга кўра, чеклов бир томонлама тартибда Ўзбекистон томонидан жорий этилган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара пунктлари икки давлат фуқаролари учун мутлақо ёпиқлигича қолмоқда.

Бу ҳақда икки давлат чегараолди ҳудудида яшайдиган аҳоли вакилларининг Озодликка айтишича, Ўзбекстон томони 2010 йилнинг декабр ойи ўрталаридан ҳеч бир огоҳлантиришсиз чегарани ёпиб қўйган ва ҳатто, яқинлари вафот этгани ҳақида ҳужжат билан борган одамлар ҳам чегарадан қайтарилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидаги Позилмон чегараолди ҳудудида истиқомат қилувчи ва номини сир тутишимизни сўраган тингловчилардан бири шундай дейди:

- Чет эл фуқаролари бўлса, Қирғизистонда юрган бўлса, через Ўзбекистон кетадиган бўлса, билети бўлса, шуларни ўтказаяпти. Бошқа ҳеч кимни ўтказмаяпти,- дейди Андижон вилоятидаги Позилмон чегараолди ҳудудида истиқомат қилувчи суҳбатдошимиз.

Унга кўра, ҳозир Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилояти билан чегарадош Дўстлик чегара пунктидангина одамлар ўтказилмоқда. Аммо, булар хорижликлардир.

- 2 январ куни бизнинг қўшнининг бувиси ўлиб қолган эди. Ўта олмай қайтиб келдида. Янги йилдан анча олдин бошланган. Шу бўйи шунақа бўлиб турибди.

Озодлик: Унгача ҳар ҳолда анча-мунча ўтса бўлаëтган эди-а?

- Ҳа, энди кечаси у-бу қилиб эплашаëтган эди. Зарурлари ўтиб бориб келаëтган эди. Бизга зарур эмаслиги учун чегарага ҳам бормаймиз,- дейди ўзбек-қирғиз чегараолди ҳудудида истиқомат қиладиган ва исми сир қолишини сўраган суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонга боришнинг ягона йўли фақат ҳаво орқали, дейди Қирғизистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Жалолобод вилоятида истиқомат қиладиган яна бир суҳбатдошимиз Маҳбуба опа.

- Чегара ëпиқ. Ўзбекистон чегарани очгани йўқ ҳали. Категорический запрешен, ëпиқ. Фақат самолëт. Через Бишкек самолëт билан,- дейди бу аёл.

Ҳар икки суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларида яшайдиган оддий одамлар учун чегаранинг яна нега ёпилгани қоронғулигича қолмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашар экан, аҳоли вакиллари чегара нега ёпиқ ва унинг очилишидан дарак борми, деган савол билан юзландилар.

Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати сўнгги йиллар давомида бу каби саволларни жавобсиз қолдираётгани боис биз Қирғизистон давлат чегарасини қўриқлаш хизматига мурожаат қилдик.

Хизматнинг матбуот бўлими вакили Салқин Абдуқариева саволларимизнинг асосий қисмига ойдинлик киритди.

- Аслида икки давлат ўртасида қуруқликдаги чегарадан ўтиш-қайтиш пунктлари 2010 йилнинг апрел ойида ёпилган ва 2010 йилнинг октябр ойидан бошлаб яна келишилган тартибда ишлай бошлаган. Аммо, Ўзбекистон томони жуда чекланган режимда ишламоқда. Бизга маълум бўлишича, Ўзбекистон томони одамларнинг қўлида ўтиши зарурлигини кўрсатувчи ҳужжат бўлса, масалан, кимнингдир ўлим ҳолида ётгани ҳақидаги телеграмма бўлсагина ўтказмоқда. Бундан ташқари, халқаро ўтиш пунктларидан хорижликларгина ўтказилмоқда,- дейди Қирғизистон давлат чегара хизмати матбуот бўлими ходими.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон томонидан ўртада эришилган келишувларда белгиланган тартибдан ташқари ҳеч қандай чеклов йўқ.

Бу тартибга биноан эса икки давлат фуқаролари 60 кунга қадар бўлган муддатга визасиз қўшни давлатга бориб келиши мумкин.

Шунингдек, Салқин Абдуқариева оддий аҳоли орасида юрган “Қўшни давлатга фақат самолётда ўтиш мумкин экан, холос”, деган гапларни ҳам тасдиқлар экан, бу йўналишда ҳам Ўзбекистон томони жуда қаттиқ назорат ўрнатганини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон чегара хизмати Тошкент аэропортидан Бишкекка учишни истаган йўловчилардан сабаб сўрайди ва келтирилган сабабга, албатта, тегишли ҳужжат илова қилинишини талаб қилади.

Ана шундай ҳужжатни келтиролмаган қирғизистонлик йўловчилар 4 ой муқаддам Тошкентдан депортация қилинган эди, дейди Салқин Абдуқариева.

- Шундай ҳолатлар ҳам бўлгандики, улар ҳужжатлар етарли эмас деган важ билан Қирғизистон фуқароларини депортация қилишган эди. Бу ҳолат ўтган йилнинг сентябр ойида кузатилган эди. Хуллас, ҳозир Ўзбекистонга учиб бораётганлар ёки у ёқдан келаётганлар асосан иш одамларидир. Яъни, ҳаво йўллари орқали сафар учун тайин сабаби борлигини расман кўрсатиб бера оладиган фуқаролар қатнамоқда, дейди Абдуқариева.

Ўзбекистон томонинг исталган вақтда бир томонлама тартибда чегарани ёпиб олиши икки давлат ўртасидаги тегишли келишувларга қанчалик мувофиқ, деган саволимизга жавобан Салқин Абдуқариева шундай жавоб берди:

- Аслида бундай ҳаракат икки давлат ўртасида халқаро ўтиш пунктлари борасида эришилган келишувларга мувофиқ эмас. Аммо, Ўзбекистон томони аввалдан фавқулодда ҳолатларда чегарани вақтинча ёпиши мумкинлиги ҳақида бу келишувларда огоҳлантирган. Фавқулодда ҳолатга сабаб, дея кўрсатилган сўнгги воқеалар эса мамлакат жанубидаги портлаш ва ундан аввал июн воқеаларидир, дейди Қирғизистон давлат чегараларини қўриқлаш хизмати расмийси.

Бунга қадар чегара ёпилган кезда ҳам аҳолининг ноқонуний равишда чегарадн ўтишги уринишлари кузатилар эди.

Сўнгги вақтларда бундай ҳаракат билан қўлга тушган шахсларга катта жарима солиниши, иккинчи бор қўлга олинганда эса ҳатто, қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлиги ҳақидаги овозалар ҳам тарқалгани ҳақида Озодликка ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулла Раҳматуллаев хабар берган эди.

Қирғизистон Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати матбуот бўлими вакили Салқин Абдуқариева бу ҳақда уларда ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.

Ўзбекистон томонидан эса Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасидан маълумот олишнинг имкони бўлмаган бўлса-да, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ортиқова бу борада саволларимизга жавоб беришга рози бўлди.

Қуйида у киши билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG