Линклар

logo-print

Ўшлик Зиёдулло Бишкекда операция қилинади


Июн воқеаларида Зиёдуллонинг онас ва акаси ҳам жароҳатланган, уйлари ёқиб юборилган.

Июн воқеаларида Зиёдуллонинг онас ва акаси ҳам жароҳатланган, уйлари ёқиб юборилган.


Ўрта бўйли, буғдойранг, юзида сепкиллари бўлган 15 ёшли Зиёдулло ўта камгап, расмга тушишни ҳам унчалик ёқтирмайди.

Зиёдулло ўтган йили 12 июн куни унинг маҳалласига бостириб кирган тўда отган ўқлардан яраланган.

-Оғриқ сездим, оғриди. Кўзимни очсам больницада эканман.

Озодлик: Хозир оғрияптими?

- Чап оёғим сал оғрияпти. Баъзан ўздан ўзи зинғираб оғрийди.

Озодлик: Мактабни битириб нима иш билан шуғулланмоқчи эдингиз?

- Дадам ун сотар эди, дадамга ёрдам берар эдим,- дейди Зиёдулло.

10 синф ўқувчиси Зиёдулло ҳозир мактабга қатнамаяпти. Июн воқеаларидан буён ўспирин Ўшда 4 марта жарроҳлик столига ётди. Унинг онаси, 33 ёшли Одина Жўрабоева ўша кунги воқеаларни эслар экан, шундай дейди:

- Отиб ташлаганидан кейин бу болани скорийда олиб кетди. Ҳаммамиз ҳар ерда бўлдик. Уч кундан кейин ўзига келиб, ўзи телефон қилди. Худога шукур, врачлар болага ёрдам берди,- дейди Одина опа.

12 июн куни Ўшнинг Черемушки маҳалласида Одина опанинг уйида маҳалладошлари жон сақлашган эди. Улар орасида турли миллат вакиллари ҳам бўлган.

- Нима бўлганини билолмай қолдик. Қаерга боришни, нима қилишни билмадик. Кейин уйни ичидан чиқмадик. Бизнинг уйимиз баландлик учун, маҳалламизда ўрис, қирғиз, татар, ўзбек аралаш эди. Қўшнимиз бор эди, қирғиз қиз, иккита қизи билан бизникида ўтирди. Кейин уйимиз ёнганидан кейин, қочиб чиқиб кетаётганимизда, ҳамма ҳар ёққа қараб қочиб чиқиб кетди,- дея эслайди воқеаларни Зиёдуллонинг онаси.

Одина опанинг ўзи бошига ўқ теккани боис, хотираси сусайган. 19 январ куни она ва бола Бишкекка даволангани келдилар. У кишиниг айтишича, шифокорлар ўғли Зиёдуллога жарроҳлик амалиёти зарур эканлигини айтишган. Зиёдулло учун бу бешинчи операция бўлади:

- “Операция қилиш керак” деяпти. Оёғида ҳам қолган-да. “Ичида осколкалар кўп. Буларни олмаймиз. Опасний олгани” дейишаяпти. Тиззасига оғриқ бераяпти, суягини ичига кириб кетибди. Уролог “опасний, ташқарида экан. Унга тегмаймиз. Болага зиён етқазиб қўямиз. Оёғидагисини олишсин”, деяпти. Иккинчи ўғлим ҳам ўша пайтда оёғини уриб олган. Уриб олганидан кейин шишиб кетган. Энди биз катта ўғлим билан шуғулланганимиз учун унга эътибор бермаганмиз. Уни оёғини шиши қайтиб, суяги бошқача жойлашиб қолибди. Худога шукр, ўзимизнинг Ўшдаги вилоят касалхонасидаги травматолог Абдурашид ака унга “секин-секин даволаниш олса, йўқолиб кетади” деяпти. Ўзимни бошимга ўқ теккан. Бошимни чап томонига. Стрессда, қўрқинчли пайтда нима бўлганини эслай олмайсиз экан. Ярамдаги ўқни олиб, тикиб қўйишган. Урганида иккита қовурғам ҳам синган,- дейди ўшлик Одина Жўрабоева.

Одина опа ўғли Зиёдулло футболчи бўлишни орзу қилганини айтади.

Бугун 4 ўғли билан уйи ёниб, ҳеч вақосиз қолган Жўрабоевлар оиласига фақат хайрия ташкилотлари ҳамда маҳаллий жамоат вакилларигина ёрдам бермоқда.

Зиёдулло Жўрабоевга “Улыбка” жамоатчилик фонди раҳбари Элмира Умарова ёрдам қўлини чўзган. Элмира она ва болани Бишкекка келиш учун йўл ҳаражатларини кўтарди, самолётга билет олиб берди. Маҳаллий шоу бизнес вакили Ассол Модоқматова она ва болани иссиқ овқат билан таъминлаб турибди.

Шундай бўлса-да, 15 ёшли Зиёдулло Бишкекда зерикаётганини, тезроқ Ўшга, ўз уйига қайтишни кутаётганлигини айтади. Ўшда отаси билан ака-укалари қолган. Энг кенжасининг ёши иккида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG