Линклар

logo-print

20 январ куни Москвада саккиз йилдан бери қамоқда қолаëтган олигарх Михаил Ходорковский тўпламининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Москва сиëсий элитасининг мафкуравий мухолифига айланган Ходорковскийга ҳурмат кўрсатиш мақсадида йиғинда Россия ижодий зиëлиларининг таниқли вакиллари иштирок этди.


Россиядаги дунëга машҳур зэкнинг жамоатчиликка тақдим этилган китоби “Михаил Ходорковский: Мақолалар. Мулоқотлар. Интервюлар.” деб аталади. Китобнинг тақдимот маросимида Ходорковскийнинг ота-онаси¸ дўстлари¸ айни пайтда Борис Акунин¸ Людмила Улицкая каби таниқли ëзувчилар¸ машҳур кинорежиссëр Элдар Рязанов¸ журналист Владимир Познер ва Леонид Парфëнов¸ Россия собиқ Бош вазири Михаил Касянов¸ шунингдек Людмила Алексеева ва Сергей Ковалëв каби ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этди.



- Мен кўпдан бундай ҳалол даврада бўлмаган эдим. Агар бу китоб ўқилса¸ ҳалол одамлар кўпаяди¸ деб ўйлайман¸ дейди “Тақдир ҳазили” каби машҳур совет кинокартиналар режиссëри Рязанов.

Совет иттифоқи қулаганидан кўп ўтмай¸ Россиянинг энг бадавлат шахсига айланган Михаил Ходорковский ўз бизнес ҳамкори Платон Лебедев билан биргаликда катта миқдордаги ўғирлик ва пул ювиш операцияларида айбдор деб топилиб¸ 2003 йили 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Аммо ўтган ой иккала тадбиркор устидан иккинчи суд жараëни ниҳоясига етди ва иккаласига ҳам 14 йиллик жазо тайинланди ва Ходорковский ва Лебедев яна камида 6 йиллик умрини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Ходорковский яқинлари ЮКОС нефт ширкати раҳбари сиëсий мухолифат ва Россиядаги фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашни бошлаганидан сўнг¸ Владимир Путиннинг душманига айлангани ва Путин ҳокимиятда экан¸ унинг озодликка чиқарилиши савол остида қолажагини таъкидламоқда.

2003 йилги биринчи суддан сўнг давлат пропагандаси таъсири остида россияликларнинг аксарияти Михаил Ходорковскийдан мамлакат бойликларини ўғирлаган олчоқ сифатида нафрат қилган эди. Аммо кузатувчиларга кўра¸ Ходорковский ва Лебедев устидан ўтказилган иккинчи суд жараëнидан сўнг жамоатчилик фикри ўзгарган ва бугунга келиб кўпчилик собиқ олигархни Кремл¸ аниқроғи Путин қаҳрига учраган жабрдийда сифатида кўра бошлаган.

Михаил Ходорковскийнинг отаси¸ режим ўғрига чиқаришга уринаëтган ўғли билан фахрланишини айтади.

- Михаил¸ Россияни ташлаб кетмаслик¸ бу ердан қочиб кетмасликка иродаси етган одам. Ҳеч ким унинг олдига келиб¸ юзига тупуриб “ўғирликни қилиб¸ қочиб қолдинг” деб айта олмайди. Унинг қанақа ўғрилигини билмоқчи бўлсангиз¸ Михаилнинг қандай яшагани¸ ўзига нимани эп кўрганини бир келиб кўринг-а. У маърифатга¸ етим болаларга кўп пул сарфлади. Менга эса¸ пулнинг кўп ҳам қадри йўқ. Биз қолган умримизни бир амаллаб ўтказамиз¸ дейди Михаил Ходорковскийнинг кекса отаси Озодлик билан суҳбатда.

Ходорковский китобига унинг қамоқдан туриб таниқли ëзувчи Людмила Улицкая билан қилган мулоқотлари ҳам киритилган. Тақдимот маросимида гапирган ëзувчи¸ бу мулоқотнинг бир кун келиб озодликда¸ юзма-юз давом этишига умии борлигини айтади.

- Михаил Ходорковский билан мулоқотимиз некбин бир нуқтада тугайди. Мен унга¸ бир кун келиб суҳбатимизни бир стол атрофида¸ чой устида¸ балки қизиқарли ҳамсуҳбатлар даврасида давом эттирамиз¸ дедим. Мен бу куннинг келишига умидимни йўқотганим йўқ. Умид қиламанки¸ бунинг амалга ошиши учун 2017 йилга қадар кутишга тўғри келмас. Кўп нарса ўзимизга¸ қиладиган ишларимизга боғлиқ. Биз бугунги тақдимотга Россияда адолатнинг йўқлигини яна бир бор айтиш учун келдик. Ахир бу фақат Ходорковскийгагина эмас¸ ЮКОСга мутлақ алоқаси йўқ жуда кўп одамга ҳам тегишли¸ дейди ëзувчи Улицкая.
XS
SM
MD
LG