Линклар

Футбол бўйича ўзбек миллий жамоаси мураббийлигига номзодлар?


Миробод туманидаги э йўқ¸ бе йўқ¸ бир кечада бузилаëтган кўп қаватли уйлардан бири.

Миробод туманидаги э йўқ¸ бе йўқ¸ бир кечада бузилаëтган кўп қаватли уйлардан бири.

21 январ куни Осиë биринчилиги учун курашда Ўзбекистон терма жамоаси Иорданияга қарши футбол майдонига тушса, Озодлик ахборот майдонида кейинги икки кун давомида Тошкент шаҳар ва Миробод туман ҳокимияти расмийлари маҳорат билан ўйин кўрсатдилар...


Тошкент шаҳар Миробод туманида шахсий уйлар огоҳлантиришсиз бузилаётгани ҳақида ўтган дастуримизда гапирган бироқ ҳокимиятдаги масъул шахслар, жумладан, қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Аброр Юнусов билан боғлана олмаган эдик.

Аброр Юнусовнинг ўзи бизга қўнғироқ қилиши ҳақида гапирган котиба аëлга ўз телефон рақамларимизни ҳам қолдирдик. Бироқ жаноб Юнусов на қўнғироқ қилди, на ахборот берди. Котибага кўра¸ ҳоким ўринбосари айнан туман ҳудудидаги уйларни қулатиш билан ўта бандлиги боис¸ мухбирлар билан гаплашишга фурсат тополмаëтир:

- Кўчада юрадилар, мана шу строительство. Как раз снос кетаяпти, ўша ерда юрибдилар, деди жаноб Юнусов қўл телефони рақамларини бера олмаслигини айтагн котиба қиз.

21 январ куни Миробод туман ҳокимиятига қўнғироқ қилганимизда¸ котиба Аброр Юнусовнинг биз учун қолдирган гапларини етказди:

- Именно ахборот-таҳлилий марказ бор экан Тошкент шаҳар хокимиятида. Улар ахборот бериш билан шуғулланади. Тошкент шаҳар ҳокимиятига, ахборот таҳририятига мурожаат қилар экансиз. Биз исполнителний комитетмиз.”Мен исполнение қиламан” дедилар, дея такрорладиТошкент шаҳар Миробод туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Аброр Юнусов сўзларини котиба қиз.

Котиба қиз тавсия қилган рақам бўйича Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ахборот-таҳлилий марказига қўнғироқ қилдик.

- Басира опа, биз шуғулланмаймиз ҳеч қачон.

Озодлик: Нимага бўлмаса сизларнинг телефонингизни берди?

- Энди кимдир ўзидан соқит қилиб, кимнидир арқонга ташлаши керак-ку.

Озодлик: Унда бу масала бўйича кимга мурожаат қилай?

Сиз қўймай туринг, илтимос, деди Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ахборот-таҳлилий маркази ходимининг ўзини Саиджон деб таништирган ходими. Шундан сўнг кун давомида Тошкент ҳокимиятларига қўнғироқ қилиб, толиққанлар асабини тинчлантирувчи куй янгради. Бироздан сўнг суҳбатдош алоқада пайдо бўлди. Овози анча пасайган Саиджон ака бизнинг суҳбатимизни ёзиб олишни бошлади, биз ҳам унинг сўзларини бу томондан ёзишни давом эттирдик.

- Басира опа, хозир гаплашдим. Бу масала бўйича бизда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари бор - Усмонов Раҳмонбек Жаҳонгирович. Ўша полний ер масаласи бўйича шуғулланади. Чунки бизнинг хўжайин аналитика билан шуғулланади-да. Ваколатимизга тўғри келмайди бу нарса, деди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот-таҳлилий маркази ходими Саиджон.

Миробод туман ҳокимлиги ҳовлисидан Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги ахборот-таҳлил марказига отилган копток¸ энди Тошкент шаҳар ҳокимининг ер ва қурилиш бўйича ўринбосари Раҳмонбек Усмонов идорасига йўналди ва биз энди бу расмийни қидириш уринишини бошладик. Анча вақт яна асабларни тинчлантирувчи куй янграгач¸ гўшакни ўзини “Усмоновнинг ёрдамчиси” дея ўзини таништирган ходим кўтарди. Унинг сўровимизга жавоби қисқагина бўлди:

-Официално, ёзма равишда чиқинглар, опажон.

Ҳокимият вакилининг бу гапига жавобан Ўзбекистон конституцияси бўйича ҳар бир фуқаронинг ахборот излаш имконига эга эканлиги, шунингдек Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларга асосан мансабдор шахс ёзма мурожаат талаб қилмай¸ фуқаро ва журналистларнинг оғзаки мурожаатига ҳам жавоб бериши шартлигини айтганимиздан сўнг, ҳокимият ходимининг жавоби ўзгарди:

-Ахборот марказимиз бор. Уларга алоқага чиқинглар, бўлмаса, дея Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ёрдамчиси гўшакни илиб қўйди.

Икки кун давомида Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳудудида ўнлаб кўп қаватли уйларнинг ҳеч бир огоҳлантиришсиз бузилаëтгани¸ уй эгаларининг эса кўчага улоқтирилаëтгани юзасидан бу иш тепасида турганлардан жавоб олиш уринишимиз¸ ана шундай самарасиз тугади.

21 январ куни Ўзбекистон-Иордания миллий жамоалари ўйинида ўзбек футболчилари ғолиб бўла оладими-йўқми¸ буни билмадиму¸ аммо икки кун давомида Озодлик мухбирига қарши копток сурган Тошкент шаҳар ҳокимликлари расмийларининг “ахборот бериш” маҳоратига қойил қолмасдан илож йўқ. Ўзбекистон миллий жамоасига мураббий қидириб¸ овора бўлишга ҳам ҳожат йўқ – футболчилар тўп суриш илмини расмийлардан ўрганса бўлармиди!?!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG