Линклар

Ҳукмдорнинг хўрланганлар билан иши йўқ


Узметроном Интернет нашри муҳаррири Сергей Ежков.

Узметроном Интернет нашри муҳаррири Сергей Ежков.

Тошкентда бир неча кундан бери оммавий тарзда уйларни бузиш кампанияси давом этмоқда. Ўзбекистонда чиқадиган Узметроном Интернет нашрининг бош муҳаррири Сергей Ежков бузилган маҳаллаларга бориб кўрган манзараси ҳақида фикрларини қоғозга туширди.


Бугун Тошкеннинг кичик айланма йўлидан юрдим. Кечагина бу йўл ёқасида хусусий уйлар турган эди. Ўтган асрнинг ўрталарида қурилган, аҳолининг камбағал қатлами яшаган ва ҳаробаларни эслатувчи уйлар бузиб ташланди. Ўша йўлдан ўтдим, уйларни зўр бериб, бузишар эди. Қурувчилар кийими кийдилирлган мардикорлар эпичиллик ва лоқайдлик билан қийшиқ томлардан шиферларни ечиб олишар, ғиштдан кўтарилган деворларни йиқишар, дераза ромларини синдиришар эди. Уч километрдан узоқроққа чўзилган йўл оралиғида қашшоқ ва шунинг учун ҳам мутлақо ҳимоясиз фуқароларга тегишли хусусий мулк сурбетларча йўқ қилинар эди. Тошкентнинг бу жойида эскиттан пролетарлар – совет ҳукумати ҳам унча сийламаган, бугунги ҳукмдорларга эса умуман кераги бўлмаган фақирлар яшарди.

Печка трубаларигина қақайиб турган вайронлар олдида эгалари каби ғариб ва эски мебел қолдиқлари уюм-уюм бўлиб ётибди. Олтмишинчи йилларда ясалган шифоньерлар, ҳар хил стуллар, газ плиталари, матраслар устма-аст қалашиб ётган уюм орасида эскилигидан қийшайиб кетган болалар коляскаси ҳам кўзга ташланади, хуллас, шаҳар ҳокимияти буйруғига кўра, вайрон қилинаётган уй эгалари умр бўйи топган ашқал-дашқаллар. Бир зумда мол-мулкидан муҳрум бўлган ва бошпанасиз қолган тошкентликлар норозилик қилиб қўймасин учун ҳар ўн метрда уларни милиционерлар кузатиб турарди.

Ҳа, мол-мулкидан маҳрум этилган ва уйзиз қолган тошкенликлардир булар, чунки шаҳарнинг бу даҳасини қайта қуришни қарор қилган ҳукуматнинг қайта қуриш қурбонлари тақдири не кечиши билан иши йўқ. Уларга янги квартиралар берилмайди. Чунки бериладиган квартираларнинг ўзи йўқ. Мустақиллик йилларида пойтахтда (республиканинг бошқа йирик шаҳарларида бўлгани каби) собиқ совет даврининг сўнгги 20 йили давомида қурилган турар жйоларнинг 1,2 фоизи қурилди холос. Бойлар учун мўлжалланган ва ҳашамт билан қурилган кўп қаватли қасрлар улар учун эмас. Бу қашшоқ фақирларни бу уйларнинг остонасига ҳам йўлатишмайди. Уларга пичоққа илинадиган товон пули ҳам берилмайди. Уларнинг тақдири ҳокимиятнинг бутоқлари деб аталмиш ижрочи, қонун чиқарувчи ва суд органлари вакилларини қизиқтирмайди.

Буни мустақиллик тарихидан биламиз. Маҳаллий ҳукумат вакилларининг буйруғига кўра Тошкентда аввал ҳам уйлар бузилгани ҳали эсимда. Ўша уйларҳам, бедодликларга қарши норозиликнинг бошқа усулини тополмаган одамлар уй ичига биқиниб олганига қарамасдан, бузиб ташлаган эди. Уларга вайрон қилинган уйлар эвазига на товон пули, на квартира берилди ва на бюджет ҳисобидан кўчириш таъминланди. Уларни ахлатга ташлагандай, кўчага ҳайдаб юборишди, чунки бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаслигини билишарди. Ҳеч ким лавозимидан олинмайди, жавогарликка тортилмайди, хўрланган ва ҳақоратланганларнинг доди президентга етиб бормайди ва уларнинг ҳеч бири адолат тополмайди.

… Уч километрга чўзилган инсонлар қайғуси. Уч километрга чўзилган кўз ёшлари, бу кўз ёшларини ҳукумат кўрмайди, кўришни истамайди. Уч километрга чўзилган дарду аламлар, ҳукмдорлар бу дард билан иши йўқ. Қорни тўқ ва ўзига бино қўйган амалдорлар учун уч километрга чўзилган бу аламлар ёт бўлиб қолади.

Кўчага ҳайдалган қариялар, аёллар, болалар. Ҳокимият бор-бутидан маҳрум қилган бу одамлар вайронага айланган уйлари олдида инадамай, хўжасининг қаҳридан қўрқиб унинг кўзига тик қарашдан қўрққан қул каби, индамай йиғлашяпти. Улар қўрқишади. Бутунлай топталиб, йўқ қилинишдан қўрқишади. Ҳеч ким давлат юборган кафандузлар йўлини тўсиш учун қўл ушлашиб чиқмади. Парламентдаги халқ вакилларидан бирортаси мол-мулки ва бошпанасидан айрилган бу одамлар ҳимоясига сўз айтмади. Ҳеч бир сиёсий партия рўй бераётган бедодликларга ўз муносабатини билдирмади. Маҳаллий газеталардан бирортаси бу ҳақда чурқ этмади.

Жамиятдаги норозилик, эллик йил аввал бўлганидай, хос суҳбатлар даражасида қолмоқда. Бундай хос суҳбатларда одамлар мамлакатни ўз мулкига айлантирган, ўзлаштириб олган амалдорларни сўкишади. Уларнинг амалдорларга бўлган нафрати кучайиб бормоқда, чунки уларни одам ўрнида кўрмай қўйишди. Бунда қашшоқлар ҳам, бойлар ҳам амалдорлардан бирдек нафратланишади. Бу нафарт, қашшоқларнинг бой бўла олмагани, бойлар эса, бир кунда қашшоқлар қаторига қўшилиб қолиши хавфидан сув ичади. Узвий боғлиқликни қаранг. Уни англаш ва мантиққа солиш осон.

Улар қўрқишади ва нафратланишади. Таҳликали аломат...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG