Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:56

Рашод қори Камолов қамоқда


Қирғиз расмийларига кўра, Рашод қори устидан ариза у содир этгани айтилаётган жиноятдан аввал тушган.
Қирғиз расмийларига кўра, Рашод қори устидан ариза у содир этгани айтилаётган жиноятдан аввал тушган.

Ўш вилояти Қорасув шаҳридаги марказий Ас-Сарахсий жоме масжиди имом-хатиби Рашод қори Камолов икки ўзбекистонликнинг аризасига биноан қўлга олинди. Бу ҳақда Озодлик радиосига Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.


Тилга олинган идора баёнотида айтилишича, Бишкек шаҳар Свердлов туман суди Рашод қори Камоловга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уни ҳибсда ушлаш тўғрисида қарор чиқарган.

Рашод қори Камолов билан боғлиқ мавзуни у қўлга олинган кундан бошлаб имкон қадар ёритиб келаяпмиз.

Аввалига унинг қўлга олингани тўғрисидаги маълумотлар зиддиятли бўлди.

Қўлга олингани расман тасдиқлангач, суд қилингани тўғрисидаги хабарлар зиддиятли бўлди.

Натижада пайшанба, 20 январ куни Ас-Сарахсий масжиди қавми "имом эртага келар экан, жумани ўзи ўтказар экан", деган ишонч билан юрди.

Бироқ қавм вакилларидан бирининг айтишича, 21 январ куни жума намозида имомликка бошқа одам ўтди.

- Амакиси ўтди. Нуриддин қори деган ўтди.

Озодлик: Имомликкая?

- Ҳа.

Озодлик: Жумани ўқиб бўлдингларми?

- Энди чиқаяпмиз ака, деди қавм вакилларидан бири.

Демак, Рашод қори Камолов 21 январ куни ҳам Қорасувга қайтмади. Хўш, у қаерда?

Бу саволнинг сўнгги бир кеча-кундуз давомида топилмаган жавоби 21 январ куни топилди.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходимаси матбуот учун тайёрланган баёнотни ўқиб берди.

- 2009 йилнинг 11 январида Ўзбекистон республикасининг икки фуқароси Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасига Қирғизистон республикаси фуқаросига нисбатан чора кўришни сўраб мурожаат қилган. Аризада айтилишича, Қирғизистон фуқароси уларга Саудия Арабистонига виза очдириб беришни ваъда қилиб, 2009 йилнинг 15 ноябрида уларга тегишли 6300 АҚШ долларини алдов йўли билан ўзлаштириб олган, деди бошқарма матбуот хизмати ходимаси.

Унинг айтишича, тилга олинган аризага асосан ҚР ЖКнинг 166-моддаси, 2-банди (фирибгарлик) бўйича жиноят иши очилган.

- Ўтказилган тергов-суриштирув амалиётлари давомида фирибгарликда гумон қилинган шахснинг кимлиги аниқланди. У Рашод Камолов бўлиб чиқди, деди бошқарма вакили.

У Камоловнинг 18 январ куни Манас аэропортида қўлга олинганини тасдиқлади. 19 январ куни эса,

- Бишкек шаҳар Свердлов туман суди томонидан қўлга олинган шахсга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда ушлаш тўғрисида қарор чиқарилди, деди Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходимаси.

Демак, Рашод қори Камолов ҳибсда сақланмоқда.

Азиз тингловчи, матбуот хизмати ходими айтган саналарга эътибор бергандирсиз: ўзбекистонликлар Рашод қорининг устидан Бишкек милициясига 2009 йилнинг ноябрида юз берган иш бўйича 10 ой олдин – ўша йилнинг 11 январида арз қилган бўлиб чиқаяпти.

Ходима билан суҳбат чоғида бу чалкашликни илғамай қолибмиз. Кейин билиб қолдик. Лекин бошқарма баёноти тўғрисида хабар қилган Акипресс материалида ҳам саналар ғалати – унга кўра ўзбекистонликлар 2009нинг 15 ноябрида бўлган иш учун 4 кун олдин - 11 ноябрда арз қилган бўлиб чиқаяпти.

Биз Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати вакилидан нима учун икки йил муқаддам тушган ариза бўйича энди ҳаракат қилаяпсизлар, деб ҳам сўрадик ва “Бу вақт ичида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди, гумон қилинган киши шахси аниқланди”, деган жавобни эшитдик.

Рашод қорининг ушланиши қатор саволларни келтириб чиқармоқда. (Баёнотдаги саналарнинг чалкашлигини уни тайёрлаган ходимнинг эътиборсизлигига йўяйлик).

Саволлар, айниқса, Рашод қори Камолов аъзоси бўлган оилани танийдиганларда кўпроқ пайдо бўлиши мумкин.

2006 йил августида ўлдирилган Рафиқ қори Рашод қорининг отаси эди.

1995 йилнинг августида бедарак йўқолган андижонлик Абдували қори ҳам камоловлар оиласининг яқин қариндошидир.

Камоловлар оиласи билан боғлиқ вазиятни тушунтириб беришни сўраб марҳум Рафиқ қорининг яқин дўсти Равшан Гапировга мурожаат қилдик.

- Ëшликдан қорасувлик бўлганим учун, бу оилани билганим учун шуни айтаманки, бу оила бутун уруғи билан ниҳоятда илмли одамлар. Қуръонни жуда ҳам яхши билган, Қуръондаги нарсаларни текис гапирадиган, у ëққа бу ëққа қийшайтирмайдиган одамлар. Андижондаги қариндошининг йўқолиб кетиши бу илмининг орқасидан. Рафиқ қори Камоловнинг ҳам илми ниҳоятда кучли бўлган. Буларнинг илми кучлилигидан ҳасадчилар ҳам кўп. Органлар бир қанча марта чақиришган ҳам ҳокимиятга, СНБга. “Сал секинроқ гапиринг. Қаттиққа кетаяпсиз” деган огоҳлантиришлар бўлган. Лекин қайтмаган, тўхтамаган. Энди ўғли отасининг изидан кетаяпти, деди қорасувлик Равшан Гапиров.

Ўш вилояти Қорасув шаҳридаги марказий Ас-Сарахсий жоме масжидининг ёши 35 га кетаётган имом-хатиби Рашод қори Камолов 2010 йилнинг 12 июлида ҳам қўлга олинган, Қорасув шаҳар ички ишлар бўлимида бир неча соат ушлаб турилган ва уни озод қилишни талаб қилган қорасувликларнинг стихияли митингига бир неча минг киши йиғилгач, қўйиб юборилган эди.
XS
SM
MD
LG