Линклар

Ўшликлар шомдан кейин кўчага чиқишга қўрқишади


Ўшнинг кўчалари шоидан кейин бўшаб қолмоқда.

Ўшнинг кўчалари шоидан кейин бўшаб қолмоқда.

Ўш воқеаларидан кейин ўтган 7 ой мобайнида ҳам мазкур шаҳардаги миллатлар аро муносабатлар мураккаблигича қолмоқда. Бу нарса Ўш кўчаларда шомдан кейин деярли одам қолмаётгани, кўчага фақат ўта мажбур бўлиб қолинганидагина чиқилаётганидан ҳам сезилади.

Ўшнинг марказий кўчаларида оқшомдан кейин ўзбек миллатига мансуб одамларни учратиш амри маҳол бўлиб қолган. Кам сонли йўловчиларнинг асосий қисми эса қирғиз миллатига мансуб одамлардир.

- Худога шукур, ҳозир шаҳар анча тинчиб қолди. Мана, тунда бемалол кўчада кетаяпман. Ҳеч ким менга даҳл қилаётгани йўқ, -дейди қирғиз милалтига мансуб бўлган ўшликлардан бири.

Ўшнинг Қирғизистон кўчаси бошидан охиригача асосан ошхона, ресторан, тунги клублар ва турли савдо шаҳобчаларидан иборат. Июн воқеасига қадар бу кўча 24 соат мобайнида гавжум бўлар эди. Бироқ Ўш қирғинидан 7 ой ўтганидан сўнг ҳам, бу кўчадаги гавжумлик қайта тикланмади. Мазкур кўчадаги савдо шаҳобчаларидан бирида савдо қилувчи Ойжамолнинг айтишича, бу кўчада оқшом пайти умуман бошқа миллат вакилларини учратиб бўлмайди.

- Кечаси соат 11 гача савдо қиламан. Кўчада одамлар аввалгидай кўп эмас. Бундан ташқари қирғизлардан ташқари бошқа миллат вакилларини кўчада ҳеч ҳам кўрмайсиз,-дейди Ойжамол.

Маълум бўлишича, Ўш кўчаларида оқшом бошланиши биланоқ милиция ходимлари кўпаяди. Шаҳар кучайтирилган тарзда қўриқланади. Шунга қарамай, ўзбек миллатига мансуб одамлар ханузгача оқшомдан кейин кўчага чиқа олмайдилар.

Ўшнинг Қурмонжон додҳоҳ кўчасида истиқомат қилувчи Шаҳобиддин ака бунинг сабабини мана бундай тушунтиради.

- Мен мана шу катта кўчанинг бўйида яшайман. Шомдан кейин бу кўчага чиқишга одамлар қўрқади. Чунки хавфсизлик мутлақо таъминланган эмас. Милиция ходимлари эса паспорт текшириш баҳонасида одамларнинг пулини олади, - дейди Шаҳобиддин ака.

Яна бир суҳбатдошимиз Иброҳимжон ҳам ўзбек аҳолисининг асосий қисми милиция ходимларидан қўрққаётгани учун кўчага чиқа олмаётганини айтади. Чунки милиция ходимлари ҳужжат текшириш баҳонасида исталган одамни ҳибс қилиши мумкин, кўпчилик ўзбекларнинг ҳужжатлари эса Ўш қирғини пайтида ёниб кетган.

- Нафақат милиция, балки ГАИ ходимлари ҳам ҳужжат текшириш баҳонасида исталган одамни қамаб қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам тинчгина ўтирайлик деймизда, кўчага фақат жуда зарур бўлиб қолгандагина чиқиб келамиз, -дейди Иброҳимжон.

Айтиб ўтиш лозимки, 2011 йил Ўшда “Миллатлар аро дўстлик ва иноқлик йили”, деб эълон қилинган. Аммо Ўш кўчаларидаги бугунги вазият дўстлик ва иноқликни қайта тиклаш анча мураккаб бўлишини кўрсатмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG