Линклар

Тожикистонда Ҳизбут-Таҳрир амири қамалди

  • Гулнора Равшан

Ҳизбут-Таҳрирнинг янги журнали Тожикистонда кенг тарқалмоқда.

Ҳизбут-Таҳрирнинг янги журнали Тожикистонда кенг тарқалмоқда.

Тожикистондаги Ҳизбут-Таҳрир "амири" экани айтиладиган Юсуфжон Ҳафизов 18 йилга озодликдан маҳрум этилди. У билан бирга фаолияти таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига аъзоликда абланган яна етти киши 6 йилдан 17 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.


Тожикистонда Ҳизбут-Таҳрирга раҳбарлик қилганликда айбланган Юсуфжон Ҳафизов Душанбе шаҳар суди ҳукми билан 18 йилга озодликдан маҳрум бўлди.

Суд жараёнига раислик қилган Муҳаббат Шамсиддинова ўқиган ҳукмга кўра, Юсуфжон Ҳафизов Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти бош амири Ато Халил Абу Раштанинг буйруғи билан Тожикистондаги ҳизбчилар амири этиб тайинланган.

- Ҳафизов Юсуфжон Тожикистон жиноят Кодексининг 307 ва 381-моддаларига мувофиқ айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилди. У жазо муҳлатини кучайтирилган тартибдаги колонияда ўташи белгиланди, - деди жумладан Душанбе шаҳар судяси Шамсиддинова.

Бироқ Юсуфжон Ҳафизовнинг холаси Ҳанифа ая суд адолатсиз ҳукм чиқарганидан шикоят қилди.

- Юсуфжонни 7 ой аввал ҳибсга олишганди. Ўша қўлга олишган куни уйида тинтув ўтказган одамлар бирорта ашёвий далил топмаган. Бунга икки қўшни ва Юсуфжоннинг отаси гувоҳ. Суд жуда адолатсиз ҳукм чиқарди. Юсуфжон олти фарзанднинг отаси. Унинг икки фарзанди ва хотини иккинчи гуруҳ ногирони. Кичкина ҳовлида яшаётган шунча одамни жияним ҳайдовчиликдан топган пули билан боқиб турганди. Уни фақат намоз ўқигани учун қамашди. Ахир мусулмонга намоз, рўза фарз,- дейди Рудакий туманида истиқомат қилувчи Ҳанифа ая.

Юсуфжон Ҳафизов билан бирга қамоққа ташланганларнинг яқинлари суд ҳукми юзасидан халқаро ташкилотларга шикоят аризаси билан мурожат этажакларини айтишди. Уларга кўра, судланганлар қилмаган гуноҳлари учун ўта оғир жазо олишган.

Тожикистонлик ҳизбчиларга раҳбарлик қилганликда айбланиб, узоқ муддатга кесилган Юсуфжон Ҳафизов билан бирга судланган етти нафар тожикистонлик - Камолхон Салоҳиддинов, Собиржон Абдулҳомидов, Давлатёр Қурбонов, Толиб Нуров, Солеҳ Раҳмонов, Алижон Юсуфов ва Абдураҳмон Каримов 6 йилдан 17 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти 2001 йил Тожикистон Олий суди қарори билан ўнта диний экстремистик ташкилот рўйхатига киритилганди.

Қарорга биноан бу ташкилотга тегишли адабиётлар, аудио ва видео ёзувлар ҳамда варақаларнинг республика ҳудудига киритилиши таъқиқлаган.

Аммо шуни ҳам айтиш жозики, ўтган йил ноябрида Ҳизбут-Таҳрир ташкилотининг “Субҳи хилофат” номли 54 саҳифадан иборат рангли журнали чоп этила бошлаган эди. Шу кунгача қаерда нашр қилингани номаълум қолаётган янги журнал асосан Тожикистон қамоқхоналарида миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳизбчиларга қўлланилаётган қийноқлардан ҳикоя қилади.

Гарчи “Субҳи хилофат” журнали тожикистонликлар орасида қўлдан-қўлга тарқаётган бўлса-да, Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси масъуллари бу журналнинг қаерда ва қачон нашр қилинганини аниқлай олмаганини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG