Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:51

Россияда Ислом телеканали ўз фаолиятини бошлайди


Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнуддиннинг айтишича, исломий телеканал 1-1,5 ой ичида ишга тушиши кутилмоқда.
Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнуддиннинг айтишича, исломий телеканал 1-1,5 ой ичида ишга тушиши кутилмоқда.

2011 йилнинг феврал-март ойларида Россияда илк Ислом телеканали ишга тушади. Бу ҳақда маълум қилган Россия Муфтийлар Кенгаши раиси Равил Ғайнуддинга кўра, ҳозирда телеканални ишга тушириш бўйича техник ишлар якунланиш арафасида.

Россия Муфтийлар Кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддиннинг айтишича, исломий масалаларни ёритувчи оммавий телеканал аллақачон давлат рўйхатидан қайддан ўтиб, эфирга узатиш лицензиясини олишга тайёргарлик кўрмоқда.

- Биз Россияда биринчи телевизион канални спутник орқали эфирга чиқардик. Энди ноябр ўрталаридан - бунга 2,5 ой бўлади – бизнинг сигналларимиз қабул этила бошлади. Ҳозирда техниклар қайси ҳудудларни қамраб олишимиз бўйича текшириш ишларини олиб бормоқда, - дейди Бухородаги Мир-Араб мадрасасида таҳсил олган Равил Ғайнуддин.

Россия Бош муфтийси мусулмонлар телеканали маданий-маърифий дастурларга кўпроқ эътибор қаратишини ва барча дастурлар Муфтийлар кенгаши назорати остида бўлишини билдирди.

Янги Ислом телеканалининг ишга туширилиши, Равил Ғайнуддинга кўра, мамлакатнинг энг бадавлат тузилмаларидан бири - “Газпром” ҳомийлигида амалга оширилмоқда.

- Бу канал келажакда “триколор” системасидаги дастурда “Газпром”нинг “Royalcom” спутник тизими орқали эфирга узатилади. Биз “Royalcom” билан шартнома туздик. Улар бизга ўзларининг спутник тизими имкониятларидан фойдаланишга руҳсат берадилар ҳамда биз ўзимизнинг ҳозирлаган дастурларимизни эфирга чиқарамиз. Бу телеканал кунига 24 соат ишлайди, - деди Россия Муфтийлар кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддин.

Ислом телеканали дастурлари диний масалаларга, айниқса ёшларнинг диний тарбиясига катта эътибор қаратиши айтилмоқда.

Равил Ғайнуддинга кўра, мусулмонлар телеканалининг пайдо бўлишини сўнгги пайтларда Россияда бош кўтараётган миллатчилик, ксенофобия ва ирқчилик ҳаракатларининг оммавийлашиши тақозо этмоқда. Қолаверса, дейди Равил ҳазрат, 20 миллион чоғли россиялик мусулмонлар ўз телевидениесига эга бўлишга ҳақли.

Мусулмонлар телеканалини барпо этиш ғояси 2009 йилнинг августида Россия президенти Дмитрий Медведев томонидан қўллаб-қувватланган эди. Шимолий Кавказдаги мусулмонлар ташкилотлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда у телеканал дастурларида ёшлар тарбиясига, Ислом ақидаси ва моҳиятига катта эътибор қаратилиши кераклигини таъкидлаб ўтган.

- У ўзида маърифий ва тарбиявий унсурларни ўзида мужассам этмоғи зарур. Телевидениедаги диний маориф масаласига тўхталсак: у яхшилик, замонавийлик ва ахлоқийлик тамойилларига таянмоғи шарт, - дея фикр билдирган эди Россия президенти Дмитрий Медведев.

Россия президентининг бу баёнотидан кейин Татаристонда бирданига иккита мусулмонлар телеканаллари вужудга келди: биринчиси “Имом ТВ” Интернет орқали аллақачон узатилаётган бўлса, иккинчиси - “Ислом ТВ” Татаристон ҳукумати молиявий ёрдами асосида фаолият юритмоқда.

Маълум бўлишича, Россияда Ислом телевидениесини ривожлантириш ҳисса қўшишга хоҳиш-истак билдирган тадбиркорлар ҳам анчагина. “Маркер” нашрининг маълумотига кўра, Россиянинг энг бадавлат шахсларидан бири, биринчи Ислом банкининг асосчиси Адолат Жабиев Ислом фастфуди ва ҳалол махсулотларни ишлаб чиқариш билан бир қаторда Ислом телевидениесига сармоя киритишга тайёр эканини айтиб ўтган.

Озодликка маълум бўлишича, Биринчи Ислом телеканалида турли конфессия ва диний бирлашмалар ўз дастурлари билан иштирок этиши кўзда тутилган.

Телевидение таҳлилчиси, Москва давлат университетининг Телевидение ва радио факултети кафедра мудири Анна Качкаева диний телевидение яратиш учун пухта тайёргарлик зарур эканлигини ва маданий-маърифий телеканал нафақат Ислом масалаларига оид дастурлар билан эфирга чиқиши кераклигини шундай тушунтиради:

- Балким умуман кенг миқёсда - диннинг инсон ҳаётидаги ўрни, унинг мазмун-моҳияти, қандай анъаналар, тасаввурлар, диннинг тарихий тараққиёти, хусусан, Исломнинг Россияда ривожланиши масалалари ёритилиши мақсадга мувофиқ бўлар. Ундай вазиятда бу канал нафақат Исломга бағишланган, балки умуман диний маданий-маърифий канал бўлиши керак, - дея ўз фикрини билдирди таҳлилчи Анна Качкаева.

Россияда 2005 йилдан буён фақат православ черковига қарашли “Спас” диний телеканали дастурлари эфирга узатилмоқда. Москва патриархияси қошида яратилган бу телеканал 2010 йилнинг бошларидан буён 24 соатлик режимда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларга кўра, 2011 йилнинг январ ойида Италияда ҳам илк Ислом телеканали ишга туширилди.
XS
SM
MD
LG