Линклар

Норозилар тунни ҳукумат биноси олдида ўтказди


Якшанба куни Тунис пойтахтида ўтказилган норозилик намойиши иштирокчилари ҳукумат истеъфосини талаб қиларкан тунни бош вазир идораси биноси олдида ўтказдилар.

Норозилар айтишича, жорий ҳукумат таркибида яқинда ҳокимиятдан четлатилган президент Бин Али тарафдорлари мавжуд. Улар, шунингдек, президент етакчилик қилиб келган партиянинг тақиқланишини талаб қилмоқда.

“Озодлик карвони” деб номланган деҳқонлар юриши 22 январ куни мамлакатни 23 йил бошқарган собиқ президент Зайн ал-Обидин Бин Алига қарши намойишга чиққан ва илк қурбонларни берган Манзил Бузайян шаҳридан бошланди.

Деҳқонлар “бу ҳукуматга барҳам бериш учун келдик” мазмунидаги шиорлар билан 23 январ куни пойтахт маркази бўйлаб кўча юриши ўтказдилар.

Кеча собиқ президентга яқин бир неча амалдор, жумладан собиқ ички ишлар вазири ҳамда йирик телекомпания раҳбари ҳибсга олингани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG