Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:17

Президент Каримов Брюсселда Баррозо билан учрашди


Каримов Баррозо билан кўришмоқда.
Каримов Баррозо билан кўришмоқда.

Ўзбекистон президентининг Брюссел учрашувлари билан айни соатларда инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилот фаоллари Европа Комиссияси биноси олдида рухсат этилмаган намойишга тўпландилар.


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Брюсселда Европа Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозо ҳамда ЕИнинг Энергетика масалалари бўйича комиссари Гюнтер Оттингер билан музокара ўтказмоқда.

Томонлар ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашинув меморандумини имзолашлари ва Тошкентда ЕИ ваколатхонасини очиш масалаларини муҳокама этишлари билдирилган.

Президент Каримов Брюсселда
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:09 0:00
Бевосита линк


Одатда Брюселга ташриф буюрган давлат раҳбарлари Европа Иттифоқи президенти Ҳерман Ван Румпей даражасида қабул қилинади.

Лекин Румпей Каримов билан Брюсселда учрашмайди. ЕИ ичкарисидаги манбанинг Озодлик мухбирига айтишича, Каримов билан учрашмаслик қарори жаноб Ван Румпейнинг шахсий, ахлоқий позицияси ифодасидир.

Европа Комиссиясидаги учрашувлардан сўнг Каримов Брюсселдаги НАТО бош қароргоҳида Шимолий Атлантика ҳарбий альянси раҳбари Андерс Фог Расмуссен билан учрашади.

Музокараларда Афғонистон бўйича ҳамкорлик масаласи бош мавзу бўлиши кутилмоқда.

Учрашув арафасида ташкилотнинг йиллик якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида НАТО раҳбари Андрес Фог Расмуссен Ўзбекистон президенти билан учрашув Ислом Каримов ташаббусига кўра амалга ошаётганини айтиб ўтди.

"Ҳамкорларимиз билан доимий мулоқотдамиз ва бу мулоқот демократия ва инсон ҳуқуқлари мавзуларини ҳам ўз ичига олади. Бугунги муҳокамаларда ҳам бу мавзулар кўтарилади", - деди Расмуссен.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи бошланар экан¸ халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари Европа Комиссияси биноси олдида рухсат этилмаган намойишга тўпландилар.

25 нафарга яқин журналист ва ҳуқуқ фаоли қўлларида "Андижон ҳали ҳам Адолат кутмоқда", деган ёзувли плакатларни кўтариб олишган.

Намойишчилар орасида Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штролайн ҳам бор.

"Европа Комиссияси учун бугун шармандали кун. Комиссия раҳбари ҳеч қанақа оқловчи сабабларсиз ўзбек диктаторини қабул қиляпти. Каримовнинг Брюсселда қабул қилинаётганини кўрган ўзбекистонликлар эса Европа Иттифоқи мазлумларнинг эмас, балки золимнинг тарафида экан, деган тушунчага боришлари турган гап.", - дейди Штролайн.

Европарламент депутатларидан бири, Белгиядаги Яшиллар партияси яъзоси Барт Стэс "Европа Иттифоқи диктатор оёғи остига қизил гилам тўшаб чакки қиляпти. Айнан ҳозир бунинг мавриди эмас эди. Европанинг Беларусдаги бошқа бир диктаторни қоралаб, Тунисда Бин Али режими қулашини олқишлай туриб, Каримовга қўл узатиши ақлга сиғмайди", деган.

Президент Ислом Каримов 2005 йилги Андижон фожиасидан кейин биринчи марта Европа Иттифоқи расмийлари билан бевосита Брюсселда учрашмоқда.

Андижонда юзлаб тинч намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистон расмийларига виза чекловлари ва қурол эмбаргоси жорий этган ва бу санкциялар 2009 йилда бекор қилинган эди.

Европа Иттифоқи 2005 йилнинг октябр ойида Ўзбекистонга қурол эмбаргоси ва Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ўлдирилишига бевосита алоқадор¸ деб кўрилган 12 расмийга виза чеклови жорий этар экан бу санкциялар олиб ташланиши учун Тошкент ҳукуматига бир қатор талабларни қўйган эди.

Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилиши шу талабларнинг асосийси эди. Аммо орадан тўрт йил ўтиб, ўзи қўйган асосий талабни кун тартибидан буткул олиб ташлаган Европа Иттифоқи, бу санкцияларни бекор қилди.

Human Rights Watch, Amnesty International, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи, Чегара билмас мухбирлар ва бошқа ташкилотлар Каримовнинг Брюсселга таклиф этилишини қаттиқ танқид қилдилар.

Ўзбек матбуоти Ўзбекистон раҳбари Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо таклифига биноан Брюсселга бораётгани ҳақида хабар қилган,бироқ Европа Комиссияси ҳам НАТО ва ё Бельгия ҳукумати ҳам Каримовни Брюсселга таклиф қилганини тан олмаяпти.
XS
SM
MD
LG