Линклар

Ҳюман Райтс Уотч Ғарбни қўрқоқликда айблади


ҲРУ раҳбари янги ҳисоботни тақдим этмоқда.

ҲРУ раҳбари янги ҳисоботни тақдим этмоқда.

“Қўрқоқ¸ хушомадгўй¸ бемаъни”. Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ўз янги ҳисоботида Ғарб ҳукуматлари ва халқаро тизимларнинг дунëдаги мустабид режимлар билан муносабатини танқид қилар экан¸ ана шу сифатларни қўллайди.


Халқаро майдонда инсон ҳақлари ҳимояси билан фаол шуғулланувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти 2010 йил давомида дунë давлатларида ҳукм сурган инсон ҳуқуқлари вазиятига оид 648 саҳифалик янги ҳисоботини 24 январ куни Брюсселда жамоатчиликка тақдим этди.

Айни шу куни йиллардан бери "дунëдаги энг ëмон диктатор" тамғаси ëпиштириб келинаëтган Ўзбекистон президенти айни шу Брюсселда Европа Иттифоқи ва НАТО раҳбарлари билан учрашди.

Ҳисобот тақдимот маросимида Каримовнинг Брюссел учрашувлари Ғарб етакчилари ва ташкилотларининг инсон ҳақлари бобида юрғизаëтган иккиюзлама сиëсатининг ëрқин намунаси сифатида талқин этилди.

ҲРУ тадқиқотчилари АҚШ¸ Европа Иттифоқи ва БМТ ни ўз фуқароларининг фундаментал ҳақларини топтаб келаëтган ҳукуматларга етарлича босим кўрсатмаëтганликда айбладилар.

ҲРУ етакчиларига кўра¸ Европа Иттифоқининг ëнилғи заҳираларига бой Ўзбекистон ва Туркманистон каби мустабид ҳукуматларга қилаëтган хушомад ва тавозеълари авторитар ҳукуматларнинг инсон ҳақлари борасидаги мулоқотга чап бериши учун қулай имкон туғдирмоқда.

Ўзбекистон президентининг Брюсселда чақирилмаган меҳмон эканини қайта-қайта таъкидлаган Европа комиссияси¸ НАТО ва Белгия ҳукумати расмийлари¸ айни пайтда бу сафардан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари юзасидан мулоқот ўтказиш учун имкон ўлароқ фойдаланганларини даъво қилдилар.

Аммо ҲРУ етакчилари¸ “мулоқот” сўзининг инсон ҳақларини савдо объектига айлантираëтган Ғарб сиëсатчилари тилидаги бемаъни урфга айланганини танқид қилдилар.

- Кейинги пайтларда¸ мулоқотни хуш кўриш урфга айланди. Бунақа мулоқот ва сассиз дипломатия шармандаликдан ўзга нарса эмас. Бизнинг нуқтаи назаримиздан¸ ëпиқ эшиклар ортида ўтаëтган бундай мулоқотлар дунë бўйлаб инсон ҳақлари учун бирор яхшилик келтирмади¸ деди ҲРУ ҳисоботи тақдимот маросимида ташкилотнинг Германиядаги масъулларидан бири Вензел Михалски.

Айни эътирозни давом эттирган ҲРУ ижрочи директори Кенет Роз¸ бундай “мулоқот” мустабид режимлар учун айни муддао эканини таъкидлади.

- Инсон ҳақларини энг кўп топтаëтган¸ бизнинг танқидимиз нишонига айланган ҳукуматлар бу каби”мулоқот”ларни жуда севишади. Бу инсон ҳақлари мавзусининг фақат ëпиқ эшиклар ортида муҳокама этилиши учун қулай имкондир.

Агар бундай мулоқотлар учун аниқ шартлар қўйилса¸ аниқ мақсадлар белгиланса ва у ëки бу ҳукуматнинг бу мулоқот олдидан мазкур шартларни бажариши учун муайян муҳлат берилса¸ бунақа мулоқотлардан бирор самара чиққан бўларди¸ деди ҲРУ нинг жаҳондаги инсон ҳақлари вазиятига бағишланган янги ҳисоботини жамоатчиликка тақдим этган Кенет Роз.

Янги ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисми хулосаларига кўра¸ Каримов режими 2010 йилда ҳам инсон ҳақларини топташ бўйича дунëдаги “етакчилар” сафида қолган.

“Ўзбекистон расмийлари инсон ҳақлари фаолларига мунтазам тарзда таҳдид қиладилар¸ уларни қамоққа ташлаб¸ қийноққа соладилар. 2010 йил давомида ҳукумат сўз эркинлигини янада чеклади¸ ҳукумат танқидчилари овозини ўчириш учун маъмурий ва жиноий айбловлар қўллашни янада кучайтирди.

Айни кунларда ҳукумат камида 14 нафар ҳуқуқ ҳимоячисини қамоқда сақламоқда¸ яна биттасига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан боғлиқ жиноий иш қўзғади”¸ дейилади ҲРУ ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмида.

Ҳисобот давомида ҳукуматнинг 2005 йилнинг 3 май куни Андижонда юз берган намойиш қатнашчиларини ҳамон шавқатсизларча таъқиб этаëтгани¸ маҳкамаларнинг ҳукумат танқидчиларини қамоққа ташлаш воситасига айлангани¸ сиëсий ва диний эътиқоди учун қамалганларга нисбатан қийноқ қўллашларнинг кучайиб кетгани ва йил давомида қамоқхонадан чиқаëтган ўликлар сони кўпайгани айтилади.

Эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятнинг янада ëмонлашгани¸ ҳукуматнинг ўзи қўл қўйган халқаро шартномаларга хилоф равишда болалар меҳнатидан фойдаланишни давом эттиргани кескин танқид остига олинган ҳисоботда¸ Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятининг янада ëмонлашгани учун маъсулиятга Ғарб ҳукуматлари ва ташкилотларининг ҳам шериклиги алоҳида таъкидланилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG