Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:30

Тунисда намойишлар давом этмоқда


Тунисликлар собиқ президент Бин Али давридан қолган сиёсатчилардан иборат ҳукумат истеъфосини талаб қилишмоқда.
Тунисликлар собиқ президент Бин Али давридан қолган сиёсатчилардан иборат ҳукумат истеъфосини талаб қилишмоқда.

Ўтган ҳафта Тунисни 23 йил бошқарган президент Зайн ул-Абадин Бин Али ҳокимиятдан ағдарилганига қарамасдан, юзлаб тунисликлар якшанба куни ҳам намойишга чиқди. Пойтахт Тунисда ўтган намойиш иштирокчилари собиқ президент давридан қолган ҳукумат истеъфосини талаб қилди.


Намойишчилар муваққат бош вазир Муҳаммад Ғаннушининг янги ҳукумат сайлангач, сиёсатдан кетиш ваъдаларини қабул қилмади.

Тунис ишчилари бош иттифоқи уюштирган намойиш иштирокчилари бир неча ҳафта давом этган исён пайтида ҳукумат қўшинлари томонидан ўлдирилган одамларнинг суратларини кўтариб чиқди. Қашшоқлик, ишсизлик ва репрессияларга қарши кўтарилган қўзғолон президент Зайн ул-Абадин Бин Алининг кўп йиллик иқтидорига нуқта қўйди. 23 йил ҳокимият тепасида ўтирган Абадин Саудия Арабистонига қочиб кетди.

Президент кетгандан кейин муваққат ҳукуматни бошқариб келаётган бош вазир Муҳаммад Ғаннуши жума куни сайловлар ўтказилиб, янги ҳукумат тузилганидан сўнг сиёсатдан кетишни ваъда қилди. Бироқ бу ваъдалар минглаб тунисликларни Ғаннуши истеъфосини талаб қилиб кўчага чиқишдан тўхтата олмади.

Пойтахт Тунисдаги меҳмонхоналардан бирининг ўзини Терек, деб таништирган менежери кўчага чиққан минглаб норозиларнинг фикрини қўллар экан, муваққат ҳукумат мухолифат аъзоларини ҳукматга таклифи қилиши юзаки ҳаракат бўлганини айтади.

- Вазият секин-аста яхшианишига умид қилиб турибмиз. Лекин халқнинг истагини ҳурмат қилмоғимиз лозим. Бу ҳукуматдан қутулсакгина ҳаммаси тугайди, дейди Терек.

Якшанба куни ўтказилган норозилик намойишларида икки мингга яқин полиция вакиллари ҳам иштирок этди. Бир пайтлар режимни қўриқлаган полициячилар бу сафар намойишчилар тарафида бўлди.

Якшанба тунда юзлаб тунисликлар бир неча ҳафта давом этган норозиликлар пайтида ўлдирилган намойишчилар хотирасига шам ёқдилар.

Шундан кейин, кечки соат саккиздан коммендатлик соати бошлангач, кўчалар бўшай бошлади.

Шанба куни муваққат ҳукумат Тунисдаги “Жасмин инқилоби” пайтида намойишчиларнинг ўлдирилишида ички ишлар вазирлигининг ролини ўрганиш бўйича махсус комиссия тузилганини эълон қилди. Шунингдек мамлакатда яна авторитар раҳбарнинг пайдо бўлишига йўл қўймадиган қонунларни ишлаб чиқиш ваъда қилинди.

Комиссия раҳбари Тавфиқ Бавдербала ўтказилажак текширувлар холис бўлишини ваъда қилди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, Бин Алини ҳокимиятдан ағдарган норозилик намойишлари пайтида 78 киши ҳалок бўлган. БМТ вакиллари эса ҳалок бўлганлар сони 117 киши демоқда.
XS
SM
MD
LG