Линклар

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар қилишича, ҳозирда Москванинг Домодедово аэропортидаги портлаш чоғида ҳалок бўлган 35 кишидан 25 нафарининг шахси аниқланди. Улар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Москва аэропортида ҳалок бўлган ўзбекистонлик 45 ёшли Мўмбетов Ўрикбай Раметович экани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Москванинг Домодедово аэропортидаги портлаш кеча маҳаллий вақт билан соат 16:37 да содир бўлди.



Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги раҳбари Татьяна Голиковага кўра, Домодедовода амалга оширилган портлашдан 35 киши ҳалок бўлиб, 128 одам жароҳатланди, улардан 41 нафари оғир ва ўта оғир аҳволда. Ҳалок бўлганларнинг биттаси тожикистонлик, яна бири қирғизистонлик экани маълум бўлди. Шунингдек, Россия Тергов қўмитасига кўра, портлашдан нобуд бўлганлар орасида Буюк Британия, Франция, Италия, Сербия ва Словакия фуқаролари ҳам бор.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган маълумотга қараганда, портлашдан жабрланганлар 180 кишидир.

Дастлабки маълумотларга кўра, аэропортнинг учиб келганлар кутиб олинадиган қисмида рўй берган портлашни худкуш шахс амалга оширган.

Россия аксилтеррор қўмитаси раҳбари Николай Синцовга кўра, мамлакатдаги барча аэропортларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Россиянинг Вести канали хабарига кўра, портлашни йўловчиларни кутиб олаётган одамлар орасида бўлган худкуш амалга оширган. Ҳозирча террорчининг парчаланиб кетган тана аъзолари ўрганилмоқда.

Интерфакснинг хабарига кўра, портловчи моддани ишга солган шахс арабларга ўхшаш ва ёши тақрибан 30-35 ларда. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашни аёл киши содир этгани тахмин қилинмоқда.

Портлаш кучи тротил эквивалентида қарийб етти килограммни ташкил қилгани айтилаяпти.

Россия прокуратураси Домодедоводаги ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси (террор ҳуружи), 105-моддаси (қотиллик) ва 222-моддаси (қурол ва портловчи моддаларнинг ноқонуний айланиши) бўйича жиноят иши қўзғади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG