Линклар

Қирғиз расмийлари миллатчилик хавфидан баҳс этмоқда


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева ҳам, Бош вазир Алмазбек Атамбаев ҳам миллатчиликка барҳам берилмагунича мамлакатда барқарорлик ўрнатиб бўлмаслигини эътироф этмоқдалар.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева ҳам, Бош вазир Алмазбек Атамбаев ҳам миллатчиликка барҳам берилмагунича мамлакатда барқарорлик ўрнатиб бўлмаслигини эътироф этмоқдалар.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева мамлакатда миллатчилик авж олгани ва бу ҳолат республика миллий хавфсизлигига таҳдид солаётган энг асосий омил эканини тан олди. Бу ҳақда у Мудофаа кенгаши йиғилишида маълум қилди. Мамлакат Бош вазири Алмазбек Атамбаев ҳам бу фикрга қўшилади.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 22 январ куни ўтган Мудофаа кенгаши йиғилишида мамлакат миллий хавфсизлигига беш омил жиддий таҳдид туғдираётгани ва уларнинг олди олинмаса, республика жар ёқасига бориб қолишини билдирди.

Президентга кўра, бу омиллардан биринчиси террорчи ва радикал гуруҳлар фаолиятининг кучайгани, иккинчиси миллатчиликнинг авж олгани, учинчиси жиноятчиликнинг чуқур илдиз отаётгани ва тўртинчиси коррупциядир.

- Миллатчилик ва шовинистик руҳдаги демагогик нуқтаи назар жамиятни иккига бўлади, халқда норозиликни кучайтиради. Душманчилик кайфияти авж олади. Бундай ҳолатни биз бошимиздан ўтказдик. Миллий масалада ўзаро тушуниш бўлмагунича, биз барқарор давлатни туза олмаймиз. Одамлар ҳалигача ўтган йилги июн воқеаларидан сўнг ўзларига кела олмадилар. Жамиятдаги тенгликнинг бузилиши руҳий, ҳуқуқий, миллатлараро муносабатлар ва диний маданиятнинг сустлашувига сабаб бўлмоқда, - деди президент Ўтунбаева.

24 январ куни Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев ҳам президентнинг бу сўзларини тасдиқлади. У бир қатор ахборот агентликлари вакиллари билан бўлган учрашуви чоғида “Биз кўп миллатли мамлакатмиз ва мен миллатларнинг биринчи ё иккинчи сортларга ажратилишига қаршиман. Миллатчилик бизда жиддий муаммога айланди. Биз бу ҳолатни эътироф этибгина қолмай, бу муаммони ҳал этишимиз лозим”, деди Бош вазир.

Аммо Қирғизистон президенти ҳам, Бош вазири ҳам ўз чиқишларида миллатчиликка қарши қандай усуллар билан курашиш зарур эканини, бу борада ҳукумат қандай чора-тадбирлар қўллаши кераклиги ҳақида ҳеч нарса айтишмади. Бу масала юзасидан президент ва Бош вазир маъмуриятидан ҳам садо йўқ.

Айни пайтда бир қатор таҳлилчилар Қирғизистон ҳукуматига миллатчиликка қарши кураш осон бўлмаслигини эътироф этадилар. Таҳлилчиларга кўра, миллатчилик 2010 йилдаги давлат тўнтаришидан сўнг юзага келган ҳокимият учун курашнинг ҳосиласи бўлди ва миллатчиликнинг авж олишига айнан янги қирғиз ҳукумати сабабчидир.

- Сиёсий кураш миллатлараро тўқнашув ўзанига буриб юборилди. Яъни ўзбекларни қирғизларнинг уйларини ёндирганликда айбдор қилишди. Бу воқеа 2010 йилнинг май ойида, Бакиев яшаган қишлоқда юз берган эди. Ўшдаги июн воқеасига эса объектив гувоҳларга кўра, қайсидир бир миллат эмас, жиноят оламидаги таъсир доираси учун кураш сабаб бўлди. Ҳар иккала ҳолат ҳам 7 апрелдаги инқилоб маҳсулидир. Инқилобдан кейинги сиёсий кураш миллатчиликка таянган ҳолда олиб борилди, - дейди москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова.

Хавфсизлик масалалари бўйича бишкеклик эксперт Тўқтўғул Қақчикеев эса қирғиз ҳукумати миллатчиликка қарши кураш олиб боришга бир оз кеч қолди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Қирғизистонда аллақачон миллатчилик тарғибот машинаси ишга тушиб бўлган.

- Қирғиз тили борасида чиқарилган нотўғри қарорлар, нотўғри ишлар, телеканалларда нотўғри тарғиботнинг олиб борилиши миллатчиликнинг авж олишига сабаб бўлди. Ҳолбуки, миллатчилик Қирғизистон деган давлатнинг қотили бўлади. Буни тушунмаган айрим сиёсатчилар миллатчилик ғояларидан воз кечмаётирлар, - деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Айтиб ўтиш лозимки, 2010 йилнинг октябр ойида ўтган парламент сайловлари натижасида парламентдаги 120 ўриннинг 30 га яқинини миллатчилик руҳидаги экани айтилаётган “Ота юрт” партияси вакиллари эгаллаган. Айни пайтда бу партия ҳукмрон коалиция таркибига кирган ва парламент раиси ҳам мана шу партия вакилидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG