Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:16

Домодедово портлашида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди


Домодедово аэропортидаги портлашда жароҳатланган тожикистонлик Саидбек Искандаров.
Домодедово аэропортидаги портлашда жароҳатланган тожикистонлик Саидбек Искандаров.

Домодедово аэропортида 24 январ куни рўй берган портлаш оқибатида 35 киши ҳалок бўлди. Улар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги маълум бўлди. Жароҳатланган 113 киши Москванинг 12 шифохонасига ётқизилган, улардан 41 нафари оғир ва ўта оғир аҳволда.


Портлашдан нобуд бўлганлар орасида россияликлардан ташқари Ўзбекистон, Тожикистон, Буюк Британия, Франция, Италия, Сербия, Словакия, Украина, Болгария, Молдавия ва Қирғизистон фуқаролари борлиги эълон қилинди.

Ҳалок бўлганларнинг барчаси Москвадаги “Котляковский” суд-тиббий экспертиза моргига жўнатилди. Морг ходимининг Озодликка айтишича, ҳозирда Москванинг Домодедово аэропортидаги портлаш чоғида ҳалок бўлган 35 кишидан 25 нафарининг шахси аниқланди. Улар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

- Мамбетов Ўрикбай Раметович, 1965 йилда туғилган. Ҳозир бизда бу ерда кучишлатар тизим ходимлари томонидан қолган ўликларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда. Яқин қариндошлари жасадларни бу ердан фақат уларнинг рухсати билан, протокол тузилганидан кейингина олиб кетишлари мумкин,- деди “Котляковский” суд-тиббий экспертиза ходимаси.

Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларни ўз юртига жўнатиш учун мамлакат элчихоналари масъулдир. Ҳозирча “Котляковский” ўликхонасида қолаётган яна 9 кишининг шахси аниқлангани йўқ.

Москва ва Подмосковьенинг 12та шифохонасига жўнатилган юздан ортиқ жароҳатланганлар орасида ўзбекистонлик Насиба Самеева исмли аёл ҳам борлиги маълум бўлгач, биз бу аёл ётқизилган Москванинг 20-чи шифохонасига қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган врачлардан бири англашилмовчилик юз берганини маълум қилди.

- Биринчидан¸ у Тожикистон фуқароси экан, фамилияси Солиева. Ўзбекистон элчихонасидан қўнғироқ қилишди ва Солиева Насиба исмли аёл ўзини ўзбекистонлик эмас, балки Тожикистон фуқароси эканлигини айтди. Унинг аҳволи яхши, бугун жавоб бериб юборамиз,- деди ўзини таништирмаган касалхона врачларидан бири.

Москва Соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари Леонид Печатников ўтган 24 соат ичида оғир жароҳат олганлар орасида вафот этганлар бўлмаганини маълум қилди.

Нобуд бўлганлар рўйхатида Марказий Осиёдан 3 нафар тожикистонлик, бир нафар қирғизистонлик ҳам борлиги айтилмоқда.

Портлаш натижасида уч жойидан жароҳатланган тожикистонлик Саидбек Искандаров билан Озодлик мухбири Москванинг 7-чи шифохонасида учрашди. У воқеа тафсилотларини шундай тасвирлаб берди.

- Мен юкларимни олиб, охирги назорат пунктидан ўтдим, сумкамни тезда шошилиб олдимда “зал ожидание” орқали чиқиб кетмоқчи эдим. Тез чиққан эдимки, иккинчи қаватда одамлар орасида портлаш содир бўлди. Кутиб олаётган одамлар жуда кўп эди. Менинг олдимда кетаëтган 3 киши портлашдан кейин йиқилиб тушди... Тўғриси, мени шулар ўз танаси билан қутқариб қолди. Майда темир заррачалардан бири кўзимга тегмасдан қошимни ёриб кетди, яна биттадан осколка қўлимга ва оёғимга тегди,- дейди Саидбек.

Портлаш содир бўлишидан бир муддат аввал Домодедово аэропортига Душанбедан бирин-кетин иккита самолёт келиб қўнган эди, шунинг учун ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар орасида тожикистонликлар кўп бўлди, дейди Саидбек.

- Гап шундаки, тожикистонликлар кутиб олаётганлар орасида ҳам кўп эди. Биз билан контролдан ўтган инглизлар ҳам бор эди. Ёнимда ётган мана бу киши ҳам бировни кутиб олишга чиққан. Портлаш кутиб олаётганлар орасида бўлганлиги учун кўплаб тожикистонликлар жароҳат олди. Мен елкамга катта сумкамни ҳам ташлаб олган эдим, ўша сумка кўп заррачаларни тўсиб қолди, сумкам титилиб кетди. Агар мен шошилиб олдимдаги йигитларни қувиб ўтганимда эди, сиз билан гаплашиб ўтирармидим, буни Худо билади,- дейди оғир жароҳатланганлардан бири тожикистонлик Саидбек Искандаров.

Душанбелик Бахтиёр Ғаффоров тақдир тақозоси билан Домодедовода москвалик рус дўстларини кутиб олгани чиққанини айтади. У янги йилдан олдинроқ Москвага келган.

- Ўша келаётган кишининг уйида мен қайддан ўтганман. Шу одамни кутиб олгани чиққан эдим. Шу киши билан Иваново вилоятида қурилишда ишлайман. Ўзим Душанбенинг Рўдаки туманидан бўламан. Портлаш мендан 15 метр нарида рўй берди, бир маротаба портлади. Шу кишининг чиқишига 10 дақиқа қолган эди. Битта майда темир заррача бурнимни тешиб ўтган экан, шу ердан кўп қон йўқотдим, нафас олиш қийинлашганидан кейин кўчага чиқдим. Бизларни биринчи бўлиб олиб кетишди шифохонага. Биз билан шаҳар мэри Собянин ҳам суҳбатлашди,- дейди Бахтиёр.

Портлаш содир бўлганидан кейин ўнга яқин одам жасадини кўрганини айтар экан Бахтиёр, “Худо бир асради, ахир уйда 2 нафар фарзандим қолган”, дейди.

Россия Бош вазири Владимир Путин ҳукумат йиғилишида Домодедово аэропортидаги портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар оилаларига федерал ва маҳаллий бюджетдан 3 миллион рублдан ажратилишини маълум қилди.

“Оғир ва ўрта жароҳат олганлар 1 миллион 900 минг рублдан, енгил жароҳатланганларга эса 1 миллион рублдан ёрдам пули ажратилади”, деди Владимир Путин.
XS
SM
MD
LG