Линклар

Косово раҳбари жиноятларда гумон қилинмоқда


НАТОга нисбатн берилган ёзишмаларда Хошим Тожи Косово уюшган жиноятчилигининг “энг йирик вакили”, дея аталди.

НАТОга нисбатн берилган ёзишмаларда Хошим Тожи Косово уюшган жиноятчилигининг “энг йирик вакили”, дея аталди.

Европа кенгаши Парламентлараро Ассамблеяси Косовода одам органлари контрабадасига оид ҳисобот лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ҳисоботга кўра, наркотик ва одам органлари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳга Косово Бош вазири Хошим Тожи бошчилик қилган.


Европа кенгаши Парламентлараро Ассамблеяси (ПАСЕ), Косово Бош вазири Хошим Тожи уюшган жиноятчиликка алоқдорликда айбланган ҳисоботни муҳокама қилмоқда.

Ўтган ойда очиқланган ҳисобот икки йил давом этган тергов натижасидир. Унда Косово озодлик армиясининг собиқ қўмондонлари, жумладан Хошим Тожи косовар жанггарилари билан Сербия кучлари ўртасида 1990 йиллардаги уруш пайтида ва ундан кейин одам органларини контрабанда қилганликда айбланади.

Косово ҳукумати ҳисоботни рад этиб, уни асоссиз ва “тухмат”, дея атади.

ПАСЕ депутатлари швейцариялик маърузачи Дик Марти ишлаб чиққан ҳисобот лойиҳасида келтирилган айбловларни тергов қилишни кўзда тутувчи резолюция қабул қилиш масаласини овозга қўйяди.

Страссбургда ПАСЕ мажлисида қилган чиқишида Марти инсон ҳуқуқларини сиёсатга қурбон келтирмасликка чақирди.

- Биз, хонимлар ва жаноблар, маълум маънода Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Конвенцияси қадриятларининг ҳимоячиларидирмиз. Бу қадриятлар шунчаки қоғозда эмас, балки амалда қўлланишини таъминловчи қўриқчиларимиз. Бу ҳақиқат учун ва сўзда қадриятлар, аслида эса сиёсий оппортунизмни тарғиб қилувчи қўш-стандартларга қарши кураш демакдир,- деди Марти.

Сешанба куни масала овозга қўйилганидан кейин матбуот анжумани ўтказиши кутилаётган Марти “сиёсат ва уюшган жиноятчилик ўртасидаги алоқаларга кўз юмадиган бўлсак, Европанинг демократик келажагига путури етади”, дея қўшимча қилди.

Лекин, деди у, ҳисоботда акс этган фактлар Косово халқига қарши эмас.

- Бу ҳисобот на Косово халқи ва на албанларга қарши қаратилган ҳисоботдир. Ва у Сербияни ёқлашни мақсад қилмаган,- деди маърузачи Дик Марти.

Косово озодлик армияси 1998-99 йилларда собиқ Югославия президенти Слободан Милошевич тарафида бўлган кучларга қарши курашган. НАТОнинг ҳарбий аралашуви туфайли Белград Косово устидан назоратни қўлдан бой берган.

Можаро 13 мингга яқин одам ҳалок бўлиши ва Косовода БМТ назорати ўрнатилиши билан тугаган эди.

Марти тайёрлаган ҳисоботда, уруш пайтида албан жанггариларининг сиёсий етакчиси бўлган ва амалдаги бош вазир Хошим Тожи наркотик ва одам органлари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳнинг етакчиларидан бири бўлгани иддао қилинади.

Ҳисоботда Косово озодлик армиясига қарши чиққан этник серблар ва косоволик албанлар жанггарилар томонидан асир олиниб Албания шимолида қамоқда сақлангани ва уларга нисбатан “ноиносний муносабат ва таҳқирлар қўллангани, ундан кейин эса улар дом-дараксиз йўқлогани” ҳикоя қилинади.

Можаро авж олиб, Косовода тартиб ўрнатилгунига қадар Албаниянинг Фуше-Круе шаҳрчаси яқинидаги клиникада “баъзи асирларнинг органлари олинган”, дейилади ҳисоботда.

Асирлардан олинган органлар кейинчалик халқаро қора бозорда тарнсплантация билан шуғулланадиган хусусий клиникаларга сотилган.

Дик Мартига кўра, бу жиноятлар “бошқачароқ шаклда бўлса-да, шу кунгача ҳам давом этиб келмоқда.”

Ҳисоботда бу маълумотлар қайси манбадан олингани ёки бу жараёнларда неча киши ўлдирилгани айтилмаган.

Агар бу хусусда тергов ўтказиладиган бўлса, гувоҳлар ҳимояланиши зарур, деди Марти.

- Ҳа, бу гувоҳлар ўз Ватани – Косовони севадилар. Ҳа, улар жуда қўрқмоқда. Улар шу пайтгача гувоҳларни ҳимоя қила олмаган миллий ва халқаро адлия тизимларига ишонмайди. Менимча, бунинг учун уларни айблаб бўлмайди,- деди у.

Швейцариялик собиқ прокурор Дик Марти 2007 йилда Европа Кенгаши номидан ўтказган тергов билан танилган. Бу тергов натижасида Европадаги 14 мамлакат ҳукуматлари 2002-2005 йилларда ўз ҳудудларида АҚШ Марказий разведка бошқармасига қарашли махфий қамоқхоналарнинг ташкил этилиши ҳамда маҳбусларни учинчи давлатларга ўтказишга руҳсат берганликда айблаган эди.

ПАСЕдаги муҳокамалар "The Guardian" газетаси бош вазир Хошим Тожи Косово уюшган жиноятчилигининг “энг йирик вакили” сифатида таърифланган НАТО ҳарбий каблограммаларини эълон қилган пайтга тўғри келди

Бу каблограммалар 2004 йилда Косовода НАТО етакчилигидаги тинчлипарвар кучлар томонидан тақдим этилган.

Бу ҳужжатларнинг бирида косоволик депутат Хавит Ҳалити албан мафияси ва Косово махфий хизматлари билан яқин алоқда экани ва “Хошим Тожи ортидаги куч”, дея таърифланади.

Мартининг ҳисоботида ҳам Ҳалити Тожининг жиноят гуруҳи аъзоси сифатида тилга олинади.

"The Guardian" газетаси махфий ҳарбий каблограммаларни қаердан олгани ва улардаги айбловларга оид тафсилотларни ошкор қилмади.
XS
SM
MD
LG