Линклар

logo-print

Мисрликлар Муборакдан чарчаганга ўхшайди


Минглаб мисрликлар Муборак ҳукуматига қарши "ғазаб куни"да қатнашди

Минглаб мисрликлар Муборак ҳукуматига қарши "ғазаб куни"да қатнашди

Мисрдан олинган сўнгги маълумотларга қараганда, сешанба куни бу мамлакатда ўтказилган ҳукуматга қарши чиқишлар чоғида уч киши ҳалок бўлди. Нобуд бўлганлардан икки нафари норозилик акциялари иштирокчилари, учинчиси эса полиция ходимидир.


Қоҳира ва Искандария шаҳарларида бўлиб ўтган норозилик чиқишларида 20 минггача киши иштирок этди.

Норозилар ҳукуматдан сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилди.

Миср давлат ТВси хабарига қараганда бир полициячи бошига тош билан зарба етказилиши оқибатида ҳалок бўлган.

Икки намойишчининг ўлими тўғрисидаги хабарлар бир-бирини инкор қиладиган даражада. Бу воқеа Сувайш шаҳрида рўй бергани айтилмоқда.

Қоҳирада бўлиб ўтган норозилик намойиши иштирокчилари- ни тарқатиш учун полиция тўқмоқларини, сув пуркагич машиналарни ишга солди ҳамда кўздан ёш оқизувчи газдан фрйдаланди.

Ҳусни Муборак давлат тепасида турган 30 йилдан бери Қоҳирада бундай воқеа кузатилмаган.

Намойишчилар "Муборак, кет!" деб ҳайқирдилар.

Мисрликлар президент Ҳусни Муборакнинг истеъфосини талаб қилар экан, коррупциянинг кучлилигидан ҳамда оддий халқ турмуш даражаси пастлигидан норозилик билдирди.

Улар Тунисда юз берган сиёсий ўзгаришлардан илҳомланганларини айтдилар.

Мисрлик журналист Эҳаб ал-Зелакий бундай деди:

- Мисрлик ёшлар араб дунёсидаги энг кучли диктатуралардан бири – Тунис диктатураси халқнинг босимига дош беролмай қулаганидан илҳом олди, деб ўйлайман. Менимча, мисрликларнинг аксарияти: "Нима учун бизда мумкин эмас экан? Нима учун биз Мисрда ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал қилолмас эканмиз?" демоқда.

Демократик ислоҳотлар тарафдори бўлган ёшларнинг
"6 апрел ҳаракати" уюштирган намойишлар Миср полицияси кунига тўғри келди.

Кечаги намойишлар "Қийноқлар, қашшоқлик, коррупция ва ишсизликка қаршимиз!" деган шиор остида ўтди.

Уюштирувчилар Facebook ва Twitter каби социал тармоқлардан кенг фойдаланди.

Мисрдаги энг кучли мухолифатчи ташкилот "Мусулмон биродарлар ҳаракати" кечаги намойишларда расман иштирок этмади. Бироқ ҳаракат вакилларига кўра, баъзи "биродарлар" мустақил шахс сифатида қатнашган бўлиши мумкин.

Расмий рўйхатдан ўтказилган сиёсий партиялар ўта заиф бўлиб, кечагидай сиёсий акцияларда иштирок этадиган эмас.

Миср ички ишлар вазири Хабиб ал-Адли "қарашларини ғайриқонуний билдирадиган ҳар бир кишини" қамоққа олиш тўғрисида буйруқ чиқарди.

Халқаро Амнистия ташкилоти Миср ҳукуматини халқнинг тинч намойишлар ўтказишига рухсат беришга чақирди.

Давлат котиби Ҳиллари Клинтон АҚШ ўзининг яқин иттифоқчиси бўлмиш Мисрдаги вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди. Унинг айтишича, "Миср ҳукумати барқарор ва у аҳолининг қонуний манфаатлари ва талабларига жавоб бериш йўлларини изламоқда".

АҚШ давлат котиби мисрликлар ўз иродаларини изҳор қилишга ҳақли эканликларини айтар экан, томонларни зўравонликдан тийилишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG