Линклар

logo-print

Қанотлари қирқилган ТАПОиЧ

  • Абдулла Искандар

ТАПОиЧ мустақиллик йилларида манти қосқон, болалар велосипеди ва бошқа майда-чуйда жихозларни ишлаб чиқарди.

ТАПОиЧ мустақиллик йилларида манти қосқон, болалар велосипеди ва бошқа майда-чуйда жихозларни ишлаб чиқарди.

Тошкентдаги авиация заводи цехларида Германиянинг Mercedes-Benz Автобуслари йиғиладиган бўлди. Ўзбекистон ҳукумати қарорига кўра, MB Central Asia қўшма корхонаси тузилди, бу корхона расман Германиядаги Daimler AG ширкати ҳамкорлик қилиши эълон қилинди.


Бундан олдин 2010 йилнинг 30 сентябрида Чкалов номли Тошкент авиация бирлашмаси банкрот бўлгани эълон қилинди.

Ўзбекистон саноатини инқилобий сакраш даражасида ўзгартирган корхона эди бу, дейди Намангандаги машинасозлик заводининг собиқ бош директори Абдувоҳид Паттаев.

- Тошкент авиация заводининг Ўзбекистонда экономикада роли жуда катта бўлган. Унинг иқтисодга келтираëтган фойдасидан ташқари авиация саноати орқали Ўзбекистонга кириб келаëтган технология ҳам Ўзбекистонни технология жиҳатдан олдинга сурган. Ҳозир ҳам дунëда авиация технологиясидан кучли технология йўқ,- дейди Абдувоҳид Паттаев.

ТАПОиЧ қуëшининг ботиши

1991 йилгача бу корхонада 950 та ҳарбий транспорт учқичлари ишлаб чиқилган. Совет Иттифоқининг тарқалиши завод учун фожеали бўлди, дейди завод ишчиси Исмоил ака мухбирингиз билан суҳбатда.

Исмоил акага кўра, жуда кўп малакали ходимлар ойлик берилмагани учун ишдан кетишган. Қолганлари эса заводдаги темир-терсакларни қўшни Қозоғистонга ўғирлаб сотиш билан кун кечиришган.

Исмоил аканинг айтишича, 2003 йилда завод ишчилари Ҳиндистон армияси буюртмасига кўра қурилаëтган ҳарбий учқичнинг икки тонналик титан шассисини Чимкентдаги рангли металл қабул қилиш пунктига олиб бориб сотишгани катта жанжалга сабаб бўлган.

Учоқларга буюртма камайгани боис бирлашмада болалар велосипедлари, қозон ва манти қасқонлар ишлаб чиқарилган. Мустақиллик майдонидаги Ўзбекистон глобуси, Олий Мажлис ва Темурийлар тарихи музейи гумбазлари ҳам бирлашманинг темир босқонларида зарб қилинди.

Бир-икки йил ўтиб бир вақтлар ўзбек саноатининг забардаст умуртқаси бўлган бу корхона банкрот деб эълон қилинди.

Тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиевга кўра бу корхона Россия ва Ўзбекистон сиëсий муносабатлари қурбони бўлди.

- Бу завод Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги сиëсатнинг қурбони бўлди деб ҳам айтиш мумкин. Кўплаб давлат раҳбарлари ўртасида шу завод тақдири ҳал қилинди. Хусусан Ўзбекистон президенти Украинага борган вақтида, бу ерда самолëт чиқарадиган завод билан боғлиқ бош проект институти жойлашган экан, қолган авиақисмлари Россия авиапроми билан боғлиқ бўлган. Булар ҳаммаси кооперациядагина ишлаши мумкин бўлган.

Мана шу масалалар Ўзбекистон президенти Киевга борган вақтида ўртага қўйилди. Кейин бир неча марта битимлар тузилди Ўзбекистон шу заводини кооперацияга кириб, Россиядаги авиапром билан ишлаши тўғрисида. Кейин “Россия авиапроми билан охирги битимлар тузилди ва Ўзбекистонга ниҳоятда катта инвестициялар, заказлар келаяпти”, деган гап-сўзлар кўтарилди. Хусусан Ўзбекистонда чиқаëтган самолëтларга Россия авиапроми томонидан 200та буюртма келади, деган гап-сўзлар бўлди. Лекин буларнинг ҳеч қайсиси охирига етмади. Давлатлар ўртасида бир-бирига қўшимча шартлар қўйиш, “Бизлар мана сенларга шунча пул бераяпмиз. Сен бунга қўшилишинг керак, мана бу таможня битимига қўшилишинг керак. Умумий бозорда қатнашишинг керак. Тезкор коллектив кучларга одам беришинг керак” тарзида қўйилган қўшимча шартлар бу битимларни охирига етказиш имкониятини бермади,- дейди Комрон Алиев.

Энг аввало самолëтлар

Тошкент осмонида учоқларни ўйнатган бу корхона илдизлари 1932 йили Россиянинг Химки шаҳридаги ремонт заводига бориб тақалади. Самолëтлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган бу корхона 1941 йилда Тошкентга кўчирилади.

Ҳозир Россияда яшаëтган 86 яшар Алексей Ванчагов завод билан бирга Тошкентга кўчиб келган илк ишчилардан бири. Ванчагов Тошкендаги заводда илк учоқ йиғилган кунни яхши эслайди.

- Мен бош технолог эдим, озроқ вақт чилангар цехида уста бўлиб ҳам ишладим. Химкидан Тошкентга олиб келинган қисмлардан илк самолëтни йиғдик. Ли 2 самолëти эди бу, дея эслайди Ванчагов.

Улкан заводнинг Тошкентга кўчиши шаҳар учун сезиларли бўлди, деб эслайди тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиев.

- Улуғ ватан уруши йиллари бу завод Россиядан кўчириб олиб келинган. Навоий кўчасига бир остановка етмасдан Қаймоқ бозор деган жой бўларди. Лабзак деган мавзенинг ўртасига қурилган эди.

Озодлик: Шаҳарга 50 минг кишилик заводнинг кўчиб келиши билан нима яхши бўлдию нима ëмон бўлди?

- Ëмон тарафлари бўлди деб биз айта олмаймиз. Менимча, Ўзбекистонга, хусусан Тошкентга катта янгиликлар олиб келинди. Бу шундан иборат эдики, биринчидан катта саноат корхонаси қурилди. Бу авиация билан шуғулланиш, авиация самолëтларини ишлаб чиқариш фақат тараққий қилган мамлакатларнинг зиммасига тушадиган корхоналардан иборат. Мана шундай завод тайëрига кўчириб олиб келинди. Унинг қурилиш тарихи ҳам ниҳоятда қизиқ. Чунки шунақанги тезлик ва шошилинч билан қурилганки, станоклар очиқ ерларга ўрнатилиб, электр манбаларидан симлар билан токлар тортиб келиб очиқ майдонда маҳсулотларини чиқара бошлаган. Натижада Ўзбекистонда шундай йирик корхона вужудга келди. 80 мингдан ортиқ одам шу ерда иш билан банд эди.

Бундан ташқари, бунга боғлиқ бўлган корхоналар, болалар боғчалари, шуларни боқадиган ошхоналар деймизми, кейинчалик унинг атрофида ўша вақтларда ҳунармандлик билим юртлари дейиларди, ўшалар очилди. Кейинчалик Политехника институтининг қошида самолëтсозлик факултети очилиб, охири бу институтга айланди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда алоҳида авиасозлик институти мавжуд. Ўзбекистоннинг иқтисодий томондан тараққиëтига, халқнинг саводи ошиши, ишчиларнинг малакасининг ошиши, кўпчилик одамларга иш бериш мана шу завод орқали юзага келди.

Бундан ташқари завод қошида соғломлаштириш бўлими бор эди. Соғломлаштириш бўлими Тошкентнинг Бўстонлиқ минтақасида Хумсон дарëси бўйида Кристал номли жуда чиройли дам олиш маскани юзага келди. Кейинроқ тоғли жойларда Сокол деган яна бир дам олиш маскани юзага келди. Ўзбекистонда дастлабки кўп нарсаларга шу завод туртки берган деб айтишимиз мумкин, дейди Комрон Алиев.

Улкан авиация заводига эга бўлиш ҳар бир давлатга ҳам насиб қилавермайди, дейди Намангандаги машинасозлик заводининг собиқ бош директори Абдувоҳид Паттаев.

- Агар Ўзбекистонда 10та автомобил саноати заводлари очилсаю, битта авиация заводи саноати очилса, авиация саноати юқори туради. Чунки 10та машина ишлаб чиқарадиган завод битта самолëт ишлаб чиқарадиган заводнинг ўрнини боса олмайди. Технологияси умуман бошқа. Шунинг учун 1960-1970 йилларда ҳам Ўзбекистонга илғор технология кириб келишининг асосий омилларидан бири авиация саноати бўлган. Шунинг орқасидан бошқа саноатлар ҳам кириб келган. Айниқса, Ўзбекистонда самолëт ишлаб чиқарилиши мумкинлигининг ўзи Ўзбекистонга бошқа технологиянинг кириб келиши учун муҳим аҳамият касб қилган, дейди Абдувоҳид Паттаев.

ТАПОиЧ Леонид Брежневнинг гўрковими

1982 йилнинг 23 мартида Совет Иттифоқининг раҳбари Леонид Брежнев Ўзбекистонда сафарда эди. Сафар дастурига кўра Брежнев ТАПОИЧ (Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси)га боради.

Леонид Брежнев ТАПОиЧдаги воқеадан кейин кўп яшамади.
Заводдаги ички радио орқали Брежнев ташрифи ҳақида эълон қилинган заҳоти, томошаталаблар раҳбар турган цехга қараб энади. Мўр малах каби ишчилар самолëтнинг атрофидаги нарвонларга ҳам чиқиб олишади. Йиғув цехида Леонид Брежнев ва Шароф Рашидов ўтиб кетаëтганда одамлар чиқиб турган осма нарвон синиб уларнинг устига тушади. Тансоқчи Володя Собаченков ўзини Брежневнинг устига отади. Уларнинг устига эса тепадан яна дув этиб одамлар тўкилади. Ўшанда Брежневнинг ўмров суяги синади. Расмий матбуот мум тишлаган ҳолда, воқеа минглаб одамлар кўзи ўнгида бўлгани боис ўша куннинг ўзидаëқ Тошкент чойхоналаридаги асосий мавзуга айланди, дейди Комрон Алиев.

- Тошкентда айниқса маълум бўлган. У ерда бўлган воқеа шундан иборат бўлганки, самолëтнинг нарсаларини олиб бориш учун баланд нарвонлар бўлган. Мана шу нарвонларнинг тепасига ишчилар чиқиб турган бўлган. Одамлар ниҳоятда кўплиги натижасида нарвонлардан биттаси сурилиб кетиб одамлар тўғри Брженев ва охранасининг устига тушган. Унинг устига давлат раҳбарларини ҳимоя қилиш қонун-қоидасига биноан бирор ҳужумга ўхшаган нарса бўлган вақтда раҳбарнинг устига тансоқчилари ўзини ташлаши керак. Демак, у тансоқчилар ҳам ўзини ташлаган. Мана шу ерда Брежнев одамларнинг тагида қолиб кетган. Айтишларига қараганда, битта қўли лат еган ва унинг юрагида стимулятор бўлган. Шу стимуляторнинг ҳам сими узилиб кетиб ишдан чиққан, дейилади. Худди шу сабаб билан ўлган. Шундан кейин бир неча ой ўтиб Москвада қанақадир байрам бўлди. Трибунада турди. Биладиган одамлар битта қўли умуман ишламаëтганлиги ва ҳатто қўли боғлаб қўйилганлиги сезилиб турарди,- дейди Комрон Алиев.

Бу воқеадан бир ярим йил ўтиб Леонид Брежнев оламдан ўтди. Ундан кейин эса тарих ғилдираклари тез-тез айланиб мамлакат ҳудудига янги иқлим келди. Аммо бу иқлим шамоллари уруш учқичлари таëрлайдиган завод елканларини шиширмади. Ўн йиллар давомида юксакликка кўтарилган бирлашма пастга қараб шўнғиди.

Завод жанозасини ўқишга шошилмайлик

Шу йил бошида ТАПОИЧга ташқи бошқарув тайинланди. Корчалонлар тилида "гўрков" деб аталадиган ташқи бошқарув раҳбари қилиб Рустам Абдураззоқов тайинланди. Заводни узоқ йиллар бошқарган 70 яшар Вадим Кучеров Россияга қочиб кетди. 2008 йили Тошкент шаҳар прокуратураси сенатор Вадим Кучеров устидан жиноий иш очган эди. Чўкаëтган кемани энг олдин каламушлар ва энг кейин УМИД тарк этади, дейди Абдувоҳид Паттаев.

- Йўқ, ҳали кўмишга эрта. Шахсан мен умид қиламан авиация саноати Ўзбекистонда чиқиб кетмайди. Ўзбекистондан авиация саноати чиқиб кетиши Ўзбекистон учун жуда катта ютқизиқ бўлади. Ҳар қандай ҳолда ҳам Ўзбекистонда авиация саноатини сақлаб қолиш керак. Уни яна қайтадан олиб киришнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Агар йўқ бўлиб кетса авиация саноати, уни қайтадан тиклашнинг иложи бўлмайди. Ҳеч ким Ўзбекистонда самолëт ишлаб чиқариш учун инвестиция қилмайди кейин, дейди Абдувоҳид Паттаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG