Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:26

Қирғизистон Эронга торпедо сотдими?


Россиянинг айрим ахборот агентликлари Қирғизистондаги “Достон” заводида ишлаб чиқарилган ва шу кунгача дунёда тенги бўлмаган “Шквал” русумидаги торпедолар 2010 йилда Эронга яширин равишда сотилгани борасида маълумот тарқатди. Бироқ завод расмийлари буни инкор қилмоқдалар.

Расмийларга кўра, ядровий қувватга эга бўлган мазкур торпедаларнинг ишлаб чиқарилиши АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ 1989 йилда тўхтатилган.

Аммо бир қатор экспертлар Эрон 20 йилдан бери Қирғизистон билан “Достон” заводида ишлаб чиқарилган торпедоларни сотиб олиш борасида музокаралар олиб бораётгани ва бу борада эришилган келишув президент Ақаев даврида АҚШ аралашуви билангина бекор қилингани ҳақида гапирмоқдалар.

Хавфсизлик масалалари бўйича бишкеклик эксперт Тўқтўғул Қақчикеевга кўра, “Шквал” русумидаги торпедалар дунёда шу кунгача тенги йўқ ҳарбий денгиз қуроли ҳисобланади ва икки турга бўлинади:

- “Шквал” торпедалари икки хил вариантда ишлаб чиқарилган. Биринчиси оддий ярим тонналик каллакка эга бўлса, иккинчиси ядровий каллакка эга, - дейди эксперт.

Мутахассислар фикрича, “Шквал” торпедолари ўтган асрнинг 60-йилларида ишлаб чиқилган ва шу кунгача жаҳондаги энг мукаммал қуроллардан бири ҳисобланади. Бундай мукаммалликка яқин бўлган торпедони бир неча йил аввал фақат Германиягина ишлаб чиқаришга муваффақ бўлган. Шу жиҳатдан ҳам “Шквал” торпедолари ўз армиясига эга бўлган кўплаб давлатларни қизиқтириб келган. Бироқ бу русумдаги торпедолар фақат Совет Иттифоқи қуролли кучлари учунгина ишлаб чиқарилган.

Москвадаги Регнум ахборот агентлигининг ёзишича, мазкур торпедо компонентларини ишлаб чиқарувчи Бишкекдаги “Достон” заводи 2010 йилда Эронга яширин равишда “Шквал” торпедоларини сотишга муваффақ бўлган.

Агентликнинг ёзишича, 2010 йилда “Достон” заводининг 53 фоиз акцияси президент Бакиев оиласи қўлида бўлган.

Бироқ “Достон” ширкати раҳбари Борис Удот бу маълумотни инкор қилади.

- “Шквал” ракетаси 1989 йилда АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасида тузилган шартномага кўра, ядровий қурол ўлароқ тан олинган ва ишлаб чиқариши тўхтатилган. Ўшандан буён “Шквал” торпедолари ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан ишлаб чиқарилган эмас, - деди Борис Удот.

Бироқ хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Тўқтўғул Қақчикеев “Достон” заводи раҳбариятининг бундай маълумотини шубҳа остига қўяди. Экспертнинг билдиришича, президент Ақаев даврида Эрон бир неча йиллик музокаралардан сўнг “Шквал” торпедоларини сотиб олиш тўғрисидаги шартномани имзолашга муваффақ бўлган.

- Эрон билан 600 миллион долларлик шартнома тузилган. Ундан 300 миллион доллари Қирғизистон ҳисобига ўтказилган. Аммо бу ҳужжатнинг нусхаси номаълум одамлар томонидан ўша пайтда АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси бўлган Айлин Меллой хонимга етказилган. Ўша куннинг эртасига АҚШ элчиси Ақаевнинг қабулига кирган ва бу шартномани бекор қилишга муваффақ бўлган, - дейди Тўқтўғул Қақчикеев.

Айтиб ўтиш лозимки, рус ахборот агентликларидаги Эронга “Шквал” торпедаларини яширин сотилиши ҳақидаги хабар Қирғизистон Бош прокуратураси томонидан “Достон” заводининг аввалги раҳбарларига қарши жиноят иши очилганидан сўнг пайдо бўлди. Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Санжар Абжаловнинг айтишича, “Достон” ширкатининг асосий ҳиссадори Алексей Ширшов халқаро қидирувга берилган.

Расмий маълумотларга кўра, Бишкекдаги “Достон” заводи ҳарбий денгиз флоти учун замонавий қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи базага ва етук мутахассисларга эга. Россия ҳукумати мазкур заводни Қирғизистон қарзлари эвазига ўз ихтиёрига ўтказиб олиш учун ҳаракат қилиб келади. Мутахассисларга кўра, айни пайтда Эрон ҳам “Достон” заводи билан ҳамкорлик қилиш масаласини Қирғизистон ҳукумати кун тартибига қўйиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG