Линклар

Ўзбекистон-Австралия ўйини: Ўзбек футбол фанати шарҳи

  • Замира Шукур

Карпенко австралиялик рақиб қаршисида.

Карпенко австралиялик рақиб қаршисида.

"Ўзбекистон миллий футбол жамоаси 25 январ куни халқаро мусобақалар учун анчагина уятли 6:0 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлса-да¸ ўзбек футболчиларининг бу ютқизиғи мухлислар бошини хам қилмади"¸ дейди олтиариқлик ашаддий футбол ишқибози Содиқжон ака Озодлик билан суҳбатда.


25 январ куни Қатарда ўтаётган футбол бўйича Осиё чемпионати мусобақаларининг ярим финал ўйинлари бўлиб ўтди. Ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида Австралия терма жамоасига қарши майдонга тушган Ўзбекистон миллий жамоаси 6-0 ҳисобида ютқизиб қўйди.

Ўзбекистон терма жамоасининг бу ўйини мамлакат футбол тарихига йирик мағлубиятлардан бири сифатида ëзилди. Австралия футболчиларининг тажриба ва маҳорат бобида ўзбекистонлик рақибларидан кучлироқ эканини ўзбек жамоаси мухлислари ҳам яхши билган бўлса-да¸ улар¸ Озодликка келаëтган шарҳ ва муносабатлардан аëн бўлишича¸ мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор қитъа биринчилигининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлган миллий жамоанинг мўъжизакор ўйин кўрсатишини кутдилар.

Шу мақсадда¸ ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам ташқарисидаги Ўзбекистон мухлислари жамоа бўлиб¸ ўз миллий командалари ўйинини томоша қилишди.

“Гарчи ўйин ўзбек футболи тарихидаги энг катта ютқизиқлардан бири билан тугаган бўлса-да¸ биз каби фанатлар боши хам бўлмади”¸ дейди олтиариқлик ашаддий футбол ишқибози Содиқжон ака Нўъмонов Озодлик билан суҳбатда.

- Ўйиндан кейин анча афсус-надоматлар чекдик. Лекин футболни тушунамиз, ўзимиз ҳам шуғулланиб турамиз сал-пал. Шунинг учун биламизки, ҳозирги кунимизда Осиëдаги тўртта кучли жамоалар қаторига кирганимиз катта ютуқ бу.

Озодлик: Кеча (25 январ) соат нечада бошланди шу ўйин сизларнинг вақт билан?

- Бизнинг вақт билан кечқурун 9.25да бошланди.

Озодлик: Кун давомида қанақа кутдингиз? Кайфият қанақа эди?

- Кун давомида кайфият жуда яхши эди. Мана шу ярим финалга чиққанидан бошлаб кайфиятлар жуда аъло. Ошна-оғайнилар бир-бири билан қизиқиб салом-алик, ҳар жойда баҳс-мунозара, хурсандчилик эди. Биз кейин олтита жўрамиз билан бирга бўлиб паловлар дамладик. Тайëргарликлар кўриб, мана шу ерда ўтириб чиройли бўлиб дастурхон бошида, биринчи ўйин билан иккинчи ўйин ўртасида паловни еб олдик. Кейин мириқиб футбол томоша қиламиз деган эдик, бизнинг мақсадларимиздек ўйин бўлмади.

Озодлик: Демак, кеча ўртоқлар йиғилиб, ошлар қилиб, дастурхон устида кутаëтган эдинглар.

- Бизникида 10 киши бўлган бўлса, маҳаллада ҳамма жойда ëш ëши билан дегандай гуруҳ-гуруҳ бўлишиб бир кишининг уйида ....

Озодлик:
Ўйинни бирга кўриш учун¸ демак.

- Ҳа. Свет ўчиб қоладиган бўлса, Хитой движоклари бор свет қилиб берадиган. Шунақаларни тайëрлаб тайëр бўлиб ўтирдик. Иккинчи таймни шунақа движок билан кўрдик.

Озодлик: Демак, сизлар байрамга тайëрлангандай катта умидлар билан ўйинни кутдингизлар...

- Албатта, жуда катта байрамку бу.

Озодлик:
Энди менга тасвирлаб берсангиз. Ўзбекистон жамоаси биринчи голни ўтказди, иккинчи голни ўтказди.

- Ҳа¸ роса бўғилдик....

Озодлик: Даврадаги кайфият қанақа қилиб сўнишни бошлади? Нима бўлди кайфиятга?

- Энди кайфиятга нима бўлганининг сабаби биринчи составни эшитганимизда озгина кайфиятимиз бузилди. Сабаби¸ бизнинг ишончли дарвозабонимиз бели оғриб қолиб, Нестеров дарвозага тура олмади. Бу Темур Жўраев деганимиз ҳали бу катта футболларни кўриб малакаси ошмаган йигит эди. Ҳимояда Карпенко деган ëши анча ëшга бориб қолган йигитни қўйишибди. Ундан олдинги ўйинда Муллажонов жуда яхши ўйнаган эди. Шуни кутган эдик. Тезроқ эди у. Карпенкони қўйишибди. Унга кайфиятимиз сал ëмонлашди.

Ярим ҳимояда эски таниқли Шацких деган ўйинчимиз борку, энди уларнинг ëши ўтиб қолдида. Бунақа ўйинларга тезкор, ëш, шижоатли ўйинчиларни қўйиш керак эди. Айтганимиздек, биринчи ва иккинчи голларда Карпенко ва Шацкихларнинг айби билан гол бўлди.

Биз биламизки, Австралия футболчиларининг ҳаммаси Европанинг таниқли жамоаларида ўйнашади. Улар бунақа хатоларни кечиришмайди. Шунинг учун бундай бўлиши керак эди. Юрагимизни ҳовучлаб турдикки, хато қилиб қўйишмаса деб. Тўпни ушлаб туриш борасида, бир-бирига узатиш борасида яхши кўрсаткич. Даже 65-70 фоиз тўп Ўзбекистон футболчиларида бўлдию, лекин голларни улар уришди. Бу дегани жуда катта малака. Австралия жаҳон чемпионатларида қатнашади. Ўйинчилари бутун Европада ўйнаб, кучли, таниқли стратегларнинг қўлида футбол ўрганишган болалар. Бизникиларники энди ривожланаëтган жой. Шундай бўлса ҳам ярим финалга боргани биз учун катта байрам.

Озодлик: Мана Австралия футболчилари Европанинг катта клубларида ўйнайди¸ деяпсиз. Уларнинг тажрибасини биласиз. Шундай бўлса ҳам даврадагиларнинг умиди бормиди Ўзбекистон ютишига?

- Ноумид шайтон. Ҳамиша умидда бўлади ҳамма. Тушуниб турса ҳам, билиб турса ҳам “шу бугун бир нарса қилиб, шундай омад чопсаю, шуларни ютсак” деган ният бўлади. Айтайлик Пахтакор билан Манчестер Юнайтед ўйнайдими, Ўзбекитон билан Бразилия ўйнайдими фарқи йўқ. Кутамиз. Ютмаса ҳам чиройли ўйин кўрсатса¸ деб кутамиз.

Озодлик: Ўйин қанақа бўлди? Чиройли бўлдими?

- Ўйин мана шу голларни қўйиб юборишганидан кейин, яна айтаман тажриба йўқлигидан йигитларнинг эсанкираб қолгани билиниб қолди. Бизда ҳимоячилардан Анзур Исмоилов ҳақиқий ҳимоячи. Бошқа ҳимоячилар аслида ҳимояда ўйнашмаган йигитлар. Ҳимоянинг ўзининг йўли бўлади, неча йиллаб тактикалар ўргатилади қандай ҳолларда ўйинчини қандай ушлаш керак. Бу нарсалардан бехабар болалар турди. Бошқа иложимиз йўқ эканда. Қандай қилайлик? Ҳозирги кунда бизнинг ҳимоямиз энг слабое звено - занжирдаги энг бўш аъзомиз. Ярим ҳимоя яхши.

Озодлик: Баъзилар ҳозир аския қилиб “11та ўйинчининг ҳаммасини дарвозанинг олдига тизиб қўйиб¸ ишинг ўйин эмас, дарвозани ҳимоя қилиш” деганда 6:0 бўлмаган бўларди¸ дейишаяпти.

- Бундай бўлиши мумкин. Бу аламдан айтилади, аччиқдан айтилади ëки устидан кулишдан айтилади. Бу одамларнинг реакцияси. Лекин футболни сал-пал тушунган одам ўша кунги муҳитдан, ўйиндан зависит қилади. Кеча ўйиннинг бошидаëқ тўп ўтказиб юборганлари болаларга ëмон таъсир қилди. Ўйлайманки, биринчи таймда 0:0 ҳисоби турганда ўйин бошқача бўларди.

Озодлик: Даврага қайтайлик. Давра қандай тарқади? Ошларни қилиб катта умидлар билан ҳамма жўралар тўпланибсизлар. Ҳамма бошини эгиб чиқиб кетдими кейин???

Aзиз муштарий¸ олтиариқлик футбол фанати Содиқжон ака билан суҳбат давомини аудио шаклида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG