Линклар

Эримни топишга ёрдам беринг!

  • Барно Анвар

Лариса Турсунованинг айтишича, унинг эри 2005 йили Россиядан қайтаётган пайтда Қозоғистоннинг Чимкент вилояти полициячилари томонидан ушлаб кетилганидан буён бедарак.

Лариса Турсунованинг айтишича, унинг эри 2005 йили Россиядан қайтаётган пайтда Қозоғистоннинг Чимкент вилояти полициячилари томонидан ушлаб кетилганидан буён бедарак.

Озодликка қўнғироқ қилган қашқадарёлик Лариса Турсунова 5 йилдан буён дараги чиқмаётган турмуш ўртоғи Ҳалим Турсуновни топишдан ҳали умид узмаганини, бу борада ўзбекистонлик ва қозоғистонлик тингловчилар кўмагига муҳтож эканини айтади.

"Турмуш ўртоғим бедарак кетди"

Озодликнинг “Эркин микрофон”ига Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Бешкент туманидан боғланган Лариса Турсунова 5 йилдан буён бедарак кетган турмуш ўртоғининг топилишида кўмак сўраб, бизнинг тингловчиларимиз ва Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаатини эшиттиришимизни сўради.

Турсунованинг сўзларига кўра, унинг турмуш ўртоғи Ҳалим Турсунов 2005 йилда Россиядан ишдан қайтаётган пайтида Қозоғистоннинг Чимкент вилояти милицияси томонидан ушлаб қолинган ва шу бўйи бедарак.

- Мен Турсунова Лариса. Адресим Қашқадарë вилоят, Қарши шаҳар, Бешкент тумани, Баҳористон кўчаси 3-уйда яшайман. Турмуш ўртоғим 2005 йил Россияга ишлагани кетган эдилар. 2005 йил декабр ойида қайтаëтиб шериклари: “Эрингни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида милиция ходимлари олиб қолди”, деди. Бир ҳафтадан кейин бу ерда одам жўнатдик. Бир танишимизни жўнатдик. У бориб, бир ҳафтанинг ичида паспортини топиб келди. Бўлди. Фақат паспорти қўлимизда.

Озодлик: Кимдан топибди паспортини?

- Бир Фарҳод деган одамнинг қўлидан топиб келдим, деди. Консулга кирдим, учрашдим. Қозоғистондан “Бу одам йўқ” деб, уч марта хат келди.

Озодлик: Ўзбекистон милицияси нима деди сизга?

- Мурожаат қилдим. “Имкониятимиз йўқ, қидира олмаймиз, Қозоғистон бизлар учун чет эл” дейишди. Мана Озодлик радиоси орқали мен мурожаат қилаяпман, илтимос қилаяпман, кўрганлар бўлса, қидиришга, топишга ëрдам беришларингизни илтимос қиламан. Кўринишлари калтароқ, буғдойранг, ўзи қозоқ башара. Кўзлари қисиқроқ. Чимкентда йўқолган шу одам. Беш йилдан бери йўқ. Менга жуда қийин. Икки болам ногирон, тўшакда қолган. Битта ўзим ишлайман. "Чиқмаган жондан умид" дегандай умид қилган эдим, дейди қашқадарëлик Лариса Турсунова.


"Таъзиямни етказиб қўйинг"

Москва шаҳридаги Домодедово аэропортида 24 январ куни содир бўлган портлаш қурбонлари орасида бир ўзбекистонлик фуқаро - Мамбетов Ўрикбай Раметович борлиги ҳақида берилган хабарлар ортидан Озодликка Жанубий Қозоғистондан боғланган Шоҳруҳ исмли тингловчи қурбон бўлган ўзбекнинг оиласига ҳамдардлигини етказиб қўйишимизни сўради.

- Аэропортда портлашда вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқароси бор экан. Ҳалок бўлган инсоннинг оиласига ўзимнинг ҳамдардлигимни билдирмоқчи эдим. У инсоннинг жойлари жаннатдан бўлсин. Оилаларига сабр тилаймиз. У инсонларнинг охирати обод бўлсин, дея ўз таъзиясини билдирди Жанубий Қозоғистондан боғланган Шоҳруҳ исмли тингловчи.


"Ўзбек футболчиларига омад тилаймиз"

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридан боғланган яна бир тингловчимиз эса 25 январ куни Қатарда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Австралия терма жамоасидан мағлубиятидан дили доғ бўлганини айтар экан, айни пайтда футбол ишқибозлари ва футболчиларни руҳан чўкмаслик ҳамда кейинги ўйинларда янги ғалабаларга чоғланишга чақирди.

- Кеча Ўзбекистон қолди. 6:0 га ютқазди. Абрамовга раҳмат шунчалик олиб борганига.

Озодлик: Хафа бўлмадингизми сиз?

- Энди кўнгил тўлмадию, лекин Ўзбекистон барибир чиқмади-да нимага. 6:0 га қолганига энди одам шарманда бўлиши керак-да. Ҳеч бўлмаса, битта гол урганда ҳам яхши бўларди. Ҳамма жойда ютди. 2:1 бўлди, бошқа бўлди. Мен ўзим қизиқмасдим. Ютгандан кейин қизиқдим-да. Шунчалик бўлдики, яхши даражага олиб борди Абрамов. Унинг отасига ҳам раҳмат. Қисқаси мен миннатдорман. Келажакда яна ўйнайди булар. Шуларга омад тилайман. Ҳеч бўлмаса битта гол уриб қўйишса ҳам хурсанд бўлиб кетаман-да. Аҳолимизга ҳам боғлиқ-да энди. Буларнинг руҳини кўтаришимиз керак. Шунчалик даражага борганига ҳам раҳмат. Ўзбекистон ҳам энди-энди жаҳонга танилаяпти. Бу ëғига омад тилаймиз, дейди сирдарëлик суҳбатдошимиз.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG