Линклар

"Рози" пенсионер топмасанг, аризангни ёз"

  • Садриддин Ашур

Расмийлар ўтмаётган "пластик карточка"ни ўтказишни "аммалаётган" кўринади.

Расмийлар ўтмаётган "пластик карточка"ни ўтказишни "аммалаётган" кўринади.

Фарғона вилоятининг Қўштепа туман соғлиқни сақлаш ва халқ таълими бўлимлари раҳбарлари ўз ходимларига пластик карточкага пенсиясини ўтказишга “рози” бўлган пенсионер топиб келиш ҳақида топшириқ берди. Топшириқни бажармаганлар ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирилди.


Ўзбекистондаги нақд пул муаммоси ўзбекистонлик пенсионерлар ташвишини кўпайтирадиган кўринади. Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани ҳокими топшириғи билан тумандаги шифокорлар ва ўқитувчиларга пенсиясини пластик карточкага ўтказишга рози бўлган биттадан пенсионер топиб келиш мажбурияти юклатилган. Бу ҳақда ўз исмини ошкор этишни истамаган туман касалхонаси шифокори Озодлик гапириб берди:

- Медицина соҳасида ишлаймизда. Битта нарса бўлаяпти район миқëсида. Ҳар бир ишлайдиган одамга “биттадан пластик карточкага одам олиб келасан”, деяпти. “Агарда топиб келмасанг, расчëтингни олиб чиқиб кетаверасан”, деяпти. Докторлар ҳам, ўқитувчилар ҳам, бюджет соҳасида ишлайдиганларга. Соғлиқни сақлаш бўлимининг мудири Ғаниев айтаяптики, “Қайси бири топиб келмаса, аризасини ëзсин. Чиқиб кетаверсин”, деяпти,- дейди шифокор.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ота-онаси пенсионер бўлган шифокорлар учун бу масала сал енгилроқ ҳал бўлмоқда. Фарзанди ишсиз қолишини истамаган пенсионер ота-оналар бунга рози бўлишяпти. Бироқ, ота-онаси пенсия ёшида бўлмаган ёки ота-онасиз бўлган ходимлар учун нотаниш пенсионерларни пластик карточкага ўтказишга рози қилиш қийин бўляпти. Шифокорга кўра, банклардан нақд пул олишнинг иложи бўлмаган ва пластик карточкаларга ҳамма нарсани ҳам сотиб олиш имкони бўлмаган шароитда ҳеч ким пенсиясини пластик карточкага ўтказишга рози бўлмаяпти:

- Бунинг югур-югури борда. Уни ўтказганингиздан кейин 15 фоизга ечтириш керак. Масалан, 100 мингдан 15 минг сўм ечиш учун кетади. Банклар алмаштириб бермайди. Ишлайдиган одамнинг ота-онаси борку. Мажбур ишлаш учун ота-онасига “Ўтмасангиз бўлмайди. Бўлмаса мени ишдан бўшатиб юборади”, деб айтаяпти,- дейди шифокор.

Қўштепа туманидаги касалхонада ишлайдиган бошқа бир суҳбатдошнинг айтишича, шифокорлар пенсионер ота-оналари ва қариндошларини алдаб-сулдаб бир сидра пластик карточкага ўтказиб бўлди, бироқ, раҳбарлар энди яна янги мижозлар топиб келиш ҳақида буйруқ бермоқда:

- Энди ҳаммага чиқиб пенсионер олиб келинглар, дейилаяпти. Пластикка ўтказиш учун шунақа дейилди. Иложи борича битта-биттадан олиб келдик. Ҳозир яна бизга 30та берилибди яна олиб келасизлар деб. Райздравлардан шунақа буйруқ бўлаяпти. Ўша ердан мажлисдан чиқиб шунақа дейилаяпти,- дейди шифокор.

Қўштепа тумани соғлиқни сақлаш бўлими мудири Авазбек Ғаниев Озодлик билан суҳбатда бундай ҳолатлар бўлаётганини инкор қилмади, фақат бу тадбирларнинг мажбурий эмас, балки ихтиёрий тарзда амалга оширилаётганини таъкидлади:

- Мен унақа топшириқ берганим йўқ ака. Бу ҳамма жойда бўлган нарса. Ҳеч қанақа топшириқсиз қилинган. Ҳеч қанақа топшириқ бўлган эмас. Бировни зўрлаганимиз ҳам йўқ. Бу нотўғри нарса,- дейди Қўштепа тумани соғлиқни сақлаш бўлими мудири Авазбек Ғаниев.

Фарғоналик пенисонер Маъруфжон Абдураҳмоновнинг айтишича, расмийлар пенисонерлар нафақаларини пластик карточкага ўтказиш учун уларнинг розилигини ололмаганидан сўнг уларга бюджет ташкилотларида ишлайдиган фарзандлари орқали босим ўтказишга ҳаракат қиляпти. Бироқ, дейди суҳбатдош, ўз ҳуқуқини яхши билган суҳбатдош бунга ҳеч қачон рози бўлмайди:

- Бу гап бу ерда ҳам бор. Масалан, мен ўзимнинг ишим билан солиқ бошқармасига борган эдим. Ўша ердаги қиз “Ҳеч бўлмаса пенсиянгизнинг 30 фоизини пластикка ўтказишга ариза берсангиз” деди. Мен “Банк менинг пенсиямга аралашмасин. Бу пенсия жамғармаси банкнинг тарафини олмасин. Банкдан пластик карточкага ўтказиш бўйича ҳеч қандай қарзим йўқ” дедим,- дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Унинг айтишича, агар пластик карточкалар билан бемалол ишлайдиган инфратузилмалар тузилганда эди, одамларнинг ўзлари ихтиёрий тарзда маошларини ва пенсияларини пластик карточкаларга ўтказган бўлар эдилар.

Бироқ, банкомат деган нарсанинг ўзи бўлмаган, банклардан эса нақд пул олишнинг имкони йўқ шароитда ва энг асосийси пластик карточкалар билан савдо қиладиган дўконлардаги маҳуслотларнинг нархлари бозорга қараганда анча қиммат бўлган шароитда ҳеч қайси пенсионер пенсиясини ўз ихтиёри билан пластик карточкага ўтказишга рози бўлмайди, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG