Линклар

logo-print

АҚШ Миср раҳбариятини ислоҳотлар ўтказишга чақирди


АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон Миср ҳукуматини оммавий норозилик акцияларини тақиқлаш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга, зарур ислоҳотларни ўтказишга ҳамда томонларни зўравонликдан тийилишга чақирди.

- Шу кунда Миср ҳукуматида мамлакат халқининг қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларига жавоб бера оладиган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни ўтказиш учун яхши имконият бор, деган қатъий ишончдамиз, деди АҚШ давлат котиби.

Мисрда намойишчилар билан полиция ўртасидаги тўқнашувларда нобуд бўлганлар сони 5 кишига етди. Чоршанба куни бир намойишчи ва бир полиция ходими ҳалок бўлди.

Икки намойишчи ва бир полициячи сешанба кунги намойишлар чоғида нобуд бўлган эди.

Полиция ҳукуматга қарши икки кундан бери ўтказилаётган норозилик акциялари иштирокчиларидан 860 кишини ҳибсга олди.

Намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар Қоҳира ва Сувайш шаҳарларида рўй берди. Қоҳирада полиция юк машинаси билан оломонни ёриб кириб тарқатишга уринди. Сувайшда намойишчилар маъмурий бинолардан бирига ўт қўйишга уринди.

Асосан ёшлардан иборат намойишчилар 30 йилдан бери Мисрни бошқариб келаётган президент Ҳусни Муборак истеъфосини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG