Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:37

Раштда ЎИҲ аъзоси ўлдирилди


Тожик расмийларига кўра, Мазори Фатҳиддинов Раштдаги жанггарилар сафида бўлган.
Тожик расмийларига кўра, Мазори Фатҳиддинов Раштдаги жанггарилар сафида бўлган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъули Тоҳир Норматовнинг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон Исломий ҳаракат аъзоси Мазори Фатҳиддинов 24 январ куни Рашт водийсининг Тожикобод тумани яқинида ўтказилмиш махсус амалиёт чоғида йўқ қилинган.

Мавлавий Мансур лақаби билан танилган асли тожикистонлик Мазори Фатҳиддинов ўлдирилганига оид хабарни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Бўриев ҳам тасдиқлади.

- 24 январ куни эрталаб Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан биргаликда ўтказган қўшма амалиёти натижасида Тожикобод туманининг Назарак дарасида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзоларидан бири Мазори Фатҳиддинов йўқ қилинди. У ҳарбий таълимни Афғонистон ва Покистоннинг Вазиристонидаги ҳарбий лагерларида олган. Шунингдек, мулла Абдуллонинг ўнг қўли бўлган Фатҳиддинов ўтган йил Камароб дарасида Мудофаа вазирлиги аскарларига уюштирилган ҳужумда ҳам қатнашган, - дея билдирди Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Нозиржон Бўриев.

Миллий хавфсизлик расмийсидаги маълумотларга кўра, Мазори Фатҳиддинов 13 ёшида Тожикистон жанубидан Афғонистонга ўтган ва ўша ерда Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо бўлиб кирган.

Маълумотларга кўра, Мазори Фатҳиддинов 2009 йил ёзида Афғонистондан Тожикистон шарқига ўтиб келган. У 2009 йили Тавилдарадаги ва 2010 йили эса Рашт воқеаларида фаол қатнашган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойларида Рашт водийсида бир гуруҳ жанггари пайдо бўлганига оид хабарлар тарқала бошлаганидан сўнг ҳукумат куч ишлатар тизимлари бу водийга сафарбар қилинган эди.

19 сентябр куни эса Тожикистон Мудофаа вазирлигининг Рашт водийсига юборилган карвони Камароб дарасида номаълум кишилар ҳужумига учраб, унда 28 аскар ҳалок бўлган эди.

Ўша ҳужумдан сўнг мамлакат куч ишлатар тизимларидан иборат катта армия Раштни жанггарилардан тозалаш мақсадида қақшатгич амалиётни бошлаб юборди.

Ўтган йил охирларида Тожикистон Миллий хавфсизлиги мулла Абдулло жанггарилари деярли йўқ қилингани ва бу ҳудудда амалиётлар ниҳоясига етганини расман маълум қилган эди.

Бироқ ўтган ҳафтада журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров Рашт амалиётлари ҳамон давом этаётганини билдирди.

- Раштда мулла Абдулло ва унинг гуруҳини йўқ қилиш амалиёти ҳамон давом этмоқда. Бундан бир неча кун аввал Миллий хавфсизлик қўмитаси билан биргаликдаги махсус амалиётларимиз натижасида Али Бедакий ва унинг гуруҳи йўқ қилинган эди. Мулла Абдуллони тутиш бўйича ҳаракатлар ҳозирча натижасиз қолмоқда. Лекин ишонтириб айтаманки, Раштда сиёсатимизга қарши бош кўтарган жанггарилар битта қолмай йўқ қилинади, - деди Тожикистон Ички ишлар вазири Қаҳҳоров.

Вазир жаноблари, шунингдек, 2010 йил давомида ўтказилган қатор амалиётлар натижасида республика ҳудудида Ўзбекистон исломий ҳаракати, Ал-Қоида ва Ҳизбут-таҳрир ташкилотларининг 120 дан ортиқ аъзоси ҳибсга олингани ва йўқ қилинганини билдирган эди.

Вазир Қаҳҳоров сўнгги йилларда Ўзбекистон исломий ҳаракати республикада, хусусан, мамлакат шимолий ҳудудларида фаоллашаётганини, бу эса, ўз навбатида, мамлакат миллий хавфсизлиги учун таҳдид пайдо қилаётганини таъкидлади.

Эслатсак, ўтган йили Тожикистон тарихида илк бор аёл киши Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзоси сифатида ўлдирилган эди. Ўзини портлатган асли ўзбекистонлик Мухтасар Мирамонова Ўзбекистон исломий ҳаракати Сўғд вилоят бўлими раҳбари Расул Охуновнинг беваси экани айтилади.

Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан бўлган Расул Охуновнинг ўзи эса, маълумотларга кўра, бир неча йил аввал Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан Ўшда отиб ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG