Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:40

Азимжон Асқаровнинг суди февралга қолдирилди


Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг айбдорлигига ҳатто айрим қирғиз расмийлари ҳам ишонмайди.
Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг айбдорлигига ҳатто айрим қирғиз расмийлари ҳам ишонмайди.

27 январ куни Қирғизистон Олий суди Ўш қирғинида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга нисбатан маҳкама жараёнини 8 февралга кўчирди. Бунга Олий суд томонидан Азимжон Асқаров иши юзасидан адвокатлар билдирган эътирозларнинг қабул қилиниши сабаб бўлди.

Азимжон Асқаровнинг адвокатлари Олий судга ўз ҳимоясидаги одамнинг айбсиз эканини исботловчи бир қатор далилларни тақдим этишди. Бу далиллар таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга нисбатан Бозорқўрғон ва Жалолободда ўтказилган маҳкама жараёнларида судлар томонидан қабул қилинмаган эди.

- Адвокатлар топширган иш қоғозлари жиноят ишига тиркалсин ва ўрганилсин. Бу қарор муҳокама қилинмайди ва бу борадаги эътирозлар қабул қилинмайди, - деди судя Перизат Абакирова.

Айни пайтда Олий суд расмийлари Асқаровнинг адвокатлар тақдим этган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш учун вақт керак бўлишини айтиб, маҳкамани 8 февралга кўчирдилар.

Адвокат Нурлан Тўқтақуновга кўра, Азимжон Асқаров Ўш қирғини ҳали бошланмай туриб, муваққат ҳукуматнинг жанубий вилоятлар бўйича махсус вакили Исмаил Исақовга одамларга номаълум шахслар томонидан қурол тарқатилаётгани ва қандайдир жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот берган. Адвокатнинг фикрича, бундай маълумотни ҳукумат расмийсига етказган шахсни Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айблаб бўлмайди:

- Бозорқўрғон судида мен Исмаил Исақовни судга гувоҳ сифатида чақирилишини илтимос қилганман. Ўшанда судя: “Бу ҳимоячиларнинг муаммоси, керак бўлса, уни ўзинглар чақиринглар”, деб рад жавобини беришган эди. Исмаил Исақов катта сиёсатчи, уни мен судга чақира олмайман. Бундан ташқари, май ойидаёқ Азимжон Асқаров Исмаил Исақовга қирғинга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги маълумотларни бераётганига гувоҳ бўлган таниқли одамлар бор. Мен судга уларнинг ёзма кўрсатмаларини ҳам топширганман, - деди адвокат Нурлан Тўқтақунов.

Айни пайтда жабрланувчи тараф Азимжон Асқаровни Бозорқўрғон туманидаги тартибсизликларга раҳбарлик қилгани исботланган, деб ҳисоблайди. Асосан милиция ходимларидан иборат бўлган гувоҳлар Азимжон Асқаровга қарши гувоҳлик бермоқдалар.

Айтиб ўтиш лозимки, 2010 йилнинг 13 июнида Бозорқўрғон туманида юз берган оммавий тартибсизликда иштирок этганликда айбланиб, Азимжон Асқаров билан бир қаторда яна 7 киши судланмоқда.

Улардан 5 нафари, жумладан, Азимжон Асқаров ҳам бир умрлик, қолганлари эса 9 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Айни пайтда бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилган, деб ҳисоблайдилар. Халқаро ташкилотларга кўра, Азимжон Асқаров ҳуқуқ фаоли сифатида мунтазам тарзда милиция ва прокуратура тизимларидаги порахўрлик, маҳбусларни қийноқларга солиниши ва бошқа ноқонуний ҳаракатларни фош этиб келган. “Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Асқаровдан ўч олмоқда”, деб ҳисоблайдилар халқаро ташкилотлар.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ҳам президент Ўтунбаева топшириғи билан Азимжон Асқаров ишини ўргангани ва унинг бегуноҳ экани аниқланганини билдирган эди.

27 январ куни Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти ҳам Қирғизистон Олий судини Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Азимжон Асқаровга нисбатан Бишкекда ўтаётган Олий суд маҳкамасини 26 январдан бошлаб АҚШ, Германия элчихонаси, ЕХҲТ ҳамда кўплаб нодавлат ташкилотлари вакиллари кузатиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG