Линклар

logo-print

Меҳрибон Равшан: "Исломга зид бўлгани учун қўшиқ айтишни ташлайман"

  • Абдулла Искандар

Тожикистонда ҳижобга кирган қўшиқчилар сафи кўпаймоқда.

Тожикистонда ҳижобга кирган қўшиқчилар сафи кўпаймоқда.

Тожикистонда таниқли поп ашуллачи Меҳрибон Равшан қўшиқчилик касбини тўхтатиш истагида. Бунга унинг исломга эътиқоди ошгани сабаб бўлди. Ўтган йили эса душанбелик таниқли ашуллачи Маликаи Саидзод ҳам қўшиқ айтишни тўхтатиб, ҳижобга кирган эди.

"Қўшиқ айтиш исломий ҳаëт тарзига зид бўлгани учун бу қарорга келяпман", деди ҳофиз Озодлик билан суҳбатда.

- Мен бирдан қўшиқ айтишни бас қилганим йўқ, аммо қўшиқчиликни тўхтатиш ниятим қатъий. Мен бу қарорга бир мулланинг даъвати билан эмас, балки қалбим амрига биноан келдим. Мен алҳамдулиллоҳ мусулмонман. Мен санъаткорман ва тариқат йўлидаман. Тариқат йўлида пирга қўл берганман. Қўшиқ айтишни бас қилганим сабаби шуки, мен тўю маракага кўп бораман ва санъаткорнинг хас каби қадри йўқлигини кўраман. Саҳнадан буткул кетиш олдидан бир концерт қилиб мухлислар билан хайрлашаман. Бу концерт фақат Оллоҳни мадҳ қилувчи нолалардан таркиб топади. Ҳамма нарса Худонинг қўлида. Қарорлар ҳам, тилаклар ҳам оҳиста- оҳиста, андак-андак ижобат бўлаверади,- дейди Тожикистонда таниқли поп ашулачи.

Айни пайтда ҳофиз Меҳрибон Равшан тўрт йилдан бери янги йил базмларида қатнашмаслиги ва бу байрамни қутламаслигини ҳам айтди.

Меҳрибон Равшан Тожикистонда исломий сабаб билан қўшиқ айтишни тўхтатган ягона санъаткор эмас. Ўтган йили душанбелик таниқли ашулачи Маликаи Саидзод ҳам исломий эътиқоди боис санъатни тарк қилиб, тақво оламига кирган эди.

Бир пайтлар очиқ-сочиқ юрган Маликаи Саидзод ҳозир ҳижобда. Саидзод Душанбеда исломий либослар сотадиган дўконча очиб тирикчилик қилмоқда.

Исломда мусиқага рўйхуш йўқлиги боис қўшиқ айтишни бас қилган санъаткорлар Ўзбекистонда кам.

Санъаткорлар концертларини уюштириш билан шуғулланадиган тошкентлик Абдулазизнинг Озодликка айтишича, кўп ўзбек санъаткорлари бир вақтнинг ўзида ҳам намоз ўқийди, ҳам қўшиқ айтади. Абдулазизга кўра, яқинда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган Озодбек Назарбеков Ҳизб ут-Таҳрирга аъзоликда айбланиб қамалиб чиққанидан кейин ҳам қўшиқ айтишда давом этган.

Ўтган асрнинг 90-йилларида машҳур бўлган Рустам Ғойипов ҳам сўфилар тариқатига эргашиб пирга қўл бергач, қўшиқ айтмай қўйган эди. Озодлик билан суҳбатда Рустам Ғойипов бу қарорини мана бундай изоҳлаган эди.

- Машҳурликнинг мазаси энди нафс кемиради-да. Одамнинг йўлдан бузилишига, ўзини йўқотиб қўйишига сабабчи бўлади.

Озодлик: Сиз ўзингизни йўқотиб қўйдингизми?

- Ўзимни яқинда топдим-ку. 10 йил бўлди.

Озодлик: Қандай топдингиз?

- Буни энди мен икки оғиз сўз билан тушунтириб бера олмайман. Ижодкорман-ку. Мен уйда қўшиқ айтишга тренировка қилаяпман. Боксëрларнинг “Бой с теню” деган стили бор. Рақибини кўз олдига келтиради-да, "шу билан урушаяпман" деб тренировка қилади. Мен “Саҳнада турибман, залда 5000 нафар одам ўтирибди” деб тренировка қилардим. Кейин бу ўзгара бошлади. Қанақа халқ ўтирибди? Мисол учун, Ўзбекистон халқи ўтирибди, Америка халқи ўтирибди, Қозоғистон халқи ўтирибди. Кейин “кимлар ўтирибди” - Нақшбандий, Аҳмад Яссавий боболаримизга ўхшаган, Ибн Сино, Беруний, 5000 нафар одам бўлса-да, ҳаммаси шунақа бўлса деб фараз қилиб, тренировка қилишим керак эди. Лекин улардан биттаси ҳам концертга келмас эди. Оддий одамлар келган, лекин улардан биттаси ҳам келмади-да концертга. Зални шунақа одамлар билан тўлдириш учун мен шунақа одамлар билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдим. Уларнинг ҳаëтини, фаолиятини ўргандим. Улар келмади. Шу билан “Нима учун уларнинг биттаси ҳам келмади концертга?” деб қизиқиш уйғонди менда. Чуқурроқ ўргандим. Шуларнинг ҳаëтини ўрганиб, уларни яқинроқ таниш билан мен ўзимни таний бошладим. Ўзимнинг кимлигимни била бошладим.

Озодлик: Навоий ҳам “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам” деганда.

- Ўўўўў, Навоий бобомиз, биродар бобо. Алишер Навоий бобомиз ҳам бояги айтганларимнинг қаторида-да.

Озодлик: Сизни ардоқлаган, сизни севган, сизга гуллар тақдим қилган публиканинг сизни унутиб қўйганини ҳам бошдан кечирдингизми?

- Ҳа, кечирдим.

Озодлик: Унутилиш қандай бўлади?

- Бу зўр. Масалан, “ўлмай туриб ўлинг” деган. Ўлиб кўрдим. Бу ҳам зўр бўлади. Чунки бунинг тагида чуқур ҳикмат бор-да. Одамларнинг ҳақиқий юзини кўрдим. Одам бой, машҳур бўлиб яшаб юрганда ҳеч ўзининг юзини кўрсатмайди. Лекин эски чопон, махси калишларни кийиб, кўчама-кўча юриб, тиланчи бўлиб юрганда одамларнинг ҳақиқий юзини кўради одам. Бу ҳикмат, сабоқ, мактаб. Эшон Сўфи Оллоëр раҳматуллоҳи алайҳ. У шу вақтда давлат божхона бошлиғи бўлган-да.

Озодлик: Божгир бўлган.

- Шундай одамга “Тиланчилик қиласиз, шаҳардаги ҳар бир одамнинг эшигини қоқиб, садақа сўрайсиз” деб буюрганлар. Шундай министрдай одам кўчама-кўча юриб, садақа сўрайди. Бир кунда авлиë бўлади, бир кунда... Мана шунақа, дейди Рустам Ғойипов ва мана бу байтларни айтади.

Холиқо!
Қойилман ўз нуқсонима,
Кўб жафо қилдим ўзумни жонима.
Зоти покингдан иноят бўлмаса,
Ҳеч ишончим йўқ амал қилғонима.

Холиқо!
Тўктум ибодат тосини,
Сан тузарсан надани кам-кўсини.
Қулларинг булғонса исëн лойиға,
Оқизурсан мағфират дарëсини.

Эшон Сўфи Оллоëр бобомиз ëзган. Раҳматуллоҳи алайҳ.

Ўтган асрда машҳур бўлган яна бир санъаткор Дониëр Тошмуҳаммедов ҳам диний эътиқоди боис қўшиқ айтишни тўхтатган эди.

"Турналар" қўшиғи билан эл оғзига тушган бу қўшиқчи ҳозир тадбиркорлик билан банд, дейди қўшиқчини яқиндан билган саҳна маъмури Ваҳобжон.

- Юрибди шу киши. Бизнес билан шуғулланиб юрибди шекилли.

Озодлик: Ҳозир ашула айтаяптими?

- Йўқ, ашула айтмаяпти. Машиналари бор деб эшитаман 10-15та. Ўзимизда чиқадиган машиналарни олиб арендага бериб қўйибди дейишади,- дейди Ваҳобжон.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Озодлик билан суҳбатда фақат Ўзбекистонда ижод қилган пайтида ҳажга бориб динга қаттиқ берилгани, аммо Туркияга келгач, бир оз очилиб сочилганини айтади.

- Бу ерда ўтириб Умра, Ҳажларга бориб келиб, бу ердаги тақводорларга қўшилиб сал бўлмаса бир оëғим гўрга кириб қолган эди эртага ўламиз, ундоқ-бундоқ. У ерда энди сал тушунча ўзгарди. Боргандан кейин “Тўхта, ҳали қийинчилик кўрасан”, мен борганда тайëр нарсага бормадимку Туркияга. Қийинчилик кўрдим. Ҳам яшаш керак бу дунëда. Оллоҳ гўзалдир, гўзал бўлайлик. Кийинайлик, ўзимизни ўзимиз яхши кўрайлик. Кейингина у дунëга ҳаракатингни қилиб яшайсан. Мана шунақа фикр ўзгаришлари бўлди. Қон алмашди шекилли ижодимда, - дейди Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова.

Айни пайтда исломий эътиқод санъаткорларни қўшиқ айтишдан тўхтатадиган шлагбаум сифатида кўрилмоқда. Таниқли дин арбоби Обид қори Назаров "Ислом овози" интернет нашрида мусиқага исломнинг муносабатини келтиради.

“Биз мусиқа масаласида аввало мазҳаб уламоларининг сўзларига мурожаат қилайлик. Ҳанафий мазҳаби уламолари мусиқа асбобларининг барча турини ҳаром дейишган. Жумладан, чертиб чалинадиган, уриб чалинадиган, пуфлаб чалинадиган асбобларни улар рад этганлар. Фақат тўйда, никоҳ тўйида чалинадиган доира билан жангда чалинадиган дўмбиранигина ҳалол дейишган. Рақс бўлсин, масхарабозлик бўлсин, чапак чалиш бўлсин, тор чалиш, танбур чалиш, барбат, рубоб, қонун, сурнай, чанг, карнай – буларнинг барчаси макруҳдир. Чунки буларнинг ҳаммаси кофирларнинг одатларидир.

“Доира ва сурнай овозига қулоқ солиб тинглаб туриш ва булардан бошқаларини ҳам эшитиш ҳаромдир. Агар буларни қўққисдан, беихтиëр эшитиб қолса, узрли бўлади. У эшитмасликка ҳаракат қилиши лозим” деб ëзадилар Раддул мухтор мауллифи Ибни Обидин”.

Яна бир таниқли дин арбоби Абдували қори Ўзбекистонда қилган маърузаларидан бирида мусиқани ароқ ичишдан ҳам ҳаромроқ деб баҳолаган эди.

“Мусиқаларнинг зарари, биродарлар, бу маст қилувчи ичимликнинг зараридан каттароқдир, биродарлар. Маст қилувчи ичимлик инсоннинг жасадини ишдан чиқарса, мусиқалар инсоннинг руҳини ишдан чиқаради. Инсон маст қилувчи ичимлик билан жасади маст бўлса, бундай мусиқалар билан унинг руҳи маст бўлиб, ўзидаги шиддат, ружулат йўқола бошлайди. Шунинг учун ҳам одамларни ноҳаққа чақиришлик учун аввал шу нарсадан бошлайди. Бундан кейин унинг руҳи лаззатланади-да, шу билан руҳи ишдан чиқади. Чиқишлик билан маст қилувчи ичимлик рўпарасига келса, бемалол ундан фойдаланаверади.

Фоҳиша ишларни ривожлантиришликда Юнон даврларида ғино мусиқаларидан фойдалантирилган. Аëллар мажлиснинг зийнатига ўхшатиб мусиқалар ишга солиниб, шу билан фисқу-фужурларнинг қулай бўлишига шароит яратилган. Покиза, жуда озода бўлиб турган эр киши, гўдак бола ва аëл киши тўсатдан мусиқа пайдо бўлишлиги билан унинг ўзини тутиши йўқолади, унга фоҳиша, бузуқ ишлар осон бўлади. Худди маст қилувчи ичимликни ичиб олган одам тезда ишдан чиқишлиги осон бўлганга ўхшаган.

Бунга биродарлар, у санъат, уни тушуниш деган нарсалар бу инсониятнинг охири бориб туриб мусиқа шу даражага еткизадики, ҳатто ухлай олмай ҳам қолади шу мусиқани эшитмаса. Шу даражада бўлиб қолади. Ўзидан ўзи шу нарсасиз яшаш мумкин эмас деб тасаввур қилиб қолади. Бу воқеий ҳаëтда ҳам кўриниб турган. Бизга у ақлий далилларнинг ҳожати йўқ. Магар бир ишора қилиб айтиб қўяяпмиз. Бу оятнинг тафсирида Абдуллоҳ ибни Масъуднинг “ғиë” деб тафсир қилганлиги етади. Ҳасан Басрийнинг “Ғино ва Мазомир ҳақида нозил бўлди” деган сўзи етади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларда ва Абу Довуд сунанларида келтирилган ҳадис ҳозирги ўқиб берилган ҳадис бизга етади биродарлар”.

Швециялик диндор Муқимжон Маҳмудовга кўра бу борада диндорлар орасида иттифоқ йўқ.

- Олимлар ҳар хилда. Бир хиллари уни ҳаром дейди, нима деса бўлади ëппасига ҳаром дейди. Баъзилари бор шундай мусиқалар бор дуруст дейди. Айримлари дуруст эмас, айримлари дуруст дейди. Бекор вақт олади дейди. Кейин олимлардан биттаси Ибни Таймия бўлса керак, шу киши эди шекилли, битта қалбда ҳам мусиқа, ҳам Қуръон муҳаббати жамланмайди деган гапи бор. Айримлар ўшани далил қилиб келтиришади. Қуръонга бўлган нимадан тўсади мусиқа дегандек. Ҳар хилда энди хуллас. Баъзилари ҳаромга олиб борадиган мусиқаларни ҳаром дейди, лекин масалан насиҳат ашулалар, нормал лирик ашулалар ë классик ашулаларни дуруст дейди. Ҳар хил олимлар бор энди. Салафийлар асосан ҳаром дейди.

Озодлик: Бу соҳада якдиллик йўғ-а?

- Ихтилофда энди. Динда иккинчи даражали масалаларда ихтилоф кўпку биласизку. Асосий масалаларда ихтилоф йўқ холос. Намоз, рўза, закот, ҳаж дегандай.

Озодлик: Ўзингизнинг қарашингиз қандай? Эркин ижодкорлар, рассомлик, мусиқа.

- Менинг фикрим қанақа бўларди. Мен диндан енгиллик истайдиган одамман. Қаер енгил бўлса, шунисини оламан. Қайсиниси осон бўлса, шунисини оламан. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламда ҳадис бор: Иккита иш турса, осонини олинглар деган, - дейди Муқимжон Маҳмудов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG