Линклар

logo-print

Олмаотада яна икки ўзбекистонлик қўлга олинди


Ўзбек қочқини Дилдора Алимқулованинг айтишича, унинг эри ва қайинукасини ҳужжатлардаги камчиликларни баҳона қилиб ҳибс этганлар.

Ўзбек қочқини Дилдора Алимқулованинг айтишича, унинг эри ва қайинукасини ҳужжатлардаги камчиликларни баҳона қилиб ҳибс этганлар.

25 январ куни Олмаотада яна икки ўзбекистонлик миграция полицияси томонидан қўлга олинди. Маълумотларга кўра, Олмаота шаҳар Турксиб туман ички ишлар бўлими ходимлари ака-ука Суҳроб ва Суннатилло Қўлдошевларни уйидан олиб кетган.


Қўлга олинган Суннатилло Қўлдошевнинг турмуш ўртоғи Дилдора Озодликка Олмаота миграция полицияси ходимларининг ташрифи ҳақида сўзлаб берди:

- Ҳужжатларни сўради. Биз судга ҳали мурожаат қилмаган эдик. Статус отказ қилинганлиги сабабли бизда ҳужжат йўқ эди. Дадасининг (турмуш ўртоғини назарда тутмоқда - таҳр.) паспорти муддати тугаб қолган эди. Қайинукам эса йўқотган. Келинимизнинг қўлида бир ойлик боласи бор. Буларни қолдиришди, мени миграционний полицияга олиб бориб, савол-жавоб қилишди "Нимага ҳужжат қилмагансизлар?” деб, - дейди Олмаотада қўлга олинган Суннатилло Қўлдошевнинг аёли.

Дилдора опа миграция ходимларига янги ҳужжат қилиш учун пули йўқлиги туфайли ҳужжатларни тайёрлашга улгурмаганлигини айтган.

- Миграционний полицияга борганимиздан кейин савол-жавоб қилганидан cўнг болам билан бирга, эримни, қайинукамни битта совуқ хонага киргизиб қўйишди. 15 та эркакни олиб келганидан кейин мени коридорга чиқариб қўйишди, - дея эслайди 25 январ кунги воқеани қочқин аёл.

Олмаота шаҳар суди раиси ака-ука Қўлдошевларнинг аёлларини ҳибс этмаган. Қозоғистон қонунчилиги бўйича бу аёлларда фуқаролик паспорти бўлгани боис қочқинлик мақомини рад этилгани бўйича судга шикоят аризаси бериш ҳуқуқига эга. Бироқ иккала аёлнинг ҳам фуқаролик паспортини миграция полицияси олиб қолган.

27 январ куни Олмаота шаҳар суди Суннатилло ва Суҳроб Қўлдошевларни 30 суткага ҳибсда сақлаш бўйича қарорни чиқарган. Мана шу муддат ичида уларни Ўзбекистонга жўнатиш масаласи кўриб чиқилиши мумкинлиги қўлга олинган қочқинларнинг яқинларини хавотирга солмоқда.

- Шу ўттиз кунни ичида бизни, биринчи навбатда, хотинларини депорт қилиш хавфи кўпроқ экан. Адвокатга пулимиз йўқлиги учун адвокат ололмадик, - дейди қочқин аёл.

Айни пайтда Дилдора опа БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Олмаотадаги ваколатхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилганини айтади.

- Билмадим энди - ёрдам бўладими ёки йўқми... Биз мурожаат қилган эдик “ёрдам беринглар” деб. 26 январда ариза ташлаб келган эдим. Ҳалигача ёрдам бўлмади, - дейди эри ҳибсга олинган Дилдора опа.

Қашқадарёлик Суҳроб ва Суннатилло Қўлдошевлар Олмаотага 2010 йил май ойида оиласи билан Ўзбекистондан қочиб келган. Дилдора опаг кўра, Ўзбекистонда уларга нисбатан тазйиқлар бўлган.

- Битта укасини Ўзбекистонда 14 кунга қамашган эди, яна биттасини 12 кунга. Янги куёв эди қайинукам, тўйи бўлган эди, ўн кунлик эди. Шунга ҳам қарамасдан, операция қилинганига ҳам қарамасдан қамаб қўйишган эди уларни, - дейди Суннатилло Қўлдошевнинг аёли.

Ака-ука Қўлдошевларнинг тўнғич акаси Ойбек 8 ойдан буён Олмаота миллий ҳавфсизлик қўмитасининг тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 9-11 июн кунлари Олмаотада Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан элликдан зиёд ўзбек қочқини қўлга олинган эди. Кейинчалик улардан 20 нафари қўйиб юборилган, қолганлар ҳибсхонада қолдирилган. Аснода бу қочқинларга ҳам Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавф солмоқда.

Шу пайтгача Қозоғистон расмийлари ҳисбхонадаги ўзбек қочқинларидан тўрт нафарини Ўзбекистонга топширди.Улар орасида бир қирғизистонлик ва бир тожикистонлик ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG