Линклар

Нега Европа Каримовни сийладию, мухолифатни тингламади?

Наманганнинг Арабхона қишлоғидаги 92 яшарлик тингловчимиз мана шундай савол қўйди.

- Ўзбекистоннинг мухолифлари борку, шулар Каримовнинг Брюсселга қилган визити бўйича ЕХҲТга шикоятлар қилган эди, танқид қилган эди. Ҳеч қандай қулоқ солинмади шуларга. Мен шунга муносабат билдирмоқчи эдим. Муносабат билдирмаганларини мен шундай тушундим. Мухолифатни ЕХҲТ тан олмаëтган экан-да. Улар энди буларнинг гапига ишонмас экан-да. Улар Каримовга кўпроқ ишонар экан. Улар энди энг охирги нуқта бўлса, Америка давлати, ЕХҲТ эшитиши керак эди. Каримовга тазйиқ ўтказиш керак эди. Ҳеч нарса қилмади-ку? Демак, ишонмас эканда, бу гапларга. Мен шундай деб тушунаяпман. Бошқа одамлар шуни эшитсин, билсин. Мухолифатга шундай саволим бор. Ўтмишда қандай бўлиб келган бизнинг мамлакатимиз. Алишер Навоийдан гаплар борки, "Кимки вафо қилса вафо топқусидур, кимки жафо қилса, жафо топқусидур", - дейди 92 яшар суҳбатдошимиз.

"Ўзбекистонда кризис энди бошланди"

Қашқадарëлик пенсионер мана шундай шикоят қилади.

- Кризис деган нарса энди бошланаяпти бу ерда. Пул танқислиги, кризис энди бошланди, Ўзбекистонда. Пенсионерлар ҳали декабрнинг нафақасини олгани йўқ. Ноябрни энди берди. Декабрни энди мен олган бўлсам, бошқалар олгани йўқ. Мен пенсионерман-да, - дейди қашқадаëрлик пенсионер.

Суҳбатдош гапида давом этиб, пластик карточкалар масаласига ҳам тўхталди:

- Косон туманига борган эдим. Бир киши пластик карточкага ун олган экан. Уннинг нархи нақд пулга 46 минг, визага 60 минг. Икки қоп унни 120 мингга олиб келаяпти. Ўз кўзим билан кўрдим. Пластик карточка билан борсангиз, устига қўйиб сотилаяпти. Пластик карточкага олинадиган нарсалар қиммат, - дейди қашқадарëлик пенсионер.

"Саҳродаги коллеж боришга олис", дейди суҳбатдош.

- Коллежларни қуриб ташлаган янтоқзорларга. Ўзим Қашқадарë телевизорини эшитдим, қарадим. Касби туманида 76та ўқувчи коллежга бормаган. Сабаби беш-олти чақиримга пиëда боролмайди-да. Янтоқзорга, ҳўв чўл жойга қуриб ташлаган коллежни. У ерга ўқувчи бора оладими? Чўлга қуриб ташлаган коллежга ўқувчи борадими? Бормайди. Шамоллайди, совқотади, касалланади. Уни даволашга пул кетади. Ота-онаси ҳам ундай жойга боришига қаршилик қилади-да. Мисол учун мен қаршилик қилишим мумкин, чўлга коллеж қуриб ташлаган жойга, - дейди суҳбатдош ўз гапини якунлар экан.


"Домодедовадаги портлашдан кейин текшир-текшир кўпайди"

деб шикоят қилди Москвадаги емакхоналардан бирида ошпазлик қиладиган асли пайариқлик Дилшодбек.

- Текшир-текшир бўлаяпти.

Озодлик: Олдин ҳам бўлармиди ëки олдингидан кўпайганми?

- Кўчада кўриб қолса, сўрайди документингизни. Ҳозир квартирама- квартира юриб текшираяпти. Портлатганлар кавказликми, чеченликми деб ëтибди, - дейди Дилшодбек.

Дилшодбек уйланишга пул топай деб Москвага келганинини, аммо аҳди- паймон қилган қиз бошқа йигитга турмушга чиқиб кетганидан армонда.

- Эрга тегиб кетди.

Озодлик: Қараб туриш керакда уларга. Пул-мул юбориб дегандай.

- Йўқ, отаси бой, - дейди Дилшодбек.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG