Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:26

Давосда Марказий Осиёга оид ҳисобот очиқланди


Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Марказий Осиё давлатлари иқтисодларини диверсификация қилишни тавсия қилмоқда. Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида ташкилот тақдим этган янги ҳисобот “Марказий Осиёнинг рақобатбардошилик истиқболлари”, деб номланади.


Швейцариянинг Давос курортида ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида 27 январ куни тақдим этилган ҳисоботда айтилишича, ўз иқтисодларидаги йўналишларни кўпайтириш Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодлари рақобатбардошлигини оширади.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ишлаб чиққан ҳисоботда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон иқтисодининг рақобатбардошлигига тўсқинлик қилаётган учта асосий омил сифатида, ишчилар малакаси билан иш кучи бозоридаги талаб ўртасидаги номутаносиблик; кичик бизнес молиявий манбаларининг ўта чеклангани; ва бу мамлакатлар иқтисодларининг энергия секторига тобеъ бўлиб қолаётгани келтирилади.

Турли молиявий институтлар минтақа давлатлари ялпи ички махсулотлари ҳажми ўсиши, хусусан Ўзбекистонда бу кўрсаткич жорий йилда 7 фоизни ташкил этишини башорат қилаётган бўлса-да, тилга олинган муаммоларни ҳал этиш учун бу давлатлар жиддий ислоҳотларни амалга оширишлари лозим, дейилади ҳисоботда.

Бу давлатлар иқтисоди собит ўсишда давом этаётган экан, уларнинг ўз иқтисодини диверсификация қилишига не ҳожат, деган саволни ҳисобот муаллифларидан бири, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Евроосиё дастурлари директори Фади Фаррага бердик.

- Бугун эълон қилаётганимиз рақобатбардошлик истиқболларига оид ҳисоботда Марказий Осиё давлатлари учун иккита асосий мужда бор. Биринчидан, бу мамлакатлар иқтисодлари ҳақиқатан ҳам диверсификация, яъни турли соҳаларга йўналтирилишига эҳтиёж бор. Бунда асосан энергия секторига бўлган тобеъликдан қутулиб, бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириш назарда тутилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон мисолида, ўз иқтисодини энерегия секторидан буриш тавсиясидан ташқари, иккинчи мужда ҳам муҳимдир. Бу эса инсон капитали, яъни мамлакатдаги ишчи кучидан фойдаланишни яхшилаш зарурати бор. Айниқса, кичик ва ўрта бизнес талаб қилаётган малакалар билан таълим соҳаси ишчи кучи бозорига етказиб бераётган малакалар ўртасидаги номутаносиблик муаммосига эътибор қаратиши зарур. Чунки номутаносиблик Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ривожига тўсиқ бўлаётган асосий муаммодир.

Озодлик: Турли ҳисоб-китобларга кўра, бугун Ўзбекистоннинг ишга лаёқатли аҳолисидан 5 миллиондан 8 миллионгачаси мамлакатдан ташқарида бўлса, сиз айтаётган инсон капиталидан самарали фойдаланиш ҳақида гапириш мумкинми?

- Биз ўтказган сўровга кўра, Ўзбекистон мисолида учта асосий муаммо бор. Улар орасида, сиз айтган ишчи кучининг мамлакатдан чиқиб кетиши муаммоси ҳам бор. Лекин бу асосий муаммо эмас. Асосийси Ўзбекистонда мавжуд иш кучи бозорида муайан малакага эга бўлган мутахассисларнинг етишмаслигидадир. Яъни ишчи куч етарлию, лекин унинг сифати етарли даражада эмас. Сизга оддий мисол келтирадиган бўлсам, бугун Марказий Осиё давлатларида информацион технологиялари бўйича 10та одамни ишга олмоқчи бўлсангиз, бешта одам топасиз. Бештасидан учтасидагина малакаси етарли даражада бўлади. Бу мисол Ўзбекистонга ҳам тегишли. Яна бир муаммо, хорижий инвесторлардан билимлар ўзлаштирилмётганидир. Бугун Ўзбекистонда Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан сармоядорлар бор. Лекин Ўзбекистонлик мутахассислар ана шу сармоядорлардан билим ва малакаларни ҳам олганда катта фойда кўрган бўларди. Албатта, сиз айтган иш кучининг чиқиб кетиши ҳам катта ва алоҳида қараладиган мраккаб муаммодир.

Озодлик: Жаноб Фарра, сизнинг ташкилотингиз ва бошқа молия гуруҳлари Ўзбекистоннинг ялпи ички махсулоти жорий йилда ҳам ўсишда давом этиши, 7-8 фоизни ташкил этишини башорат қилмоқда. Дунёдаги анча-мунча давлат бундай натижаларга эриша олмайди. Иқтисод ўсиб турган бўлса, уни диверсификация қилишнинг нима кераги бор?

- Чунки гап ялпи ички махсулотнинг ўсишида эмас. Биз ялпи ички махсулот ўсишини иқтисод рақобатбардошлиги учун омил қилиб танлаганимиз йўқ. Асосий масала меҳнатнинг самарадорлигидадир. Яъни ҳар бир одам меҳнатидан берадиган натижанинг энг юқори чегараси қаерда, деган саволга жавоб топишдадир. Бу ҳозирги самара даражаси ўта паст дегани эмас. Минтақанинг, жумладан Ўзбекистоннинг табиий заҳиралари улкан эканини инобатга олсак, меҳнат самарадорлиги бундан анча юқорироқ бўлиши мумкин, демоқчиман. Агар малака даражаси юқори бўлса, янги технологияларга сармоя ётқизилса, меҳнат самарадорлиги анча юқори бўлади. Меҳнат самарадорлиги эса, иқтисод рақобатбардошлигининг асосий оимлларидан биридир.

Озодлик: Жаноб Фарра, асосий гап ялпи ички махсулот ўсиши эмас, кичик ва ўрта бизнесга етарли шароит яратиш, деяпсиз. Ҳисоботингизда Марказий Осиё давлатларида бизнес муҳити ўта ёмон, деб ёзгансиз. Бу таъкид, айниқса Ўзбекистонга тааллуқли, деса бўлади. Чунки бу мамлакатда кейинги йилларда кичик ва ўрта бизнес қийин кунларни бошдан кечирмоқда. Бунга сабаб Ўзбекистон мустақилликка эршган бўлса-да иқтисодни бошқаришнинг советча усулларидан воз кечгани йўқ. Бундай вазиятда Ўзбекистон ҳукумати иқтисодни диверсификация қила олади, деб ҳисоблайсизми?

- Мен аввалги жавобимга аниқлик киритсам. Ялпи ички махсулот асосий омил эмас, даганимнинг боиси, бу кўрсаткич асосан йирик ширкатлар ҳисобига ошиб боради. Лекин бу ширкатлар кўпчиликка иш бера олмайди. Ўзбекистон учун асосий йўналиш, ва менимча, жорий йилда бу мамлакат тўғри йўлни танлаганга ўхшайди. Чункпи кичик ва ўрта бизнесга эътибор кучаймоқда....

Озодлик: Жаноб Фарра, кечирасиз гапингизни бўламан, кичик ва ўрта бизнесга эътибор кучаймоқда, деяпсизми?

- Бу ҳақда президент Ислом Каримов бир ой аввал гапирдику. Унинг сўзларига кўра, бу йил кичик тадбиркорликка эътибор қаратилиши кутилмоқда...

Озодлик: Кечирасизу, президент Каримов 20 йилдан бери бу каби чиқишларни қилади.

- Мен фақатгина президентнинг бу йилги гапи ҳақида гапира оламан. Шунинг учун биз Ўзбекистон ҳукумати билан ана шу соҳада яқиндан ҳамкорлик қилиш нятидамиз. Чунки биз учун бу тўғри йўналишдир.

Озодлик: Демак, сиз ўз ҳисоботингизда келтирилган барча тавсиялар, хусусан иқтисодни турли йўналишларда ривожлантириб боришнинг Ўзбекистон шароитида имкони бор, деб ҳисоблайсиз. Сизнингча Ўзбекистон ўз иқтисодини диверсификация қила олиши учун яна қача вақт талаб этилади?

- Гап бу Ўзбекистоннинг қўлидан келадими ёки йўқми, деган масалада эмас. Гап Ўзбекистонда бундай имконият борлигида. Бу имкониятдан фойдаланиш эса, Ўзбекистонда қандай ислоҳотлар амалга оширилишига боғлиқ бўлади. Шунинг учун мен Ўзбекистон бу имкониятдан фойдаланиши ҳақида башорат қила олмайман, лекин бу мамлакатда буни амалга ошириш потенциали борлигини аниқ айта оламан. Яна қайтараман бу ислоҳотлар ҳамда ҳукумат билан аҳоли ўртасидаги мулоқотга боғлиқ бўлади.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Евроосиё дастурлари директори Фади Фарра билан суҳбат эди.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ишлаб чиққан “Марказий Осиёнинг рақобатбардошилик истиқболлари” номли ҳисоботи 27 январ куни Давосда Жаҳон иқтисодий форумида тақдим этилди.

Жорий ҳафтада Швейцариянинг Давос курортида бошланган беш кунлик форумда жаҳоннинг сиёсий ва бизнес етакчилари дунё иқтисодини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда.
XS
SM
MD
LG