Линклар

logo-print

А.Брод: Миллатчилар январда 3 кишини ўлдирди


Миллатчи тақирбошларнинг бемаза қовуннинг уруғидай кўпайишига Кремл сиёсати ҳисса қўшди, дейди кузатувчилар.

Миллатчи тақирбошларнинг бемаза қовуннинг уруғидай кўпайишига Кремл сиёсати ҳисса қўшди, дейди кузатувчилар.

Россида январ ойида миллий адоватга асосланган учта қотиллик содир этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори Александр Брод ксенофобия ва миллатчилик руҳидаги ғояларнинг оммавийлашишини ультра-миллатчиларнинг ахборот воситаларидаги фаоллиги билан боғлайди.


Россияда январ ойининг биринчи ярмида миллий адоват негизида 3 киши ўлдирилган, бир неча киши жароҳат олган. 16 январда Москванинг шимоли-шарқида ўлдирилган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳам шулар жумласидан, дейди Озодлик билан суҳбатда Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори Александр Брод.

Ҳуқуқ ҳимоячиси оддий меҳнат муҳожири Россияда мутлақо ҳуқуқсиз эканлиги ҳақида гапирар экан, шундай деди:

- Молиявий ва маъмурий боисм имкониятларига эга бўлмаган оддий одам бюрократик ва суд тизими олдида мутлақо ҳимояланмаган. Буни сезаётган турли миллатчи тўдалар ўз ёвуз ишларини давом эттираверади. Масалан, ўтган йилги рақамларни келтираман: миллий адоват асосида 43 киши ўлдирилган, 303 киши турли оғирликдаги жароҳатлар олган. Бу кўрсаткичлар жамиятимизда ҳал этилмаган ижтимоий муаммолар, махфий хизматлар ва мутассадиларимизнинг бу муаммоларга етарли эътибор бермаётгани билан бевосита боғлиқ,- дейди Александр Брод.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси раҳбари кейинги пайтларда миллий радикаллар Интернет саҳифалари орқали кенг кўламли ғоявий ташвиқот ва тарғибот ишларини кучайтирди, дейди. Бунга Интернет орқали тарқатилган хабар воситасида Манежная майдонида, Останкино паркидаги миллатчи ёшларнинг оммавий чиқишларини мисол қилиш мумкин, дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

Александр Брод бошчилигида қатор россиялик ҳуқуқ фаоллари ҳукуматни ирқчилик ва миллатчилик руҳидаги Интернет сайтларига қарши курашга чақирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси тарқатган маълумотларга кўра, 2009 йилнинг сентябр ойига қадар Россияда миллатчилик негизида 59 киши ўлдирилган, 235 киши жароҳатланган. Бу жиноятларнинг кўпи Москва ва Москва вилоятида содир этилган (25 киши ўлдирилган, 109 киши жароҳат олган). Ирқчилар ҳужумлари кўлами бўйича иккинчи ва учинчи ўринда Санкт-Петербург ва Нижний Новгород шаҳарлари туради.

Биз миллатчилар калтаклаган ўзбекистонлик йигитларлардан бири билан учрашдик. Куни-кеча Москва метросида миллатчи-ёшлар тўдаси ҳужумига учраган Шокиржоннинг айтишича, охирги бир неча ой давомида шаҳарда тақирбош ва миллатчи фанатларнинг сони кўпайиб қолган.

- Китай-городдан энди вагонга кираётганимизда Азамат кўриб қолди-да “Фанатлар турган экан, чиқайлик”, деди. Биз кўрганимиз йўқ, ичкарига кириб бўлган эдик. Улар “О-о, меҳмонлар келибди-да,” у-бу деди. Биз вагоннинг тўғрисига, охирига ўтиб ўтирдик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан қарасак, атрофимизда ўтирганлар секин қочиб боряпти. Улар вагонда 17-18 киши бўлиб кетди. Улар вагон бир четида йиғилишиб ўтирувди-да, дейди Шокиржон.

Миллатчиларнинг энг каттаси 30-35 ёшда бўлса, энг кичиги 15-16 ёшларда эди, дея давом этади Шокиржон.

- Қўлини кўтариб келди. Айтдим “Боллар, керак эмас уруш қилиб”, дедим. Станциягача гап билан у-бу деб ушлаб тураман дедим. Ўхшамади... Бақирмади, индамасдан келиб уриб кетишди. Биз ҳам қараб ўтирганимиз йўқ: самозашита қилдик, сариқ сочлигини ман урдим. Биз билан 3 киши уришдида, қолганлар кутиб турди йиқилишимизни. Лекин барибир уриб ташладик. Ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак-ку. Биттасими-иккитасини қўлида пичоғи бор эди. Кейин чиқиб кетдик Тургеневский станциясида. 30-35 ёшлардаги киши орқамиздан келиб газовий балончик сепишни бошлади... Иккита солдат келиб шу Азаматимизни ушлаб олди. Ўрислар шундан фойдаланиб беш-олти уриб олди, кўзларини кўкартириб юборди. Уни милисага олиб кетишганидан кейин биз ҳам бордик орқасидан. Ташлаб кетмаймизку! Кейин бизларни штраф қилмасдан қўйиб юборди,- дейди метрода миллатчилар тўдасига дуч келиб, калтакланган Шокиржон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG