Линклар

BBC да катта қисқаришлар кутилмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

BBC даги қисқаришлар ўзбек хизматига ҳам таъсир қилиши айтилмоқда.

BBC даги қисқаришлар ўзбек хизматига ҳам таъсир қилиши айтилмоқда.

BBC Жаҳон xизматидаги қисқартиришлар боис радионинг ўзбек тилида узатиладиган эшиттиришлари ҳажми камайиши, xизматда саккиз иш ўрни ёпилиши мумкин. Аввалроқ, BBC Жаҳон хизмати ўз ходимларининг 25 фоизидан кўпроғини қисқартиришини эълон қилган эди.


BBC матбуот хизмати раҳбари Майк Гартнер Озодлик билан суҳбатда радионинг ўзбек хизматига оид ўзгаришлар буларни айтди:

- Ўзбек тилида ҳафтасига 12 соат эшиттириш берилаётган бўлса, энди 7 соатга қисқаради, яъни кунига бир соатдан бўлади. Лекин Интернетдаги фаолиятимиз кенгаяди. Шунингдек, қисқа тўлқинда Афғонистонга ўзбек тилида узатиладиган эшиттиришлар ҳам сақлаб қолинади,- деди Гартнер.

BBC Ўзбек хизмати 1992 йилдан бошлаб ахборот устидан назорат кучли бўлган Ўзбекистонга ўзбек тилида эшиттиришлар бериб келади ва бугунги кунда ўзбек тилидаги саноқли мустақил ахборот манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.

- Бу қисқартиришлар Британия Ташқи ишлар вазирлиги ажратадиган маблағнинг камайгани боис қўйилаётган мажбурий қадамдир. Ҳозир 2400 штат ўрни бўлса, шулардан қарийб 650 иш ўрнини йўқотаяпмниз. Бу 25 фоиз демакдир. Бизга ажратилаëтган маблағлар сезиларли камаяëтган бир пайтда, шундай қадам ташлашга мажбур бўлаяпмиз. Бу афсусланарли ҳол албатта, лекин ўзбек хизмати фаолиятида интернетдаги иштирокимизни оширамиз,- дейди BBC матбуот хизмати раҳбари Гартнер.

BBC Жаҳон хизмати ўз ходимларининг 25 фоизидан кўпроғини қисқартиришини, икки ярим мингга яқин иш ўрнининг 650тага яқини келаси уч йил ичида ёпилишини эълон қилган эди.

Бундан олдин Британия ҳукумати BBC Жаҳон Хизматини молиялашни 16 фоизга камайтиришини билдирганди. Ҳозир BBC Ўзбек хизмати Лондон офисида 10 продюссер ишлайди.
XS
SM
MD
LG