Линклар

logo-print

Ўш ва Жалолобод вилоятларида июн ойида амалга оширилган зўравонликлар сабабларини ўрганган халқаро комиссия ўз ҳисоботини мартда эълон қилади. Ҳисобот Қирғизистонда тинчликни барқарорлаштириш ва ярашув жараёнига ўз ҳиссасини қўшади, демоқда комиссия аъзолари.


Таркибига 7 мутахассис кирган халқаро комиссия июн воқеалари сабабларини ўрганишни октябрда бошлаган эди.

Шу кунда воқеа сабабларини ўрааниш учун зарур, деб топилган материаллар йиғиб бўлди.

Бу маълумотларни Халқаро комиссия раиси, ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили Киммо Килюнен 27 январ куни ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилди.

Килюнен ўзи бошқарган гуруҳ фаолияти тўғрисида ҳисоб берар экан, 25 октябрдан 15 декабргача Ўш ва Жалолободда комиссиясининг ваколатхоналари ишлаганини айтиб ўтди.

- Комиссия июн қирғини қурбонлари ва гувоҳлари бўлган 400 нафар атрофидаги одам билан суҳбатлар ўтказди. Сўралганларнинг 45 фоизи ўзбеклар, 40 фоизи қирғизлардир. Бундан ташқари комиссияга 100 га яқин ёзма ариза келиб тушган, деди Киммо Килюнен.

Комиссия, шунингдек, Қирғизистон президенти, бош прокурори, Ўш вилояти губернатори, Ўш шаҳри мэри, нодавлат ташкилотлар вакиллари, ҳамда июн воқеалари бўйича Миллий комиссия аъзолари билан ҳам учрашган.

Килюненга кўра, комиссия ўз хулосасини ҳаммаси бўлиб 700 га яқин киши билан ўтказилган интервьюлар асосида чиқаради.

Комиссия раиси ўзлари чиқарадиган хулосанинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, жумладан мана бундай деди:

- Албатта, биз максимал даражада холис хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз. Воқеанинг барча сабаларини ўрганиб, ўз тавсияларимизни ҳам берамиз. Кейин ҳисоботимизни ким ўқимасин, ундан холис, объектив маълумотларни топа оладиган бўлади. Баъзи сиёсатчилар хулосада келтириладиган фактлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уриниб кўриши мумкин. Бироқ биз бунга йўл қўймаймиз. Бизнинг ҳисоботимиз жамиятда тинчлик ўрнатилишига хизмат қилади.

Халқаро комиссия раисининг айтишича, ҳисоботда фожеанинг тарихий илдизлари юзасидан ўтказилган тадқиқотлар ҳам ўрин олади.

- Биттагина сабабни кўрсатиш билан чекланиб бўлмайди. Масаланинг тарихий, маданий, сиёсий жиҳатлари бор. Ҳаммасини кўриб чиқамиз. Биз 90 йилдаги воқеаларга тегишли материалларни ўргандик, қиёсладик, таҳлил қилдик. Комиссиямизнинг бир аъзоси Валерий Тишков шу соҳада мутахассис.

Валерий Тишков - россиялик антрополог олим. У ва Килюнендан ташқари комиссия таркибида автралиялик, туркиялик, франциялик, эстониялик ва англиялик олимлар бор.

Халқаро комиссия шу кунларда ўз ишини якунлаш арафасида турибди. Февралда комиссия аъзолари ҳисоботни ёзиш учун Финляндияда йиғилади. Ҳисобот, Килюненга кўра, мартнинг ўрталарида тайёр бўлади ва Қирғизистон ҳукуматига, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ ва МДҲга тақдим этилади.

Ўш ва Жалолобод вилоятларида июн ойида амалга оширилган зўравонликлар сабабларини ўрганган халқаро комиссиянинг мақоми тўғрисида қисқа маълумот:

Киммо Килюненга кўра, комиссия БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш жараёнида тузилган. Лекин тилга олинган уч ташкилотдан биронтаси ҳам мазкур комиссияга ўз мандатини берган эмас.

"Комиссия фаолиятини шимолий давлатлар, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар молиялаштирди", деди Киммо Килюнен.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG