Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:23

Россияда ўшлик ўзбек ҳисбга олинди


Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинганларнинг 80 фоизидан ортиғи ўзбеклардир.
Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинганларнинг 80 фоизидан ортиғи ўзбеклардир.

Россиянинг Свердловск вилоятида Қирғизистон фуқароси Жамолиддин Худойбердиев ҳибсга олинди. У Ўшдаги июн воқеаларига алоқадорликда гумон қилинмоқда. Расмийлар унинг миллатини ошкор қилмади. Лекин Озодлик билан суҳбатлашган ўшликлардан бири унинг ўзбек эканини айтди.


1986 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси Жамолиддин Худойбердиев 2010 йилнинг октябр ойида Россияга келгани аниқланган. Свердловск вилоятининг Нижняя Салда шаҳри миграция хизмати ходимига кўра, Жамолиддин Худойбердиев муҳожирларни қайдга олиш рухсатномасини узайтирмоқчи бўлган.

- 26 январ куни тахминан кундузги 12ларда қўлга олинди. Унинг муҳожирларни қайдга олиш хужжати бўлган. Мана шу хужжатни узайтиришга ариза берган бўлган. Бизнинг базамиз орқали текширилганда, у федерал қидирувда эканлиги маълум бўлди.Шу боисдан қўлга олинди. Айни пайтда у Нижний Тагил шаҳридаги вақтинча сақлаш изоляторида, дея маълум қилди Нижняя Салда шаҳри миграция хизмати ходими.

Свердловск вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Валерий Горелов айни пайтда Қирғизистонга экстрадиция қилиниши кутилаетган ўшлик Жамолиддин ҳақида буларни айтди:

- У ҳақиқаттан ҳам Ўш вилоятининг ички ишлар бошқармаси томонидан Интерпол орқали ҳалқаро қидирувига берилган. Ҳибсга олинган Қирғизистон фуқароси Қирғизистон жиноят кодексининг 97, ҳамда 233 моддаларига асосан, “қотиллик” ва “оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик” бўйича қидирувга берилган. У ҳозир тергов изоляторида. Тергов органлари билан ҳамкорлик қилишни истамаяпти. Айни пайтда Свердловск вилояти ички ишлар бошқармаси, прокуратура ҳамда Қирғизистонлик ҳуқуқ-тартибот идоралари билан уни Қирғизистонга жўнатиш масаласини кўриб чиқмоқдалар, деди Свердловск вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Валерий Горелов.

У Жамолиддиннинг қайси миллатга мансу эканини ошкор қилмади. Лекин Жамолиддинни танишини айтган ўшликлардан бири унинг ўзбек эканини айтди.

Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Шарқ айили аҳолиси ҳақиқаттан Жамолиддин Худойбердиевни танишларини айтишди.

Овозини эфирга бермаслигини сўраган ўшлик суҳбатдошга кўра, Жамолиддиннинг асли касби дурадгор бўлган. У Россияга мунтазам ишлагани бориб келган. Жамолиддин яқинда уйланган эди, дейди суҳбатдошимиз. У Россияда турмуш ўртоғи билан бирга бўлган. Ҳозирда унинг турмуш ўртоғи қаерда эканлиги номаълум. Бироқ Свердловск вилояти прокуратурасининг матбуот хизмати раҳбарига кўра, у ҳибсга олинмаган.

Унинг айтишича, июн воқеаларига алоқадорликда, одам ўлдирганликда айбланаётган Жамолиддин аслида ҳеч қандай тартибсизликларда иштирок этмаган.

Айни пайтда ўшлик Жамолиддин Худойбердиевнинг қариндошлари билан боғланишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG