Линклар

Россияда милиция полицияга айланмоқда


Қонун қабул қилинса, 1 мартдан Россия кўчаларида милиция ўрнига полиция пайдо бўлади.

Қонун қабул қилинса, 1 мартдан Россия кўчаларида милиция ўрнига полиция пайдо бўлади.


Парламентнинг 28 январ кунги йиғилишида бирин-кетин иккинчи ва учинчи ўқишдан ўтган “Полиция тўғрисида”ги Федерал Қонун лойиҳисининг муҳокамаси давомида 600га яқин ўзгартириш кўриб чиқилди, шундан 144таси қабул қилишга тавсия этилди.

Қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, бўлажак полиция ходимининг деярли ҳар қандай вазиятдаги ваколатлари қатъий белгилаб берилди. Лойиҳа муаллифлари фикрига кўра, “Полиция тўғрисида”ги қонун энг аввало орган ходимларининг фаолиятини тартибга солиш ва уларнинг ҳаракатларини аниқ чегаралаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Думадаги ЛДПР партиясининг вакили Андрей Луговой жамоатчилик босими остида қонун лойиҳасига 50ка яқин ўзгартириш киритилганини билдирди. Бу масалада ЛДПР ўз олдига қўйган мақсадларига қисман бўлсада эришди, деди депутат Луговой.

- Биз учун муҳим бўлган масалалар қаторида полиция устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу биринчидан. Иккинчидан, полицияга хос бўлмаган ваколатлардан озод қилиш ва учинчиси, полицияда коррупцияга қарши кураш масаласи. Коррупция масаласида, мисол учун, биз милицияни назорат қилиш функцияларини Федерал хавфсизлик хизматининг бўлинмаларидан бирига топширмоқчи эдик. Афсус, эндиликда полиция ўзини ўзи текширади,- дейди депутат Андрей Луговой.

Россия Давлат думаси ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан муҳокамага киритилган қатор ўзгартиришларни қабул қилгани ҳам маълум бўлди. Луговой полиция устидан Оммавий ахборот воситаларининг доимий мониторинги жорий қилинади, дейди.

- Биласизми, милициямизга бусиз ҳам ортиқча функциялар юклатилган. Бир нима бўлса, ҳамма айб милицияга тўнкалади. Полицияда бундай бўлмаслиги керак. Шунингдек, янги киритилган ўзгартиришларда полиция устидан маҳсус ижтимоий назорат кенгашлари тузилиши ва уни таркиби президент томонидан тасдиқланиши кўзда тутилган, дейди Андрей Луговой.

Депутат Луговой эндиликда полициячилар муҳожирларни назорат этиш бўйича фақат иккинчи даражали назорат органига айланганини, муҳожирлар хужжатларини текшириш билан асосан Миграция хизмати ходимлари шуғулланиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади. 2012 йилнинг январ ойигача полициячилар қатор ваколатларини тегишли давлат органларига топширилиши белгиланган. Жумладан, ноқонуний муҳожирларни маъмурий депортацияси ваколати тўлиқ Миграция хизматига ўтади.

Қонун лойиҳасининг янги таҳририни қабул қилишда бевосита иштирок этган Андрей Луговойга кўра, янги қонунга мувофиқ полиция ходимлари ҳатто ноқонуний норозилик намойиши иштирокчиларига қарши дубинка таёғи ва бошқа махсус воситаларни қўллашга ҳақли эмас. Бу воситалар фақат ҳукумат томонидан берилган махсус руҳсатнома асосида полициячилар томонидан ишлатилади.

Парламент залидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Россия полициячиси ҳибсга олинаётган шахсга унинг ҳақ-ҳуқуқларини тушунтириб бериши, нима учун ҳибс қилинаётгани сабабларини изоҳлаб ва асослаб бериши керак. Ҳамчунин, ҳибсга олинган шахс камида 3 соат давомида битта телефон қўнғироғини қилиш ҳуқуқига эга.

“Полиция ҳақида”ги қонун лойиҳаси ўтган йилнинг август ойидан буён муҳокама этилаётганига қарамасдан, унга қарши чиқувчилар ҳам талайгина. Янги қонунга қарши чиқаётган Россия коммунистлари умуман “милиция”ни “полиция”га ўзгартиришдан фақат бюджет зиён кўришини таъкидлаб, мазкур қонун лойиҳасини “оддий ребрендинг” дея атамоқда. Россия Думаси депутати коммунист Александр Куликов буни шундай тушунтиради.

- Қонун лойиҳаси ғоявий оталари фақатгина ном ўзгартириш мент каби ҳодисанинг йўқ бўлиб кетишига, “Полиция” дегани эса Россия фуқаролари кўз олдида ажойиб Ғарб полициячисини гавдаланишига жиддий ишонмоқда, ўхшайди. Ҳатто Ички Ишлар вазирлиги раҳбарияти бу ребрендингга ярим миллиард рубл, Федерация Кенгаши қўмиталаридан бирининг баҳоси бўйича- деярли 12 миллиард рубл сарфланишини гапирмоқда, дея КПРФ номидан янги қонунга қарши эканлигини билдирди Александр Куликов.

Маълум бўлишича, жума куни эрталабдан Москванинг Давлат Думаси биноси олдида “Полиция тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишига қарши “Сўл фронт” ҳаракати томонидан уюштирилган якка пикетлар бўлиб ўтди. Якка пикетларни ўтказиш учун Қонунга мувофиқ ҳеч қандай рухсатнома керак эмаслигига қарамасдан, Фронт раҳбари Сергей Удалцов ва унинг яна 4 нафар ҳаракатдошлари милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинди, қолган намойишчилар тарқатиб юборилди.

Озодлик Радиосининг рус хизмати хабарига кўра, муҳолифатчилар қонунда полициячиларга керагидан зиёд ҳуқуқлар берилишидан норози эканликларини билдирмоқчи бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Дмитрий Медведев ташаббуси билан 2010 йилнинг августидан сентябр ўрталаригача “Полиция тўғрисида”ги қонуннинг умумхалқ муҳокамаси бўлиб ўтди. Муҳокама натижаларига кўра, парламент қўмиталаридан бири қатор ўзгартиришлар тайёрлаб, 28 январ куни Давлат Думаси муҳокамасига тақдим этди.

Дастлаб жорий йилнинг 1 январидан амалда қўлланилиши кўзда тутилган “Полиция тўғрисида”ги қонун, энди Федерация Кенгаши томонидан маъқуллансагина 2011 йилнинг 1 мартидан қонуний кучга киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG