Линклар

Мисрда норозиликлар янгича шиддат билан давом этмоқда


Мисрнинг йирик шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамасдан, жума намозидан кейин ўн минглаб мисрликлар кўчаларга чиқди.

Мисрнинг йирик шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамасдан, жума намозидан кейин ўн минглаб мисрликлар кўчаларга чиқди.

Мисрда жума куни ҳам президент Ҳусни Муборакка қарши намойишлар давом этди. Намойишчилар полициячилар билан тўқнаш келди. Президент оила аъзолари мамлакатни тарк этди. Мухолифат фаоли, Нобель Тинчлик мукофоти лауреати Муҳаммад ЭлБарадейни ҳибсга олгани айтилмоқда.


Мисрда тўрт кундан бери мамлактани қарийб 30 йил бошқариб келаётган президент Ҳусни Муборак режими шу пайтгача кўрмаган миқёсадаги норозилик намойишлари давом этмоқда.

Чоршанба куни намойишлар ўтказилишига жорий қилинган тақиқларга қарамасдан, Мисрнинг бир неча шаҳрида норозиликлар давом этмоқда. Шу пайтгача намойишлар пайтида 7 киши ҳалок бўлиб, мингга яқин одам ҳибсга олинди.

Жума куни Президент Ҳусни Муборакнинг истеъфосини талаб қилаётган минглаб намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Баъзи хабарларга кўра, Мисрнинг иккинчи йирик шаҳари бўлган Искандарияда ҳам минглаб намойишчилар полиция кучлари билан тўқнаш келган.

Мисрнинг йирик порт шаҳри Суэзда ҳам минглаб одамлар кўчага чиқди.



Президент Муборакнинг рафиқаси Сюзан, ўғли Гамал ва набираси Лондонга хусусий самолётда учиб келганини ғарблик дипломатлардан бири тасдиқлади. Айни пайтда, Миср Мудофаа вазири Муҳаммад Тантавийнинг яширин тарзда Қўшма Штатларга учиб кетгани айтилмоқда.

Пайшанба куни Қоҳира ва бошқа шаҳарларда минглаб одамлар иштирокидаги намойишлар давом этаётган пайтда, Халқаро атом энергияси агентлигининг собиқ раҳбари, Нобель Тинчлик мукофоти лауреати ва мухолифат фаоли Маҳаммад ЭлБарадей пойтахтга учиб келди мамлакатдаги “сиёсий ўзгаришлар жараёнини бошқаришга” тайёрлигини маълум қилди.

Олинган сўнгги хабарларга кўра, пойтахт Қоҳира ва бошқа шаҳарларда жума намозидан кейин кўчага чиққан минглаб намойишчилар орасида бўлган Муҳаммад ЭлБарадей расмийлар томонидан ҳисбга олинган.

Воқеалар гувоҳларига кўра, Қоҳира марказида рўй берган тўқнашувларда полиция намойишчиларга қарши елим ўқлар, кўз ёш чиқарувчи газ ва сув пургачиларни ишга солган.

Хабарларга кўра, шу пайтгача намойишларда фаол иштирок этмай келган Мусулмон биродарлиги исломий мухолифати ҳам жума кунги чиқишларда фаол қатнаша бошлаган.

Нарх-наволарнинг ошаётгани, ишсизлик кўпяётгани ва авторитар ҳукуматдан чарчаган мисрликлар сешанба кундан бери аксил-ҳукумат намойишларини уюштириб келмоқда.

Пайшанба куни АҚШ Президенти Барак Обама Ҳусни Муборакни намойишчиларга қарши куч ишлатмасликка чақирди.

- Зўравонлик мисрликлар олдидаги муаммоларни ечиш ўрнига жавоб бўлмаслигига умид қиламан. Бу мамлакат раҳбарияти шу тобда куч ишлатиш ўрнига халқнинг ғамини ейиши керак,- деди Барак Обама.

Мисрдаги намойишларнинг Тунисда президент Зайн ул-Обидин Бин Алининг 23 йиллик иқтидордан кейин ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган норозиликлардан илҳом олгани айтилмоқда. Мисрдаги намойишлар ташкилотчилари Facebook ва Twitter Интернет тармоқлари орқали одамларни ҳукуматга қарши чиқишга чақирди.

Сўнгги хабарларга кўра Миср расмийлари, жума куни мамлакат бўйлаб Интернет ва мобил алоқласини бутунлай ўчириб қўйган.

83 яшар Ҳусни Муборак Мисрни 1981 йилдан бери бошқариб келади. Унгача Анвар Саддат президентлик даврида вице президент бўлган Муборак салафи суиқасд қурбони бўлганидан кейин иқтидорга келган ва ўшандан бери ўтказилган тўртта сайловда қайта сайланган. Муборак жорий йил кузда ўтказилиши кутилаётган президентлик сайловида қатнашиш ниятида эканини ҳам баён қилган.

Муборакнинг иқтидори даврида ҳокимият тизимларидаги коррупция даражаси кескин ошгани айтилади. Айниқса, Муборак режимининг иқтидорда қолишини таъминлайдиган куч ишлатар идораларда коррупция чуқур илдиз отган. Transparency International ташкилоти Мисрни энг коррупциялашган давлатлар рўйхатига қўшган.
Ҳусни Муборак авторитар президент сифатида ўзига мухолиф бўлган кўплаб сиёсатчилар ва ёш фаолларни қамоққа ташлаган. Миср инсон ҳуқуқлари вазияти энг яанчли бўлган мамлакатлардан бири ҳсиболанади.
Намойишчиларни қўллаб қувватлаётган Муҳаммад ЭлБарадей Миср мухолифатининг нуфузли вакилларидан ҳисобланади. 1997-2009 йилларда Атом энергияси халқаро агентлигига раҳбарлик қилган ЭлБарадей бу лавозимда кўрсатган хизматлари учун 2005 йилда Нобел тинчлик мукофотига сазовор бўлган.

ЭлБарадей жорий йил кузда бўладиган президентлик сайловида қатнашиш истагини билдирмаган бўлса-да, Мисрнинг дунёвий мухолифати уни Ҳусни Муборакка рақиблик қиладиган номзод сифатида кўриши айтилади.

Ўтган йили Муҳаммад ЭлБарадей Қоҳирадаги уйида мисрлик зиёлилар билан учрашиб, “Ўзгаришлар учун миллий уюшма” номли сиёсий ҳаракатга асос солган эди. Бу ҳаракат Мисрда эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш ғоясини ёқлашни ўз олидга мақсад қилиб қўйган.
XS
SM
MD
LG