Линклар

"Алихўжа Хўжаали бўлган билан ҳеч нарса ўзгармайди"

  • Садриддин Ашур

Каримовнинг республика вилоятларига сафар қилиши одатда бу вилоятда кадрлар ўзгариши билан тугайди.

Каримовнинг республика вилоятларига сафар қилиши одатда бу вилоятда кадрлар ўзгариши билан тугайди.

Президент Каримовнинг Самарқандга борганидан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, бир қатор туманлар прокурорлари ишдан олинди. Бироқ кузатувчилар бир бошлиқ ўрнига бошқасининг келиши билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида бирор ўзгариш бўлишига шубҳа билан қарайди.


Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Ўктам Барноев ўтган йилнинг 17 декабрида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг сессиясида Президент Ислом Каримовнинг танқидига дучор бўлиб, ишдан олиниши ортидан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари ҳам бирин-кетин ишдан олина бошлади.

Биринчилардан бўлиб вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Ғайрат Қодиров лавозимидан четлатилди. Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячиси Маматқул Мухторов президент вилоят ҳокимини ишдан олишидан олдин, республика прокруатурасининг махсус комиссияси вилоятдаги ҳуқуқ тизимларини текширувдан ўтказди ва вилоят ҳокимидан кейинги биринчи нишон вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодиров бўлди дейди:

- Ғайрат Қодиров эди. Уни биздан олиб ташлади. Хуллас айтмади нимага олганлигини. Кўп милицияларни қамади. 20таси қамалди пора олиб милицияларнинг. Мажлисда ҳам Каримов айтдику, “20та милиция қамалибди қарамайсан. Ҳоким ҳам қарамайди” деб айтди. Шунинг учун астагина ишдан бўшаб кетди Барноев. Судлар ҳам порахўрлик қилаяпти, прокурорлар ҳам. Прокурорлар ҳаммаси қарамайди у ëққа, бу ëққа. Бир киши беш сўм берадими, 10 сўм берадими, 100 сўм берадими ҳаммаси шу пул олгани даромад. Ҳақиқат, адолат деган нарса йўқ,- дейди Маматқул Мухторов.

Суҳбатдошга кўра, Самарқанд вилояти ички ишлар тизимида коррупция ҳаддан ташқари чуқур томир отган эди:

- Милицияда еттинчи, тўртинчи отделениенинг бошлиқларининг ҳаммаси алмаштирилди. Нима учун алмаштирилди? Булар ишламайди. Ичкаридан қулфлаб олади. Ташқарига чиқмайди ҳам. Самарқандда ГУВДмиз бор. ГУВДда фақат порахўрлик. Битта Нортожиев деганимиз бор терговнинг бошлиғи. Фақат одамларни алдайди, ëлғондан гапиради. Алдаб пулини олади фақат. Бир жойда ўғирлик бўлди десак, уни бориб кўрадида “Бу 82 модда 3 қисм билан бекор қилинади” дейди. Ие, ўғирлик ҳам бекор қилинадими? Бекор қилиб ҳаммани бекор қилиб ëтибди. Битта делони топширганимга етти йил бўлди. Бир терговчига буюрган эди, терговчи ҳам қамалиб кетди. Жанжал бўлиб ëтибдида ҳамма жойда,- дейди Маматқул Мухторов.

Самарқанд шаҳри ва вилояти Ўзбекистонда қонун поймол этилиши ҳоллари энг кўп учрайдиган ҳудудлардан бири саналади, дейди кузатувчилар. Исми сир қолишини сўраган собиқ милиция зобитига кўра ички ишлар тизими бошдан оёқ коррупцияга ботган. У ички ишлар тизимидаги коррупция тизимини турларга бўлиб бундай дейди.

- Биринчи, коррупция қандай бўлади? Мисол учун ариза, шикоят билан тушадиганлар агар орқасида яхши таниши бўлса, сўралмайди Ҳеч кими йўқ одамлар, камбағал бева-бечоралар учун шикоятга ўрин йўқ. Жиноят қилган томон маҳкамроқ бўлса, пулини олиб ëпиб юборади делони,-дейди собиқ милиция зобити.

Суҳбатдошга кўра, бугун туман ички ишлар бўлимига бошлиқ бўлиш учун камида 25-30 минг доллар пора берилиши керак:

- Катта бошлиқли лавозимларга албатта берилади. Берилмаса, ўтказмайди. Республика прокуратурасида ëки Ички ишлар вазирлигида таниш-билиши бўлса, танка дейдику, бўлмаса ўтказа олмайди. Бериладиган нимаси ҳам ичида. У қуруқ оғзаки илтимос билан бўлмайди. Берилади, албатта берилади. Вилоят началниги лавозимига, менимча, 50 миллионгача берилади. Кейин бу ëқдан топишнинг йўллари бор. 25-30 минг доллар атрофида берадида,- дейди собиқ милиция зобити.

Учинчидан, дейди суҳбатдош, милицияда кадрлар лаёқатига қараб эмас, балки бериладиган пора миқдорига қараб ишга тайинланади:

- Звание учун само собой кадрларга 2-5 миллионгача харажат қиладилар. Мана бу кадровий вопрос билан шуғулланадиганлар, янги лавозимга ўтирадиганлардан албатта 2000 доллардан 5000 долларгача олаяпти. Ўқишни битириб келганларники ҳам шунақа нимаси бор, олади барибир. Олмаса қўймайди. У бечора кейин юради сарсон бўлиб. Айниқса кадрлар масаласида анча авж олиб кетганда бу,- дейди собиқ милиция зобити.

Uzmetronom.com интернет газетаси хабарига кўра, Самарқанд вилояти прокурори ҳам ишдан бўшатилган. Бироқ вилоят прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими бу хабарни инкор этди. Унга кўра, прокурор Бахтиёр Мирмуҳаммедов ўз ўрнида ишлаяпти:

Озодлик: Вилоят прокурори ишдан олинибди, деган хабар эшитдик. Шуни сўрамоқчи эдик.

- Йўқ, у киши ишлаяпти ака.

Озодлик: Аниқ, ишлаяптими?

-Ҳа,- деб жавоб берди Самарқанд вилоят прокуратурасининг ходими.

Бироқ, Самарқандлик кузатувчи Мансур Асадов вилоят прокурорининг ҳам вазифасидан бўшатилгани ҳақидаги хабар ҳақиқат дейди.

-Вилоят милиция бошлиғи ҳам кетган, прокурор ҳам кетган.

Мансур Асадовга кўра, милиция бошлиқларининг ёки прокурорларнинг ўрни алмашган билан ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди, чунки бу тизимнинг ўзи ҳозир коррупциясиз яшай олмайди:

- Алихўжа Хўжаали бўлгани билан ҳеч нарса ўзгармайди.Тузумнинг ўзида адолат йўқда. Булар халққа хизмат қиладиган ëки халқ ҳуқуқини ҳимоя қиладиган одамлар эмас. Шундай деб тушунаман мен. Қилса бўлади лекин. Бор ораларида. Лекин система бунга йўл қўймайди. Ҳозирги тузум уларнинг тўғри ишлашига йўл қўймайди. Системанинг ўзи коррупциялашган системада. Иложи йўқ. Бошқача тузум эмасда бу. Коррупцияга мослашган тузум бу. Бошқача яшай олмайди энди. Пора пастдан юқоригача бериладида энди. Олмаса ишлай олмайди, бермаса ишлай олмайди, -дейди самарқандлик кузатувчи Мансур Асадов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG