Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:27

Милицияни ҳам тарбияласа бўлади!


Айиққа балалайка чалишни ўргатган, милицияни тарбиялаб бўлмайдими, дейди тошкентлик журналист.
Айиққа балалайка чалишни ўргатган, милицияни тарбиялаб бўлмайдими, дейди тошкентлик журналист.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги академиясида инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс марказ очилди. Ресурс маркази очилиш тантаналарида ЕХҲТнинг Тошкентдаги вакили Иштван Венсел, Ўзбекистон республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов қатнашди.


Ўзбекистон миллий ахборот агентлигига кўра, ресурс марказида ички ишлар ходимлари учун семинарлар ўтказиш, уларни инсон ҳуқуқлари борасидаги рангин китобчалар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Ўзбек милиционерларини китобчалару, семинарлар воситасида қайта тарбиялаб бўладими?

Ўзбек милиция зобити ЕХҲТ семинарларида қатнашгандан сўнг зеҳнияти ўзгариб, маҳкум ва маҳбусларни қийнашни бас қиладими?

“Ўзбек милиционерини албатта қайта тарбияласа бўлади. Ўзбек милиционери xулқини яxши томонга ўзгартирса бўлади. У ҳам одам, одам сифатида уни рус миршаби ва АҚШ полициясидан фарқи йўқ”, дейди тошкентлик журналист Владимир Березовский.

- Ҳеч нарса қилмагандан кўра уларни тўплаб тушунтирганимиз дуруст. Ҳеч бўлмаганда ўзбек милиционерини ЕХҲТ семинарлари ëрдамида одамлар билан хушмуомала бўлишга ундаганимз дуруст. Зора ўрганишса. Ўзбек милиционерининг эгнидаги кийимини ечиб қўйсангиз, сиз билан биз каби оддий бир одам. Агар унга тушунтирсак, тарбияласак, ўзгаради. Қаранг ҳатто циркда айиқларни балалайка чалишга ўргатишадику. Фақат ЕҲҲТнинг семинарлардан нари ўтмагани ëмонроқ. Туб ислоҳотларни талаб қилиш ўрнига фақат семинарлар ўтказиш ЕХҲТ фожиасидир,- дейди Березовский.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов милиционерларни семинарлар ëрдамида ўзгартириш мушкул, деган фикрда.

- Масалан, милиция ходимлари билан жуда кўп учрашганман. Мана шу масала бўйича гапирилган. Битта нарса борки, биласизми булар қийноқни ëки калтакни кўпчилигининг фикрида ўйлашадики, буни қўллаш керак деб. Масалан мен бир зобит билан гаплашганимда, менга шундай деяптики, “Мана қаранг. Битта одам бир қизни зўрласа ëки ўғирлик қилса, қандай нима қилардингиз сиз? Жим турармидингиз? Шунинг учун бизлар мажбурмиз уларни уришга” дейди. Кўрдингизми, буларнинг қонига кириб кетган бу нарса.

Ëки тергов ишлари бўйича ишлайдиган тезкор битта зобит айтаяптики, “Шахсан мен бир неча марта шунақа воқеа бўлди, мен мажбур бўлганман бир одамни сўроқ қилаëтганда калтаклашга. Нимагаки беш одам катта ўғирлик қилишган, одам ўлдиришган. Шериклари қочиб кетган. Агар шуни қийнамаганимда, барибир айтмасди шерикларини. Шериклари узоққа қочиб кетмади. Қийноқ орқали билдик, ҳаммасини қўлга олдик” дейди. Шунинг учун буни тўғри деб биладиганлар бор.

Озодлик: Ўшаларни Тошкент шаҳрида Ички ишлар вазирлиги академиясига чақириб инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс марказида семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиб тарбиялаб бўладими буларни?

- Жуда ҳам қийин бу. Биласизми буни булар академияга киргандан бошлаб бошлаш керак. Қийноқлар мумкинмаслиги, буларни умуман ўқитишни бошидан бошлаш керак. Курсантлик пайтидан инсон ҳуқуқлари дарслигини киритиш керак. Инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳамма ҳужжатлар билан булар таниш бўлиши керак. Халқаро қонунларни, ҳамма қонунларни ҳурмат қилиши керак, дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромов назарида бутун ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш лозим. Бундай ислоҳотнинг энг самарали намунаси Грузияда кўрилди. Грузия ички ишлар тизимлари ўта шаффоф ҳолга олиб келинди. Грузиядаги ҳар бир терговчи хонаси кузатув камералари билан жиҳозланган. Суръат Икромов назарида айнан шундай усулгина самара бериши мумкин.

- Булар қаерда қийноқ ўтказишади? Ë қамоқхонада ëки тергов изоляторида. У ерда ҳаммаси милиция ходимлари. Бирорта бегона одам йўқ буни кўрган. Биз буни қаердан биламиз? Мазаси қочиб қолгандан кейин ëки бошқа нарса бўлгандан кейин бизларга маълум бўлади. Ëки қийноққа учратилган одам уни гапириб беради. Шунинг учун шунақа ҳамма жойларда видеокамералар қўйиш керак. Қамоқхона ичида бошқа бегона одамлар бўлмайдику. Буни ҳеч ким кўрмайди. Кимдир кимнидир қийнагани тўғрисида булар бир-бирига етказмаслиги мумкин. Шунинг учун видеокамера албатта бўлиши керак. Камералар бўладими, тергов изоляторлари бўладими, ҳаммасини кузата оладиган инструментлар керак. Ўшандан бошлаш керак. Қанақадир семинарлар билан бу қийноқлар тўхтаб қолишига ишонмайман,- дейди Суръат Икромов.

Хивалик инсон ҳуқуқлари фаоли Ҳайитбой Ëқубовга кўра Ўзбекистон Ички ишлар академиясида инсон ҳуқуқлари ресурс маркази очилгани яхши.

- Бу жуда зарур нарса. Биринчидан, ўзларининг илмий фикрларини, қолаверса, халқаро қонунларни ўрганишда, бошқа қонунларни ўрганишда уларга имконият яратилган деб ҳисоблайман, дейди Ҳайтибой Ëқубов.

Жаслиқ қамоқхонасидаги зобитни Тошкентга чақириб маҳбусларни қийнамаслик ҳақида семинардан ўтказган самаралими ëки буйруқ билан “маҳбусларни қийнама” дейишми?

Бу саволга жавоб берган Ҳайитбой Ëқубов ўзбек миршаблари зеҳнияти ўзгариши қийинлигини яхши англайди.

- Энди биратўла сразу ўзгармайди. Ҳақиқатан ҳам юқоридан берилган буйруқ бўлиши керак. Агат буйруқ бўлса, ўзгаради деган бир нарсани кутиш мумкин. Лекин уларнинг ҳам виождонига ҳавола,- дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ортиқова ички ишлар академиясида инсон ҳуқуқлари ресурс марказининг тузилишини олқишлайди.

- Мен жуда хурсандман. Унақа тадбирлар ўтказилса, демак, инсон ҳуқуқлари бўйича, умуман инсон ҳуқуқлари Ўзбекистонда асосий тамойил ва асосий ҳамма ислоҳотлар, жамият, давлат ҳамма ҳаракатлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган албатта. Буни ўзингиз ҳам биласиз жуда яхши. Ҳамма жараëнлар шунга бағишланган. Мен жуда хурсандман Ички ишлар вазирлиги академиясида шунақа марказ очилган бўлса. Шунақа тадбирларни ўтказган бўлса, бошим осмонга етди,- дейди Светлана Ортиқова.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ички ишлар вазирлигидаги ресурс маркази Ўзбекистон республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан ҳамкорлик қилиши айтилади. Айни пайтда марказнинг ўзини Санжар деб таништирган ҳодими бундай ҳамкорликнинг деярли йўқ эканига ишора қилди.
XS
SM
MD
LG